Ўзбекистон ТУРКСОЙ тузилмаси ва фаолият кўрсатиш принциплари тўғрисидаги шартномага қўшилади
Қайд этилишича, Халқаро туркий маданият ташкилоти – ТУРКСОЙнинг асосий мақсади туркий тилли мамлакатлар ва халқлар ўртасидаги ўзаро тушунишни яхшилаш, кўп томонлама маданий алоқаларни янада ривожлантириш ва мустаҳкамлаш, бўлажак авлодларни миллий маданият манбалари билан таништиришдан иборат.
Маълум бўлишича , 1993 йил 12 июлда Алмати шаҳрида тузилган «ТУРКСОЙ тузилмаси ва фаолият кўрсатиш принциплари тўғрисидаги шартнома» олтита мамлакат томонидан имзоланган бўлиб, ташкилотнинг таъсис ҳужжати ҳисобланади.
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати ўттиз тўртинчи ялпи мажлисида «ТУРКСОЙ тузилмаси ва фаолият кўрсатиш принциплари тўғрисидаги шартномани (Алмати, 1993 йил 12 июл) ратификация қилиш ҳақида»ги қонун кўриб чиқилди.
Видеоконференцалоқа форматида бўлиб ўтган ялпи мажлисда Ўзбекистон мазкур ташкилот билан ҳамкорлик бўйича бой ва самарали тажриба тўплагани таъкидланди.
Сенат Раиси Танзила Норбоева шартноманинг ратификация қилиниши Ўзбекистоннинг ҳамкор мамлакатлар билан маданий-гуманитар ҳамкорликни изчил мустаҳкамлашга содиқлигининг яна бир далили бўлишини қайд этди.
Қонун сенаторлар томонидан маъқулланди.