Ўзбекистондан Европа Иттифоқи мамлакатларига экспорт 1,5 баробар ошди

Ўзбекистон – Европа Иттифоқи
Фото: ЎзА

Тошкент шаҳрида бўлиб ўтган “Ўзбекистон – Европа Иттифоқи” ҳамкорлик қўмитаси 19-йиғилишида айтилишича, Ўзбекистондан ЕИ мамлакатларига маҳсулот ва хизмат экспорти 1,5 баробар ошган, деб хабар беради Kazinform агентлиги ЎзАга таяниб.

Мазкур тадбирга Ўзбекистон томонидан инвестициялар, саноат ва савдо вазири ўринбосари Бадриддин Обидов, ҳамкор томондан Ташқи фаолият хизмати Шарқий Европа ва Марказий Осиё давлатлари бўйича директори ўринбосари Люк Девин ҳамраислик қилди.

Учрашувда Ўзбекистондаги ислоҳотларни қўллаб-қувватлагани учун ЕИ жамоасига миннатдорлик билдирилди. Барқарор иқтисодий ўсишни таъминлаш, суд-ҳуқуқ, таълим, соғлиқни сақлаш ва ижтимоий ҳимоя тизимини ривожлантириш, экологик муаммоларга қарши курашишга қаратилган “Ўзбекистон-2030” стратегияси доирасида белгиланган асосий йўналишлар кўрсатиб ўтилди.

Стратегиянинг асосий йўналишлари, хусусан 2030 йилга бориб ялпи ички маҳсулот қийматини 160 миллиард долларга, аҳоли жон бошига тўғри келадиган даромадни 4 минг долларга етказиш, шунингдек 110 миллиард доллар тўғридан-тўғри хорижий инвестиция жалб этиш, ялпи ички маҳсулотда саноат ва технологик маҳсулот улушини 25 фоиздан 32 фоизга кўтариш, инвестиция миқдори йилига 3-5 фоиз ўсишини таъминлаш ва бошқа вазифалар алоҳида қайд этилди. Европа томони ушбу мақсадларга эришишда ҳар томонлама ёрдам беришга тайёрлигини билдирди.

Томонлар ҳуқуқни қўллаш амалиётини такомиллаштириш, инсон ҳуқуқи ва эркинлигини ҳимоя қилиш бўйича жорийвазиятни янада яхшилаш истиқболини, 2024 йилга мўлжалланган сиёсий шериклик ҳолатини кўриб чиқдилар.
Молиявий-техник, савдо-иқтисодий ва сармоявий ҳамкорликни янада ривожлантириш юзасидан фикр алмашилди. Aсосий эътибор ЕИ Умумий имтиёзлар тизими (GSP+) афзаллигидан фойдаланган ҳолда, савдо тартиб-қоидасини либераллаштириш ва соддалаштириш чора-тадбирларига қаратилди.

Шу нуқтаи назардан, товар айирбошлаш миқдори ўсиши юқори суръати эътироф этилди. 2023 йил 10 ойда икки томонлама савдо ўтган йил шу даврига нисбатан 36 фоиз ошиб, 4,8 миллиард долларга етди. Бу борадаги ишни тизимли давом эттириш зарурлиги урғуланди. Ўзбекистондан Европа Иттифоқи мамлакатларига маҳсулот экспорти 2021 йилдан буён 1,5 баробар кўпайиб, 2022 йил охирида 794,6 миллион долларни ташкил этгани таъкидланди.

Энергетика соҳасидаги шериклик масаласи алоҳида муҳокама қилинди. 2030 йилга бориб мамлакат иқтисодиётида энергия сиғимини 1,5 баробар камайтириш орқали самарадорликни 20 фоиз ошириш асосий мақсад қилиб қўйилган. Бу йўналишда давлат-хусусий шериклик асосида умумий қуввати 11,5 ГВт йирик қуёш ва шамол электр станциялари қуриш бўйича 28 та шартнома тузилди. 12,8 ГВт қувватли яна 16 ғоя бўйича лойиҳалаш ишлари ва музокара олиб борилмоқда. Европа томони “яшил энергия” ташаббусларини ишлаб чиқиш ва амалга ошириш учун зарур маслаҳат ёрдамини кўрсатади.
Юк ташиш ва логистика соҳасидаги ҳамкорликни янада ривожлантириш мавзуси муҳокама қилинар экан, ЕИ Транскаспий халқаро транспорт йўналишини ривожлантириш орқали Ўзбекистон транспорт йўлакларини диверсификация қилишга қаратилган саъй-ҳаракатни қўллаб-қувватлашга тайёрлигини билдирди.

Сўнгги хабарлар