Ўзбекистонлик Жавоҳир Синдоров — “Titled Tuesday” онлайн турнири ғолиби

TASHKENT. Kazinform — Шахмат бўйича онлайн тарзда ўтказилган “Titled Tuesday” турнирида ўзбекистонлик Жавоҳир Синдоров 440 нафар иштирокчи орасида ғолибликни тантана қилди, деб хабар беради UzA.

Жавоҳир Синдоров
Фото: UzA

Мукофот жамғармаси 3 минг АҚШ долларидан иборат турнирда ФИДЕ рейтинги етакчиси Магнус Карлсен, шунингдек Аржун Эригаиси, Фабиано Каруана, Ян Непомнящий, Алексей Сарана, Винсент Каймер, Маттиас Блюбаум, Хикару Накамура сингари дунёнинг энг кучли шахматчилари иштирок этди.

Баҳсларда Ўзбекистон терма жамоаси аъзолари Жавоҳир Синдоров, Нодирбек Абдусатторов, Шамсиддин Воҳидов, Жаҳонгир Воҳидов, Миразиз Матёқубов каби ўнлаб шахматчилар дона сурди.

Жавоҳир Синдоров ўтказилган деярли барча баҳсларда ғалабага эришган бўлса, Нодирбек Абдусатторов ва перулик Ренато Терри билан дуранг ўйнади ва онлайн турнир ғолиблигига эришди.

440 нафар шахматчи қатнашган ўйинлар сарҳисобига кўра, ўзбекистонликлардан Нодирбек Абдусатторов 5, Нодирбек Ёқуббоев, 27, Шамсиддин Воҳидов 30, Рауф Қосимов 71-поғоналардан жой олди.

Онлайн турнирнинг яна бир эътиборли жиҳати, ўзбекистонлик ёш шахматчилардан Миразиз Матёқубов ҳиндистонлик тажрибали шахматчи Аржун Эригаисини мағлубиятга учратди. Нодирбек Абдусатторов азалий рақибларидан бири Магнусни доғда қолдирди.

Эслатиб ўтамиз, ўзбекистонлик Жавоҳир Синдоров “FIDE freestyle” чемпионатида қатнашади.

Сўнгги хабарлар