Ўзбекистонда ногиронлиги бўлган шахслар бандлигини таъминлаганларга субсидия ажратиш тартиби белгиланди
TASHKENT. Kazinform — Ҳукумат қарори (405-сон, 01.07.2025 й.) билан “Ногиронлиги бўлган шахслар бандлигини таъминлашга кўмаклашиш, уларнинг бандлигини таъминлаш ҳамда меҳнат қилишини қўллаб-қувватлашни рағбатлантириш тартиби тўғрисида”ги низом тасдиқланди.

Низом ногиронлиги бўлган шахслар бандлигини таъминлаган тадбиркорлар ҳамда хусусий бандлик агентликларига қуйидаги қўллаб қувватлаш чораларини тақдим этиш тартибини белгилайди:
- бандликка кўмаклашиш субсидияси;
- иш ўринларига мослаштириш субсидияси.
Низомга кўра, "Ногиронлиги бўлган шахслар бандлигига кўмаклашиш электрон реестри" ахборот модули юритилади.
Бандликка кўмаклашиш субсидияси қуйидаги талабларга жавоб берадиган тадбиркорларга ажратилади:
- электрон реестрда турган I ва (ёки) II гуруҳ ногиронлиги бўлган шахсни камида 3 ой давомида узлуксиз расмий бандлигини таъминлаган;
- мазкур даврда унга ҳар ойда меҳнатга ҳақ тўлаш энг кам миқдорининг 2 бараваридан кам бўлмаган миқдорда иш ҳақи тўлаган.
Иш ўринларига мослаштириш субсидияси бандлиги таъминланган I ва (ёки) II гуруҳ ногиронлиги бўлган шахслар учун сурдотаржимон, психолог ёки ҳамроҳлик хизматини ташкил қилган тадбиркорларга 50 млн сўмгача миқдорда ажратилади.
Субсидиянинг ҳар ойлик миқдори қуйидагича:
- сурдотаржимон хизмати учун БҲМнинг 8 баравари;
- психолог хизмати учун БҲМнинг 10 баравари;
- ҳамроҳлик хизмати учун БҲМнинг 5 баравари.
Тадбиркорлар ушбу субсидияларни олиш учун “Ягона миллий ижтимоий ҳимоя” ахборот тизим ёки ЯИДХП (my.gov.uz) орқали электрон сўровномани тўлдириш орқали мурожаат қилади.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Ўзбекистонда меҳнат миграциясидан қайтган шахсларни ишга олганларга субсидия берилиши ҳақида ёзган эдик.