Йил охиригача “Қозоғистон болалари” ягона дастури қабул қилинади

ASTANА. Кazinform – Сентябр ойидан бошлаб Алмати вилоятида “Қонун ва интизом” пилот лойиҳаси амалга оширилади. Бу ҳақда ҚР Таълим-маориф вазири Ғани Бейсембаев маълум қилди.

Ғани Бейсембаев
Фото: Ағибай Аяпбергенов/ Kazinform

– Қўшимча таълимга тўхталадиган бўлсак, август ойидан бошлаб молиялаштиришнинг шаффофлиги ва самарадорлигини таъминлашга қаратилган қўшимча таълимга ягона давлат буюртмасини жорий этиш бўйича пилот лойиҳаси ишга туширилади.

Пилот лойиҳаси Астана, Ақтўбе, Атирау, Қарағанди, Қизилўрда ва Чимкент шаҳарларида ваучерли молиялаштириш форматида амалга оширилади. Айни пайтда тўртта вазирликнинг қўшма буйруғи қабул қилиниб, пилот лойиҳасига қўшилган ҳудудларда тайёргарлик ишлари олиб борилди. 2026 йилдан бошлаб ушбу механизмни барча ҳудудларга татбиқ этиш режалаштирилган, – деди Ғ.Бейсембаев Ҳукумат йиғилишида.

Унга кўра, Давлат раҳбари томонидан таклиф этилган “Қонун ва интизом” тамойилларини ёш авлодга сингдириш мақсадида сентябрь ойидан бошлаб Алмати вилоятида мактаб ўқувчилари ўртасида “Қонун ва интизом” пилот лойиҳаси амалга оширила бошлайди.

– Жорий йилда васийлик ва ҳомийлик органлари мутахассислари нормаси қонун билан ҳар 5 минг болага 1 нафар мутахассис ҳисобига белгиланди. Эндиликда мутахассислар сони 303 нафардан 896 нафарга кўпайди. Йил охирига қадар барча ҳудудлар меъёр ижросини таъминлаши керак.

Ўтган йилги тест синовларида ўз самарасини исботлаган Kiva ва «ДосболLIKE» каби булллингга қарши дастурлар сентябрь ойидан бошлаб барча мактабларда жорий этилади. Президент топшириғига мувофиқ, йил охиригача “Қозоғистон болалари” ягона дастури қабул қилинади. Ҳозирда дастур лойиҳаси ишлаб чиқилмоқда. У болалар манфаатларини ҳар томонлама ҳисобга оладиган 7 та стратегик йўналишни (оила, таълим, тиббий ёрдам, ижтимоий ҳимоя, ҳуқуқий ҳимоя, хавфсиз муҳит яратиш, бўш вақтини ва спорт билан шуғулланишини ташкил этиш) ўз ичига олади, – деди вазир.

Унга кўра, таълим муассасаларида хавфсизликни таъминлаш мақсадида 11 минг 800 га яқин таълим ташкилоти хавфсизлик тизимлари билан таъминланиши керак (100 нафардан ортиқ ўқувчи ва ходимларга эга ташкилотлар). Ҳозирги вақтда бутун мамлакат бўйлаб давлат ва хусусий таълим муассасаларида хавфсизлик тизимларининг ўртача даражаси қуйидагича:

  • 98% муассасаларда турникет мавжуд;
  • 96% сигнал тугмаларига эга;
  • 81% полициянинг тезкор бошқарув марказларига уланган.
  • 97% лицензияланган қўриқчилар билан шартнома тузган. Жорий йилда қўриқчиларга қўйиладиган малака талаблари кучайтирилди.

– Мазкур кўрсаткичларнинг бажарилиши Ички ишлар вазирлиги томонидан назоратга олинган. Бу борада Жамбил, Туркистон, Алмати ва Атирау вилоятлари ҳокимлари ўз фаолиятини янада кучайтириши керак, – деди вазир.

Эслатиб ўтамиз, Қозоғистонда бу йил боғчалар ваучерли молиялаштириш тизимига ўтиши ҳақида хабар берган эдик.

Сўнгги хабарлар