Ўзбекистон Эрон халқига инсонпарварлик ёрдамини жўнатди
ASTANA. Kazinform - Ўзбекистон ҳукумати томонидан Эрон халқига инсонпарварлик ёрдами юборилди. Бу ҳақда Ўзбекистон ташқи ишлар вазирлиги матбуот хизмати хабар берди.
Озиқ-овқат маҳсулотлари, жумладан ун, гуруч, шакар, макарон маҳсулотлари, кунгабоқар ёғи, консервалар, шунингдек, дори воситалари ва тиббий буюмлардан иборат инсонпарварлик юки Эрон томонига етказилди.
Инсонпарварлик юкларини қабул қилиб олишда Эроннинг Дарегаз шаҳри ҳокими Мужтабо Базмара, Эрон ташқи ишлар вазирлигининг Хуросон Разавий вилоятидаги идораси раҳбари, вазир маслаҳатчиси Али Масумифар ҳамда Эроннинг Туркманистондаги элчиси Али Мужтабо Рузбехани иштирок этган.
Эрон расмийлари кўрсатилган инсонпарварлик ёрдами ва юксак эътибор учун Ўзбекистон президентига самимий миннатдорлик билдирди. Улар мазкур ташаббусни икки мамлакат ўртасидаги дўстлик, ҳамжиҳатлик ва ўзаро қўллаб-қувватлаш анъаналарининг ёрқин ифодаси эканини таъкидладилар.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Озарбайжон Эронга гуманитар ёрдам юборгани ҳақида хабар берган эдик.