Ўзбекистонда 1 апрелдан уй-жой ва автомобиль хариди нақд пулсиз шаклга ўтади
TASHKENT. Kazinform - 2026 йил 1 апрелдан кўчмас мулк ва транспорт воситалари билан боғлиқ битимлар фақат банк карталари ёки электрон тўлов тизимлари орқали амалга оширилади. Қиймати 25 млн сўмдан юқори бўлган товарлар ва хизматлар, ёқилғи сотиб олиш ва бошқалар учун тўловлар ҳам нақд пулсиз шаклга ўтказилади, деб хабар беради gazeta.uz.
Адлия вазирлигининг хабар беришича, 2026 йил 1 апрелдан бошлаб Ўзбекистонда бир қатор тўловлар фақат банк карталари ёки электрон тўлов тизимлари орқали (нақд пулсиз) амалга оширилади. Бу президентнинг 10 декабрдаги «Нақдсиз ҳисоб-китобларни оммалаштириш ва яширин иқтисодиёт улушини қисқартиришга қаратилган қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги фармонида кўзда тутилган.
Бундай операциялар қуйидагиларга тегишли:
- давлат органлари томонидан кўрсатиладиган хизматлар;
- электр энергияси, табиий газ, ичимлик сувидан фойдаланганлик учун тўловлар;
- алкоголь ва тамаки маҳсулотлари;
- транспортларга ёқилғи қуйиш шохобчалари орқали аҳолига нефть-газ маҳсулотларини сотиш ва электрда ҳаракатланадиган транспортларни зарядлаш бўйича хизматлар;
- қиймати 25 млн сўмдан ошадиган товар ва хизматлар;
- кўчмас мулк объектлари, ишлаб чиқарилганига 10 йилдан ошмаган M, N, O ва G тоифага кирувчи транспортлар ҳамда махсус автотранспорт воситаларини сотиш ва сотиб олиш.
Фармонга кўра, 2030 йилгача иккита асосий мақсад белгиланди:
- ялпи ички маҳсулотга нисбатан кузатилмайдиган иқтисодиёт улушини 1,3 бараварга қисқартириш;
- савдо ва хизмат кўрсатиш соҳаларида аҳоли томонидан тўловларни нақд пулсиз амалга ошириш улушини 75 фоизга етказиш.