Япониядаги зилзиладан 72 соат ўтиб, вайроналар остидан кекса аёл қутқариб олинди

Япониялик қутқарувчилар 7,6 магнитудали кучли зилзила уйи вайрон бўлганидан 72 соат ўтгач, кекса аёлни вайроналар остидан олиб чиқди, деб хабар беради Kazinform Euronewsга таяниб.

Япония
Фото: Euronews

Мутахассислар уч кунлик даврни "имкониятлар ойнаси" деб аташади ва энди у ёпилганидан кейин бошқа омон қолганларни топиш умидлари тезда сўнади. Расмийларга кўра, 200 дан ортиқ одам бедарак йўқолган, қурбонлар сони эса деярли юзга етган.

Асосий қутқарув ишлари табиий офатдан энг кўп жабр кўрган Вадзима ва Судзу шаҳарларида олиб борилмоқда. Улардаги бутун майдонлар вайрон қилинган. Минглаб одамлар бошпанасиз қолган ва расмийлар зарар кўрган ҳудудларда инфекциялар тарқалишидан қўрқяпти. 

Ер силкинишлари, кўчкилар ва цунами хавфи сақланиб қолмоқда: Токио университети олимлари Япониянинг ғарбий қисмидаги қумли қирғоқ чизиғи баъзи жойларда денгиз томон 250 метр силжиб кетганини аниқлади. Дам олиш кунлари Исикава префектурасида кучли ёмғир ва қор ёғиши кутилмоқда.

Қўшма Штатлар Японияга 100 минг долларлик кўрпа, ичимлик суви ва дори-дармонларни ўз ичига олган гуманитар ёрдам таклиф қилди. Токио логистикадаги қийинчиликлар туфайли вақтинча бошқаларга ёрдам беришдан бош тортди.

Сўнгги хабарлар