Ўзбекистонлик актриса Ақтау халқаро кинофестивалида энг яхши мукофотни қўлга киритди
AQTAU. Kazinform – Фестиваль дастурига 47 та фильм киритилган. Халқаро ҳакамлар ҳайъати турли жанрдаги лойиҳаларни баҳолади, дея хабар беради Kazinform ҚР Маданият ва ахборот вазирлиги матбуот хизматига таяниб.

Фестивалнинг “Энг яхши бадиий фильм” номинацияси Қирғизистоннинг «Қара. Қызыл. Сары» фильмига насиб этди. Аруан Анартай «Joqtau» бадиий фильми учун “Энг яхши режиссёр” мукофотини қўлга киритди. “Энг яхши ҳужжатли фильм” номинациясида Алина Мустафинанинг «Пряники для её отца, моего прадеда, её деда» фильми ғолиб бўлди. Иккала фильм ҳам ҚР Маданият ва ахборот вазирлиги, шунингдек, Миллий кинематографияни қўллаб-қувватлаш давлат маркази кўмагида яратилган.
“Энг яхши сценарий” мукофоти «May be» фильми сценарийси учун озарбайжонлик Толех Юзбековга берилди. “Энг яхши аёл роли” мукофоти «Shamskamar» фильмидаги роли учун ўзбекистонлик Юлдуз Ражабова ва «Beyond the Rails» фильмидаги роли учун туркиялик Минэ Дўғанга берилди. “Энг яхши эркак роли” мукофотини озарбайжонлик Парвиз Мамедрзаев «Oil» фильмидаги роли қўлга киритди.

Самал Еслямова ТУРКСОЙнинг “Турк маданиятига қўшган ҳиссаси учун” махсус мукофотига сазовор бўлди. Ҳакамлар ҳайъатининг махсус мукофоти Туркманистоннинг “Китап” ва Қирғизистоннинг “Качкин” фильмларига топширилди. Миллий кинематографияни қўллаб-қувватлаш давлат маркази бошқаруви раиси Қурманбек Жумағали «Kinopark» кинотеатрлар тармоғи раҳбари Алмаз Малдибаевга Россия киноси ривожига қўшган ҳиссаси учун махсус мукофотни топширди.
Фестиваль доирасида давлат идоралари, миллий кино марказлари вакиллари, экспертлар ва кино ижодкорлари иштирок этган Турк дунёси фильмлари саммити бўлиб ўтди. Саммитнинг марказий мавзуси “Турк дунёси ва кино: ҳамкорликнинг янги уфқлари” бўлди. Муҳокама чоғида кино соҳасидаги давлат сиёсати, халқаро ҳамкорликда ишлаб чиқариш истиқболлари, қўшма лойиҳаларни амалга ошириш, кино орқали маданий ҳамкорликни кучайтириш масалалари муҳокама этилди.

ҚР Миллий кинематографияни қўллаб-қувватлаш давлат маркази билан Озарбайжон, Қирғизистон, Туркманистон, Туркия ва Ўзбекистон миллий кино ташкилотлари ўртасида ҳамкорлик меморандумлари имзолангани фестивалнинг муҳим воқеаларидан бири бўлди. Ушбу шартномалар бадиий, ҳужжатли ва анимацион фильмларни биргаликда ишлаб чиқаришни ривожлантириш, маҳорат дарслари, семинарлар ўтказиш, касбий тажриба алмашиш, туркий халқларнинг маданий меросини оммалаштиришга қаратилган.
Эслатиб ўтамиз, 2025 йил 1-4 октябрда Ақтау шаҳрида Туркий тиллар маданияти халқаро ташкилоти (ТУРКСОЙ) кўмагида ташкил этилган “Қўрқут ота” турк дунёси фильмлари фестивали бўлиб ўтди. Фестиваль туркий дунёдан режиссёрлар, актёрлар, продюсерлар ва томошабинларни бирлаштирди.