Жетису вилоятида кинологларни илмий қўллаб-қувватлаш бўйича миллий марказ очилади
ASTANА. Кazinform – Давлат раҳбари Халқаро кинология федерацияси президенти Тамаш Яккелни қабул қилди, деб хабар беради Ақорда матбуот хизмати.
Учрашувда қозоқи ит зотларини сақлаб қолиш ва барқарор генетик фондни шакллантиришда халқаро федерация билан ҳамкорлик истиқболлари муҳокама қилинди.
Қасим-Жомарт Тоқаев қозоқ този итини тан олишдаги ижобий ҳиссаси учун Тамаш Яккелга миннатдорчилик билдирди. Ушбу қарор 2024 йилда Амстердамда бўлиб ўтган Халқаро кинология федерацияси (FCI) Бош қўмитасининг йиғилишида қабул қилинди.
Давлат раҳбарининг сўзларига кўра, този ва теват зотларини сақлаб қолиш нафақат кинологик нуқтаи назардан, балки анъанавий турмуш тарзи билан чамбарчас боғлиқ тарихий ва маданий қадрият сифатида ҳам алоҳида аҳамиятга эга. Ит қозоқ халқининг дунёқарашидаги етти хазинадан бири ҳисобланади.
Тизимли ишлар натижасида бугунги кунда Қозоғистон Кинологлар иттифоқининг Ягона зотдор итлар китобида 4 мингга яқин тозилар рўйхатга олинган. Тегишли қонун ҳужжатлари қабул қилинди.
Бундан ташқари, яқинда Жетису вилоятида селекция ишлари билан шуғулланадиган ва ит боқувчиларга илмий ва кинологик ёрдам кўрсатадиган Миллий марказ очилади.
Халқнинг бебаҳо хазинасини улуғлаш мақсадида, бу йилдан бошлаб 3 сентябрь Қозоқи този ва теват куни сифатида нишонланади.
Ўз навбатида, Тамаш Яккель Давлат раҳбарига қозоқи ит зотларини сақлаб қолишга кўрсатган алоҳида ғамхўрлиги учун миннатдорчилик билдирди.
Шунингдек, у Президентга дунёнинг 100 мамлакатини бирлаштирган FCI фаолияти ҳақида маълумот берди.