Жорий йилда Ақтўбе вилоятида 353 млрд тенгега яқин маҳсулот ишлаб чиқарилди
ASTANA. Kazinform – Қишлоқ хўжалигини янги босқичга кўтариш мақсадида 2025 йилда Ақтўбе вилоятида қишлоқ хўжалигини қўллаб-қувватлаш учун 15 миллиард тенге ажратилди. Бу ҳақда Ақтўбе вилояти ҳокими Асхат Шахаров Марказий коммуникациялар хизматида ўтказилган матбуот анжуманида маълум қилди.
Вилоят ҳокимининг таъкидлашича, давлат томонидан қўллаб-қувватланаётгани самарасида қишлоқ хўжалигида ижобий динамика сақланиб қолмоқда. Жорий йилнинг 10 ойида вилоятда жами 353 миллиард тенгега яқин маҳсулот ишлаб чиқарилди. Шундан чорвачилик 171,8 миллиард тенге, экинчилик 177,6 миллиард тенгени ташкил этди.
“Чорва моллари сони ўтган йилга нисбатан 7 фоизга ошди. Жумладан, қорамол - 100,7 фоиз, қўй - 105,3 фоиз, от - 113,1 фоиз, туя - 108,6 фоизга етди. Шунингдек, Шимолий Қозоғистон вилояти тажрибасини амалиётга татбиқ этиш доирасида “АЙС” сут-товар фермасини кенгайтириш учун 2,5 фоиз ставкада 7,5 миллиард тенге имтиёзли кредит ажратилди. Айни пайтда хориждан 800 бош қорамол келтирилиб, лойиҳанинг биринчи босқичига старт берилди. 1600 бош қорамол тўлиқ топширилгач, вилоятда сут ишлаб чиқариш қўшимча 20 минг тоннага ошиши кутилмоқда. Бу Ақтўбе вилоятини қайта ишланган сут билан таъминлаш даражасини 62 фоиздан 90 фоизга ошириш имконини беради”, – деди у.
Шунингдек, брифингда Асхат Шахаров “Кенг дашт-2” дастури доирасида ўсимликчиликда баҳорги экиш ва кузги ҳосил йиғим-терими учун 5 фоиз ставкада 5,9 миллиард тенге имтиёзли кредит ажратилганини таъкидлади. Натижада жорий йилда 554 минг тонна ҳосил олинди. Бу ўтган йилга нисбатан 40 минг тоннага кўп (2024 йилги ҳосил 515 минг тонна).
“Жорий йилда қишлоқ хўжалигига сармоя жалб этиш бўйича 11,5 миллиард тенгелик 6 та лойиҳа амалга оширилди. Шунингдек, «Ауыл Аманаты» лойиҳаси доирасида 16,4 миллиард тенгелик 2883 та лойиҳа молиялаштирилди”, – дейди Асхат Шахаров.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Жорий йилда Ақтўбе вилояти иқтисодиётига 892 млрд тенге сармоя киритилгани ҳақида хабар берган эдик.