Япония ва ЕИ сунъий йўлдош тизими ҳамда мудофаа соҳасида ҳамкорликни ривожлантирмоқчи
ASTANA. Kazinform – Япония ва Европа Иттифоқи АҚШга боғлиқликни камайтириш мақсадида ўз сунъий йўлдош тармоғини яратиш ҳамда мудофаа-саноат мажмуаси соҳасида ҳамкорликни йўлга қўйишни режалаштирмоқда, деб хабар беради ТАСС.

Бу ҳақда Nikkei нашри Япония ва ЕИ ўртасида 23 июль куни Токиода бўлиб ўтадиган саммитда қабул қилиниши кутилган келишув лойиҳасига таянилган ҳолда ёзган.
Томонлар биргаликда фойдаланиладиган кичик сунъий йўлдошлар гуруҳини яратиш бўйича келишувга эришиши кутилмоқда. Шунингдек, бу соҳада давлат-хусусий шериклик формати ҳам муҳокама этилади. Жумладан, муҳим технологиялар, иқлим ўзгариши ва табиий офатларга қарши кураш соҳасида маълумот алмашиш бўйича умумий стандартлар ва қоидалар ишлаб чиқилиши мумкин. Бундан ташқари, фазовий чиқиндиларни йўқ қилиш бўйича ҳамкорлик масалалари кўриб чиқилади.
Япония ва ЕИ реал вақт режимида ишлайдиган сунъий йўлдошлар гуруҳининг мавжудлигини рақамли ривожланиш учун муҳим омил деб ҳисоблайди. Бироқ бу соҳада Токио ва Брюссель АҚШ ҳамда Хитойдан анча орқада қолмоқда. Nikkei Япониянинг Иқтисодиёт, савдо ва саноат вазирлиги маълумотларига таяниб, Илoн Маскнинг SpaceX компанияси 40 мингта, Хитой эса 10 мингта сунъий йўлдош учиришни режалаштираётганини ёзади. Европа Иттифоқи ҳозирча 290 та, Токио эса 2030 йиллар бошигача «бештага яқин» сунъий йўлдошга эга бўлишни кўзламоқда.
Шу муносабат билан Nikkei Япония ва кўплаб ЕИ мамлакатлари АҚШнинг иттифоқчиси бўлган ҳолда, ахборот технологиялари соҳасида Вашингтонга қаттиқ боғлиқ эканини таъкидлайди. АҚШ президенти Дональд Трампнинг сиёсати фазо соҳасидаги ҳамкорлик истиқболи борасида шубҳа уйғотмоқда. Шунинг учун Токио ва Брюссель ўз саноат салоҳиятини ривожлантириш мақсадида биргаликда ҳаракат қилмоқчи.