Ўзбекистонда “Бир миллион дастурчи” лойиҳасига қўшимча 300 минг нафар ёш жалб этилади

TASHKENT. Kazinform - Бу ҳақда ЎР президенти Шавкат Мирзиёевнинг мамлакат ёшлари билан мулоқотида маълум қилинди, деб хабар беради Kazinform агентлиги UzAга таяниб.

Ўзбекистонда “Бир миллион дастурчи” лойиҳасига қўшимча 300 минг нафар ёш жалб этилади
Фото: ЎзА

Маълум бўлишича, жорий йил IT соҳаси экспортини 1 миллиард долларга етказиш мақсад қилинган.

“Бир миллион дастурчи” лойиҳасига қўшимча 300 минг нафар ёш жалб этилади. “Coursera” платформасида 3 мингдан ортиқ курсларда сунъий интеллект ёрдамида ёшлар учун ўзбек тилида таълим олиш имконияти йўлга қўйилиши таъкидланди.

Бу йил "Муҳаммад Хоразмий ворислари" лойиҳаси Қорақалпоғистонда ҳам жорий этилиб, яна 1 минг нафар ёшлар қамраб олинади.

“Бирлашган Араб Амирликлари билан Ўзбекистонда бир миллион сунъий интеллект муҳандисларини тайёрлаш лойиҳасини амалга оширишга келишилган. Рақамли технологиялар вазирлигига бу борадаги ишларни бошлаш топширилди”, - дейилади хабарда.

Ўтган йили 25 минг нафар қизлар IT бўйича бепул ўқитилди. Бу йил дастурчи қизлар сони 2 баробар оширилиши режа қилинди. 1 минг нафар иқтидорли қизлар IT оромгоҳларида халқаро олимпиадаларга тайёрланади.

Ёшларнинг қизиқиш ва эҳтиёжларини барвақт аниқлашда сунъий интеллект технологияларидан фойдаланиш, салоҳиятини монетизация қилиш, ижтимоий аҳамиятга молик лойиҳаларга жалб этиш муҳимлиги таъкидланди. Мутасаддиларга рақамли ижтимоий экотизимни жорий этиш бўйича узоқ муддатли стратегияни ишлаб чиқиш топширилди.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Ўзбекистонда камбағал оилалар реестрига киритилганларга махсус субсидиялар берилиши ҳақида ёзган эдик.