Тўрт ҳафта давомида ижтимоий аҳамиятга эга озиқ-овқат маҳсулотлари нархлари кетма-кет ўзгаришсиз қолди

ASTANA. Kazinform – Шанба куни Бош вазир ўринбосари – Миллий иқтисодиёт вазири Серик Жуманғарин раислигида инфляцияга таъсир этувчи омиллар ва уни жиловлаш чораларини ишлаб чиқишга бағишланган йиғилиш бўлиб ўтди. Бу ҳақда Ҳукумат матбуот хизмати хабар берди.

Жұманғарин
Фото: primeminister.kz

Миллий иқтисодиёт вазирининг биринчи ўринбосари Азамат Амриннинг сўзларига кўра, август ойида йиллик инфляция 12,2 фоизга етган (июлда – 11,8 фоиз). Нархларнинг ўсиши, айниқса, Қарағанди (14,4 фоиз), Улитау (13,6 фоиз), Ақмола (13 фоиз), Атирау (12,8 фоиз), Шимолий Қозоғистон (12,6 фоиз), Ақтўбе (12,5 фоиз) ва Ғарбий Қозоғистон (12,4 фоиз) вилоятларида, шунингдек, Астана (12,8 фоиз) ва Алмати (12,7 фоиз) шаҳарларида сезиларли бўлди.

“Инфляцияга таъсир кўрсатган энг муҳим омиллар пуллик хизматлар бўлди: коммунал хизматлар (+2,9%), транспорт (+1,7%) ва соғлиқни сақлаш (+0,9%)”, — деди Азамат Амрин.

Ноозиқ-овқат товарлари нархи ўртача 1 фоизга ошди. Шу билан бирга, айрим товарлар арзонлашди. Масалан, совутгич ва музлатгичлар 1,5 фоизга, газ плиталари 6,3 фоизга, шиша идишлар ва ошхона анжомлари 0,1 фоизга арзонлашган.

Жорий йилнинг иккинчи чорагидан бери озиқ-овқат инфляцияси икки баравар пасайди. Август ойида у фақат 0,5% бўлди. Кетма-кет тўрт ҳафта давомида ижтимоий аҳамиятга эга озиқ-овқат маҳсулотлари нархлари ўзгаришсиз қолди. Бу кўрсаткич йил бошидан бери биринчи марта уларнинг индексини 7,8 фоизгача пасайтириш имконини берди.

Савдо ва интеграция вазирининг биринчи ўринбосари Айжан Бижанованинг сўзларига кўра, озиқ-овқат инфляциясига импорт улуши сезиларли даражада таъсир кўрсатмоқда (озиқ-овқат таркибида – 23-27%). Шу муносабат билан импорт ўрнини босиш дастурлари доирасидаги чора-тадбирларни кучайтириш таклиф этилди.

“Ҳафта давомида сабзавот ва гуруч арзонлашди, шакар нархи пасайди. Туз ва кунгабоқар ёғи нархларининг ўсиши секинлашди. Бу, асосан, нархларни барқарор сақлаш бўйича ишлаб чиқарувчилар билан тузилган келишувлар натижасидир”, – дейди Бижанова.

Сўнгги хабарлар