Ўзбекистон паспорти: 61 давлатга визасиз саёҳат қила олади
TASHKENT. Kazinform - Янги халқаро рейтинг натижасига кўра, Ўзбекистон фуқаролари 61 мамлакатга визасиз ёки виза олишнинг соддалаштирилган тартиби асосида саёҳат қилиш имконига эга бўлди, деб ёзади ЎзА.
Халқаро миграция ва фуқаролик масалалари бўйича тадқиқот олиб борадиган нуфузли компания эълон қилган “Henley Passport Index” рейтингида давлатимиз паспорти дунёда 75-ўринни эгаллади. Қирғизистон ҳам биз билан бир хил натижа қайд этган.
Марказий Осиё мамлакатлари орасида Қозоғистон етакчи: 78 мамлакатга визасиз кириш имконияти, 61-ўринни эгаллади.
Дарвоқе, 2025 йил бошида Ўзбекистон паспорти мавқеи жиҳатидан 80-ўринда эди. Яъни, ўзбекистонликлар 64 давлатга эркин кира оларди. Ҳозир Ўзбекистоннинг ўрни яхшиланган бўлса-да, визасиз давлатлар сони бироз камайган.
Жаҳон миқёсида етакчилик ҳамон Сингапур паспортида. Ушбу давлат фуқаролари 192 мамлакатга визасиз саёҳат қилиши мумкин. Бу индекс тарихидаги энг юқори кўрсаткич. Иккинчи ўринни Жанубий Корея ва Япония бўлиб олган – 188 давлат очиқ. Учинчи поғонада Дания, Люксембург, Испания, Швеция ва Швейцария. Европанинг мазкур юртларидан 186 мамлакатга визасиз кириш мумкин.
Рейтингнинг қуйи қисмида кўп йилдан бери қуролли можаро таъсирида қолаётган юртлар. Афғонистон паспорти энг заиф – афғонлар атиги 24 давлатга визасиз боради. Шунингдек, Сурия ва Ироқ ҳам энг паст кўрсаткичга эга мамлакатлар қаторида қолмоқда.