Ўзбекистонда яна газ тўлдириш шохобчаси портлади
TASHKENT. Kazinform — Сўнгги 20 кун ичида бу иккинчи ҳолат. Ёнғин оқибатида автоцистерна ҳайдовчиси енгил куйиш тан жароҳати олган, деб хабар беради ЎР ФВВ.

Қашқадарё вилояти, Кўкдала туманида 5 август куни газ тўлдириш шохобчасида ёнғин ва портлаш юз берди.
ФВВ хабарига кўра, автомобилларга газ тўлдириш шохобчаси «Олтиндала» маҳалласида жойлашган.
Унинг ҳудудида пропан суюлтирилган газ ташувчи автоцистернадан пропан сақлаш резервуарига ёқилғи қуйиш вақтида чақнаш содир бўлиб, ёнғин келиб чиққан.
5 та ёнғин-қутқарув экипажи соат 22:22 да воқеа жойига етиб бориб, ёнғин соат 22:30 да қуршаб олинган ва соат 22:50 да ўчирилган.
Ёнғин оқибатида 1 та автоцистерна ва 10 куб пропан суюлтирилган газ сақлаш резервуари ёниб кетган.Автоцистерна ҳайдовчиси енгил куйиш тан жароҳати олган.
Ҳодиса жойига вилоят ФВБ ва туман ФВБ раҳбар ходимлари етиб борган.
16 июль куни Кўкдала туманида аҳолига хизмат кўрсатувчи газ тўлдириш станцияси ҳудудида ёқилғи сақлаш резервуарида портлаш ва ёнғин содир бўлган эди. Ҳодиса оқибатида 4 нафар фуқаро ҳалок бўлди.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Таиланддаги пиротехника заводида юз берган портлашда тўққиз киши ҳалок бўлгани ҳақида хабар берган эдик.