Утилизация йиғими бекор қилинса, ким ютади, ким ютқазади
Ҳеч кимга сир эмаски, жамоатчилик эътибори утилизация йиғимига қаратилган. Бизга маълумки, ушбу йиғимга қарши петиция эълон қилинган ва 50 000 имзо тўпланган. Эндиликда мазкур мурожаатни кўриб чиқиш бўйича Ҳукумат аъзолари, Парламент депутатлари, жамоатчилик фаоллари, соҳа вакилларидан иборат ишчи гуруҳ тузилади. Бўлажак муҳокамада қайси томоннинг нуқтаи назари устунлик қилиши мумкин? Кazinform мухбири ушбу масалани таҳлил қилди.

Двигатель ҳажми ва йили учун ҳам йиғим олинади
Аввало, факт ва рақамларга мурожаат қилайлик. 2016 йилдан бошлаб Қозоғистонда утилизация йиғими тизими жорий этилган. Ўшандан бери мавзу бўйича қарашлар турли йўналишларда ривожланмоқда.
Қуйидаги биринчи инфографикада 2021-2024 йиллар давомида мамлакатдаги утилизация йиғими миқдори кўрсатилган. 2021 йилнинг иккинчи ярмидан бошлаб экологик тоза электромобиллар ва гибрид двигателли автомобиллар солиқдан озод этилди. 2022 йил бошида мамлакатда рўй берган нохуш ҳодисалардан сўнг, аҳоли талабига кўра, утилизация йиғими 50 фоизга қисқартирилди.

Шу ўринда таъкидлаш жоизки, “РОП Оператори” МЧЖ 2016-2021 йиллар давомида утилизация йиғимидан 614,5 миллиард тенге даромад олган. Бошқа давлатдан автомобиль сотиб олган ҳайдовчилар утилизация йиғимидан ташқари, автомобиль ишлаб чиқарилган йилига қараб биринчи давлат рўйхатидан ўтказилганлик нархини ҳам тўлайди. Унинг миқдори қуйидаги инфографикада кўрсатилган.

Дунёда вазият қандай?
Ростини айтганда, МДҲ давлатлари бундан мустасно, кўплаб мамлакатларда утилизация йиғими миқдори Қозоғистонникидан бироз пастроқ.
Қўшни давлатлар ва кўҳна қитъа ҳамда бошқа мамлакатлардаги утилизация миқдорини солиштириб кўрайлик. Шу мақсадда биз мисол тариқасида 2022 йил учун тенге валютаси кўрсаткичларини кўриб чиқдик.
Россияда утилизация йиғимининг асосий ставкаси 20 000 рублни (тахминан 100 000 тенге) ташкил қилади. Лекин бунинг устига автомобилнинг двигатель қуввати ва ишлаб чиқарилган йилига қараб коэффициентлар қўшилади. Мисол учун, 2022 йилда двигатель ҳажми 2001 йилдан 3000 см3 гача бўлган янги автомобилни рўйхатдан ўтказиш учун 1 546 752 тенге керак эди. Агар автомобилнинг ишлаб чиқарилганига 3 йилдан ошган бўлса, у 2 637 609 тенгега ошади.
Ўзбекистонда йиғим двигатели ҳажми 2001-3000 куб сантиметргача бўлган 3 йилдан кам бўлган автомобил учун 1 955 144 тенге, 3 йилдан ошган автомобиллар учун 3 584 429 тенгени ташкил этади. Яъни Қозоғистонга нисбатан қимматроқ.
Европа Иттифоқи мамлакатларида эса автомобиль ишлаб чиқарувчилари ўзларининг қайта ишлаш марказларини очдилар. Ёки ушбу хизмат билан шуғулланадиган компаниялар билан шартномалар тузадилар. Автомобиль эгаси ҳеч қандай маблағ тўламайди. Аммо шуни ҳисобга олиш керакки, бу мамлакатларда утилизация йиғими каби тўловлар бўлмаса-да, техник кўрикдан ўтиш ва экологик талабларга риоя қилишни талаб қиладиган кўплаб солиқ турлари мавжуд.
Бироқ, утилизация йиғимини мажбур қилиб қўйган Европа Иттифоқи давлатлари ҳам бор. Улардан бири - Норвегия. Автомобилни олувчи келажакда қайта ишлаш хизмати учун 2400 крон (101 000 тенгедан ортиқ) тўлайди. Нидерландияда эса автомобилнинг оғирлиги ва двигатель ҳажмидан қатъи назар, автомобиль эгаси утилизация йиғими учун 30 евро (тахминан 14600 тенге) тўлайди.
2002 йилда Японияда автомобилларни утилизация қилиш тўғрисидаги қонун ҳужжатлари чиқарилди. 2005 йилдан бошлаб ҳар бир фуқаро автомобиль сотиб олаётганда утилизация йиғимини тўлаши шарт. Миқдори 7 000-18 000 минг иена (тахминан 20 000-52 000 тенге) орасида бўлади. Ҳар бир автомобиль маркаси учун юқорида кўрсатилган миқдор доирасида йиғим олинади.
МДҲ давлатлари ва Европа Иттифоқи фарқи шундаки, биринчиси маҳаллий корхоналарни ривожлантиришга эътибор қаратса, иккинчиси барча автоулов чиқиндиларидан халос бўлиб, қайта ишлашга устувор аҳамият беради. Шу сабабли, утилизация йиғимида сезиларли фарқ борлиги аниқ.
Бу ерда муаммо шундаки, агар Қозоғистон каби давлатлар утилизация йиғими ва дастлабки рўйхатдан ўтказиш тўловларини бекор қилса, АҚШ, Жанубий Корея ва бошқа мамлакатлардан келаётган автомобиллар оқими, албатта, кўпайиб кетади. Улар орасида тарихи нопок (жиноятга алоқадор, ўғирланган), экологик талабларни ҳаддан ташқари бузган ёки фақат автоулов чиқиндиларига мос келадиган транспорт воситалари бўлиши мумкин.
Корхоналар сони ортиб бормоқда
Энди Ҳукумат ва маҳаллий саноат вакилларининг нуқтаи назари ҳақида ўйлаб кўрайлик. Бу мавзу кенг муҳокама қилина бошлаганидан бери Саноат ва қурилиш вазири Қанат Шарлапаев утилизация йиғимини бекор қилишни сўраган жамоатчилик вакиллари билан учрашганини маълум қилди. Эндиликда вазирлик раҳбари бу масала Ҳукумат даражасида муҳокама қилинганидан сўнг, ҳуқуқий асосга мувофиқ ҳал бўлишини айтади. Шу ўринда вазир утилизация йиғимидан тушган маблағлар қандай мақсадда ишлатилишини тушунтирди.
– Маблағларни йўналтиришга келадиган бўлсак, унинг маълум қисми қишлоқ хўжалиги техникасини олишга кетган. Автобуслар сотиб олинди, менимча, бу маблағни жамоат транспортини ривожлантиришга сарфлашимиз табиий. Шу тариқа шаҳар аҳолисининг ҳаёт сифатини яхшилаймиз, – дея тушунтирди Қ.Шарлапаев.
Шу арафада Бош вазирнинг биринчи ўринбосари Роман Скляр Primeminister.kz сайтига интервью бериб, Қозоғистон саноати ва утилизация йиғими ҳақида гапирди. Сабаби, утилизация йиғимига қарши тараф ишлаб чиқариш олдинга силжимаётганига ишора қилган. Бош вазир ўринбосарининг сўзларига кўра, Экибастуз шаҳрида «Railways Systems KZ» компаниялар гуруҳи томонидан темир йўл машинасозлиги соҳасида энг замонавий ускуналар ишлаб чиқариш бўйича еттинчи линия қурилиши олиб борилмоқда. Бунгача корхонада Экибастуз шаҳрида темир йўл тармоғи учун 6 турдаги маҳсулот ишлаб чиқарилган. Саран шаҳрида собиқ резина-техника буюмлари заводи негизида ишлаб чиқариш ташкил этилган. Улар орасида синов режимида ишлаб чиқаришни бошлаган шиналар заводи ҳам бор. Шу билан бирга, бу маҳсулот Қозоғистонда 2000 йилдан бери ишлаб чиқарилмайди. Биринчи ишлаб чиқариш июнь ойида бошланади, жорий йилда шаҳарда 1 миллион дона замонавий шиналар ишлаб чиқарилади.
Шунингдек, Р.Скляр утилизация йиғимини бекор қилиш эски автомобиллар сонини янада кўпайтириши ва мамлакатда экологиянинг ёмонлашишига олиб келишини илгари сурди.
– Бизнинг асосий вазифамиз маҳаллийлаштиришни оширишга интилишдир. Ҳукуматнинг мақсади - мамлакатимизга имкон қадар кўпроқ фойда келтирадиган саноат тармоқларини яратиш. Ўтган йили маҳаллий автомобиль ишлаб чиқарувчилари 142 минг дона автомобиль ишлаб чиқарган. Ушбу янги машиналарни сотиб олганлар утилизация йиғимини тўламаган, - деди Бош вазир ўринбосари.
Яъни, мамлакатда ишлаб чиқарилган янги автомобиллар учун утилизация йиғимини тўлашнинг ҳожати йўқ. Бу орқали ҳар бир фуқаро маҳаллий ишлаб чиқаришни қўллаб-қувватлаши мумкин.
Ҳар икки томоннинг ўз сабаблари бор. Келажакда кенг муҳокамалардан сўнг натижа маълум бўлади. Асосийси, ҳар икки томонни ҳам қониқтирадиган ечим топишдир.