Ўзбеклар ва қозоқлар тарих, маданият ва дўстлик билан бирлашган қардош халқлардир
TASHKENT. Kazinform - Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги бош директори Абдусаид Кўчимов Ўзбекистон ва Қозоғистон ўртасидаги маънавий, маданий ва стратегик ҳамкорликнинг муҳимлигини таъкидлаб, икки мамлакатнинг умумий қадриятлари, тарихи ва яқин иқтисодий алоқаларини таъкидлади, деб хабар беради Kazinform.
Абдусаид Кўчимовнинг сўзларига кўра, Ўзбекистон ва Қозоғистон - тил, қалб, дин, маданият ва урф-одатлар билан бирлашган икки халқ, икки миллат, икки давлатдир.
"Иккала мамлакатнинг меҳнаткаш халқлари тоғларда, тепаликларда ва чексиз даштларда кўплаб қўй ва қорамол подаларини боқиб, жаннатга ўхшаш серҳосил боғларни барпо этадилар, буғдой экадилар, пахта ва ипак етиштирадилар, улардан чиройли матолар тўқиб, чиройли нафис кийимлар тикадилар", - деди Абдусаид Кўчимов.
У қозоқлар ва ўзбеклар қадим замонлардан бери тинчлик ва ҳамжиҳатликда қўшнилар сифатида яшаб келганини таъкидлади.

"Қозоғистонга ташриф буюрган ҳар бир ўзбек Туркистон шаҳрида Соҳибқирон Амир Темур қурдирган Ҳожа Аҳмад Яссавий мақбарасини, мажмуа ёнидаги Ўзбек хони сифатида машҳур қозоқ бийи Абулхайрхон қабри ва унинг турмуш ўртоғи, Мирзо Улуғбекнинг қизи Робия Султонбегим мақбарасини зиёрат қилади. Ўзбекистонга келган қозоқ биродарларимиз эса Тошкент шаҳри Шайхонтоҳур туманидаги Қалдирғоч бий мақбарасида абадий тин олган қозоқнинг уч буюк бийидан бири, катта жузга тегишли Тўлабий қабрини тавоф этади”, - деди у.

Кўчимов мамлакатлар азалдан мустаҳкам маънавий ва маданий қадриятлар билан боғланганлигини таъкидлади. Унинг таъкидлашича, ҳар бир ўзбек муқаддас Ҳаж зиёратини бажаришда аввало Самарқанд яқинидаги Имом Ал-Бухорий мақбарасига ва Ясси – Туркистон шаҳридаги Ҳожа Аҳмад Яссавий мақбарасини зиёрат қилади.
“Қадимда Шайбонийхон билан Абулхайрхондек бир хон, бир бекларимиз ўтган. Яқин тарихга кўз ташлайдиган бўлсак, икки мамлакатнинг йирик давлат ва жамоат арбоблари – Динмуҳаммад Қўнаев билан Шароф Рашидов ўртасидаги яқин муносабат ёш улуғларимиз хотирасида яхши сақланиб қолган. Бу алоқаларни Қозоғистон билан Ўзбекистоннинг биринчи Президентлари Нурсултон Назарбоев ва Ислом Каримов давом эттиришди. Ёдимда, Қўнаев Шароф Рашидовнинг 75 йиллиги муносабати билан Жиззах шаҳрида уюштирилган тантаналарга ташриф буюрган эди. Икки республика раҳбари Ўзбекистондаги Мурунтов олтин конини ишга тушириш масаласи бўйича Москвадаги йиғилишда қарши чиққанларга эътироз билдириб бўлмайдиган даражада ишончли далиллар келтириб, айнан юртимиздаги дунёнинг энг йирик конларидан бирини очишга эришган. Шу тариқа бу масала юзасидан махсус қарор қабул қилинган. Хуллас, икки раҳбар бир-бирини қўллаб-қувватлаши туфайли Ўзбекистон дунёдаги йирик олтин конларидан бирини кашф этган, Қозоғистон эса беқиёс миқдорда радиоактив хусусиятга эга яна бир ноёб стратегик металл – уран қазиб олмоқда”, - деди у.
Кўчимов икки халқни бирлаштирган Амир Темурнинг Буюк йўлини эслади.
“Марказий Осиё ҳудудини яхши биладиган ҳар бир ўзбек ва қозоққа Буюк Ипак йўлига уйқаш яна бир тарихий йўл маълум. Жанубий Қозоғистоннинг Ўтрор шаҳридан бошланадиган “Темур шоссеси” Туркистон, Чимкент ва Тошкент орқали Самарқандга қадар икки элни боғлаган белбоғдир. Бундан роппа-роса 620 йил муқаддам Ўтрорда вафот этган Соҳибқирон Амир Темурнинг жасади шу “мотам йўли”дан карвонда Ўтрордан Самарқандга, Гўри Амир мақбарасига олиб келинган. Шуниси диққатга сазоворки, ярим минг километрга чўзилган, ўнлаб шаҳар-у қишлоқлардан ўтадиган бу йўл ҳануз буюк Амир Темур йўли деб юритилади. Юзлаб километрда хиёбонлар яратилиб, Соҳибқирон ҳайкаллари ўрнатилган, чойхоналар, турар жой мажмуалари, маданият саройлари бобомизнинг табаррук номи билан юритилади”, - дейди Абдусаид Кўчимов.
Шунингдек, у икки мамлакат халқлари ўзининг бой ва мазали таомлари билан машҳур эканлигини таъкидлади.
“Халқларимизнинг дастурхони ҳам ранг-баранг ва тотли. Қази, қарта, ҳасип, бешбармоқ каби аҳоли томонидан суйиб истеъмол қилинадиган тансиқ таомлари, қимиз, қимрон, овуз, қатиқ, қурт-табоқ каби йигитлар илигини тўлдириб, белини бақувват қиладиган ичимликлари мавжуд. Чимкентликлар, айниқса ёшлар, эринмай юз йигирма чақирим масофа босиб Анҳор бўйидаги “самовор”да Тошкентнинг чойхона павловини, қариндош-уруғнинг суннат, никоҳ маъракасида тўй ошини мазза қилиб истеъмол қилишга ошиқса, тошкентликлар Чимкентнинг қимиз-у қимронини меҳри қониб ичишни канда қилмайди”, - деб таъкидлади у.
Унинг қўшимча қилишича, ўзбеклар истеъдодли қозоқ хонандаларини худди ўзлариникидек яхши кўрадилар. Қозоғистондаги тўй ва тантаналарда эса қувноқ ўзбек мусиқаси ва хонандаларнинг оҳангдор овозлари мунтазам равишда янграйди.
ЎзА ахборот агентлиги бош директори Ўзбекистон ва Қозоғистон нафақат давлат ва ички ишларда, балки халқаро миқёсда ҳам бирлашган фронт сифатида ҳаракат қилишини таъкидлади. Бу уларнинг БМТ ва Жаҳон савдо ташкилоти каби нуфузли ташкилотларга сайловлар чоғида, шунингдек, минтақавий раҳбарларнинг маслаҳат учрашувлари ва "Марказий Осиё плюс" форматида мувофиқлаштирилган позицияларида акс этади.

“Кейинги йилларда Ўзбекистон ва Қозоғистон ўртасида товар айирбошлаш ҳажми икки баробар, икки давлат қўшма корхоналари сони беш баробар кўпайди, юк ташиш ҳажми муттасил ортиб боряпти, йирик кооперация лойиҳалари амалга ошириляпти. Ҳукуматларга ўзаро савдо ва хизмат айланмаси қийматини 10 миллиард долларга етказиш бўйича кўрсатма берилган. Биргина ўтган йилнинг ўзида саноат кооперациясини ривожлантириш мақсадида умумий қиймати 7 миллиард долларлик янги битим ва шартномалар портфели ишлаб чиқилган”, - таъкидлади Абдусаид Кўчимов.
Унинг фикрича, муносабатларнинг изчил ривожланишида давлатлар раҳбарларининг кучли сиёсий иродаси ва уларнинг самимий дўстона муносабатлари муҳим роль ўйнайди.
“Хусусан, Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг 2024 йил 7-9 август кунлари Қозоғистонга амалга оширган ташрифи икки томонлама муносабатларни яна бир поғона юқорига кўтарди”, - деди у.

Шунингдек, у Қозоғистон Президенти Қасим-Жомарт Тоқаев раислигида бўлиб ўтган Олий давлатлараро кенгашнинг биринчи мажлисида раҳбарлар 2024-2034 йилларга мўлжалланган стратегик шериклик ва иттифоқчилик дастури қабул қилинганини мамнуният билан қайд этдилар. Бу дастур Ўзбекистон-Қозоғистон дўстлик ва яхши қўшничилик муносабатларида янги сифат босқичи бошланганини англатади. Мазкур ташриф доирасида Астана шаҳрида Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевни Қозоғистон Республикасининг «Алтын Қыран» (“Олтин бургут”) ордени билан тақдирланиб, қардош мамлакатнинг ушбу олий давлат мукофотини Ўзбекистон етакчисига Президент Қасим-Жомарт Тоқаев тантанали равишда топширди.
“Ўша кунлари Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев ва Қозоғистон Президенти Қасим-Жомарт Тоқаев Астана шаҳрида ўзбек халқининг буюк фарзанди, шоир ва мутафаккир Алишер Навоий ҳайкалини тантанали равишда очдилар. Шавкат Мирзиёев Қозоғистон пойтахти марказида муҳташам ёдгорлик бунёд этилгани қозоқ халқининг қардош Ўзбекистонга бўлган чуқур ҳурматининг ёрқин ифодаси эканини таъкидлади. Зеро, ҳайкали Тошкентнинг марказий майдонларидан бирини безаб турган қозоқ халқининг буюк фарзанди, қозоқ адабиётининг мумтоз намояндаси Абай Қўнонбоев Шарқнинг бошқа буюк шоирлари қатори Алишер Навоийни ҳам ўзининг устози деб билган. Навоий ва Абай ижоди абадият, дўстлик, муҳаббат ва садоқат шеъриятидир. Уларнинг фалсафий қарашлари миллатларимизнинг маънавий юксалишида бебаҳо манба ҳисобланади”, - деди у.
Шуни ҳам эслатиб ўтамизки, 2020 йилда марҳум қозоқ шоири Несипбек Айтули Алишер Навоийнинг дурдонаси "Хамса"ни қозоқ тилига таржима қилган ва китобга сўзбошини шахсан Қозоғистон Президенти Қасим-Жомарт Тоқаев ёзган.
“Марказий Осиё давлатлари раҳбарларининг олтинчи Маслаҳат учрашувида Шавкат Мирзиёев минтақада дўстлик, яхши қўшничилик ва ўзаро англашувни ривожлантиришдаги алоҳида хизматлари учун Марказий Осиё давлатлари раҳбарларининг Фахрий нишони билан тақдирланди. Ўтган йил 26 августда Ўзбекистон Республикаси ва Қозоғистон Республикаси ўртасидаги ўзаро ҳурмат ва ишонч, яхши қўшничилик ва стратегик шериклик муносабатларини янги босқичга кўтариш, сиёсий, ижтимоий-иқтисодий, маданий-гуманитар ҳамкорликни амалий маъно-мазмун ҳамда муҳим ташаббуслар билан бойитиш, устувор йўналишлардаги алоқаларни кенгайтириш ва ҳар томонлама ривожлантириш, қўшма лойиҳаларни фаол илгари суришга қўшган шахсий ҳиссаси, шунингдек, мамлакатларимиз халқларининг кўп асрлик дўстлиги ва ҳамжиҳатлигини янада мустаҳкамлаш йўлидаги улкан хизматлари учун бир гуруҳ қозоғистонлик давлат ва жамоат арбоблари Президентнинг махсус фармони билан Ўзбекистон Республикаси “Дўстлик” ордени билан мукофотланди. Умуман, икки қардош мамлакат ўртасидаги ҳамкорлик мисли кўрилмаган даражада юқори даражага кўтарилиши айнан етакчиларнинг мунтазам тус олган ва энг муҳими аниқ самарадорликка йўналтирилган мулоқоти туфайли, десак ҳеч бир муболаға эмас. Зеро, биргина жорий йилнинг ўзида Ўзбекистон ва Қозоғистон етакчилари олий даражадаги ўзаро ташрифлар ҳамда турли нуфузли халқаро анжуманларнинг қўшиб ҳисоблаганда 14 марта бевосита учрашди, 5 марта телефон орқали мулоқот қилди. 29 март куни Алмати шаҳрида бўлиб ўтган давлат раҳбарларининг норасмий учрашуви ва Ўзбекистон – Қозоғистон саммити, 3-4 апрель кунлари Самарқандда ташкил этилган “Марказий Осиё – Европа Иттифоқи” саммити, Астана шаҳрида 30 майда ўтказилган “Марказий Осиё – Италия” саммити, 17 июнда уюштирилган “Марказий Осиё – Хитой” саммити ва бошқа нуфузли анжуманлар икки томонлама муносабатларни янги амалий мазмун билан бойитишда беқиёс аҳамият касб этди”, - деди Кўчимов.
Яқиндагина эса нафақат Қозоғистон билан Ўзбекистон, балки бутун Марказий Осиё халқлари тарихида узоқ муддат кутилган оламшумул воқеа содир бўлди. Вашингтонда бўлиб ўтган C5+1 форматидаги беш қардош мамлакат ва Америка Қўшма Штатлари саммити минтақамизнинг АҚШ билан алоқалари ривожида янги босқични бошлаб берди, дейиш мумкин.

“Маълумки, Қўшма Штатлар Марказий Осиё иқтисодиётида энг йирик инвестор ҳисобланади. Биргина Қозоғистон C5+1 доирасида АҚШ билан 17 миллиард доллардан ортиқ қийматга эга тижорий келишувга эришди. Ўзбекистон қадамни янада дадил ташлади. Мамлакат 2028 йилга қадар АҚШ иқтисодиётига 35 миллиард доллар, кейинги ўн йил 100 миллиард доллардан кўп сармоя киритиши таъкидланди”, - деб у.
Президент Шавкат Мирзиёев C5+1 учрашувида ҳамкорликни янада кенгайтиришга қаратилган қатор ташаббусларни илгари сурди. Хусусан, иштирокчи мамлакатларда навбати билан жойлаштириладиган доимий фаолият юритувчи Котибият таъсис этиш, давлат идоралари, компаниялар ва молия институтлари ўртасида тизимли мулоқотни таъминлаш мақсадида вазирлар даражасида Инвестиция ва савдо бўйича мувофиқлаштирувчи кенгаш тузиш, “Марказий Осиё инвестициявий шериклиги” жамғармасини ишга тушириш, ноёб муҳим минералларни қазиб олиш ва чуқур қайта ишлаш, тайёр маҳсулотларни глобал етказиб бериш занжирига уйғунлаштириш, минтақа қишлоқ хўжалигига Америка технологияларини жорий этиш, гуманитар алоқаларни мустаҳкамлаш, хусусан АҚШнинг машҳур музейларида Марказий Осиё маданий меросини тарғиб этиш таклифлари қизғин кутиб олинди.

Ўзбекистон МАА бош директори Қозоғистон Президенти Қасим-Жомарт Тоқаевнинг сўзларини таъкидлади: "Қўшма Штатлар бизнинг энг йирик инвесторимиз сифатида Қозоғистонга 100 миллиард доллардан зиёд сармоя киритиб, иқтисодиётимизнинг ҳаракатлантирувчи кучига айланган. Сўнгги йилларда мамлакатларимиз ўртасидаги савдо айланмаси икки баробар ошиб, 5 миллиард долларлик чегарага яқинлашди. Биз Американинг уранга бўлган талабини тахминан 25 фоиз қоплаймиз. Республикамизда 600 дан кўп Америка компанияси фаолият юритади".
Кўчимовнинг сўзларига кўра, Вашингтонда имзоланган инвестиция шартномалари ноёб ер элементларини ишлаб чиқариш ва “Boeing” компанияси самолётларини харид қилишдан тортиб, Марказий Осиёда етиштирилаётган қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етказиб беришгача бўлган кенг кўламли соҳаларни қамраб олади. Инвестицияларнинг катта қисми минтақанинг нефть ва газ саноатини ривожлантиришга йўналтирилади. Хусусан, Қозоғистондаги “Chevron” ва “ExxonMobil”, Ўзбекистондаги “Еpsilon Development Company (EDC)” ва “Halliburton” компаниялари фаолияти ривожлантирилади.
“Марказий Осиёнинг айрим давлатлари денгизга чиқиш имкони бўлмаса-да, минтақадаги муҳим транспорт тармоғи ҳисобланади. АҚШ билан ҳамкорлик ана шу имкониятни кенгайтирадиган Транскаспий йўлагини ривожлантириш, “Шарқ – Ғарб” йўлагини кенгайтириш, темир йўл ва порт инфратузилмасини интеграциялашга ҳам хизмат қилади”, - деди у.
У Вашингтондаги учрашув қайта тикланадиган энергия, саноатни модернизация қилиш, шамол ва қуёш энергияси, энергия сақлаш технологиялари ва водород ечимлари борасидаги ҳамкорликда янги босқичга кўтарилишини таъкидлади. Янги режалар минерал ресурсларни чуқур қайта ишлаш, нафақат хом ашё экспортидан воз кечиш, балки мамлакат ичида қўшилган қиймат занжирини яратиш, янги иш ўринларини яратиш ва технологик мустақилликни таъминлашга ҳам хизмат қилади. Энг муҳими, қўшимча қиймат мамлакатларимиз ичида қолади.
“Маълумки, Инсон капитали – энг катта сармоя. Яқин келажакда АҚШ университетлари, илмий-тадқиқот марказлари ва давлат бошқаруви академиялари билан бирга замонавий билим, кўникма, савия базаси яратилади. C5+1 саммити музокаралари Марказий Осиё, жумладан Ўзбекистон ва Қозоғистон учун янги иқтисодий ва инвестиция имкониятини очиши, логистика ва энергия хавфсизлигини таъминлаши, технологик тараққиёт, саноат модернизацияси, инсон капитали ривожи каби йўналишларда амалий натижа беришига ишонч бор. Бундай саъй-ҳаракатлар минтақамизнинг очиқ ва прагматик ривожланиш стратегиясига мос. Муҳими, олти давлат раҳбарлари учрашувида “Тинчлик Президенти” номини олган Дональд Трамп Марказий Осиёнинг аҳамиятини алоҳида таъкидлаб, Оқ уй келажакда минтақага янада кўпроқ қизиқиш билдиришига ишора қилди”, - деди у.
“ЎзА” Миллий ахборот агентлиги бош директори Марказий Осиёнинг икки буюк давлати — Қозоғистон ва Ўзбекистон ўртасидаги анъанавий дўстлик, шубҳасиз, “Янги Қозоғистон” ва “Янги Ўзбекистон” ўртасидаги муносабатларни янада юқори босқичга кўтаришига ишонч билдирди.
“Эт билан тирноқни ажратиб бўлмаганидек, ўзбек билан қозоқ миллатини ҳам бир-биридан айро ҳолда тасаввур қилиб бўлмайди. Асрлар давомида девор-дармиён қўшнилар сифатида аҳил, иноқ яшаб келган бу икки халқ, айниқса, сўнгги йилларда янада жипслашди. Марказий Осиёнинг беш давлатини, таъбир жоиз бўлса, рамзий маънода бир қўлнинг беш бармоғига менгзасак, хато бўлмас. Ваҳоланки, улар худди бугунгидек бир муштга бирлашаркан, умумий тараққиётга эришиш йўллари очилаверади. Минтақамиз имкониятлари ва салоҳияти эса чексиз: кўҳна Туроннинг бепоён кенгликлари, пурвиқор, баҳайбат тоғлари, бағрида беҳисоб дур-у жавоҳирларни яширган чўл-биёбонлари, адоғи кўринмас қир-адирлари, беҳишт нафаси уфуриб турадиган жаннатмонанд боғ-роғлари қадар...”, - хулоса қилди у.