Туркия август ойида Озарбайжон газини Сурияга экспорт қилишни бошлайди

ASTANА. Кazinform – Озарбайжон гази Туркиянинг Килис провинцияси орқали Алеппо(Ҳалаб) шаҳрига етказилади ва Сурия шимолини электр энергияси билан таъминлаш учун ишлатилади. Бу ҳақда Туркия энергетика ва табиий ресурслар вазири Алпарслон Байрактар маълум қилди.

Туркия август ойида Озарбайжон газини Сурияга экспорт қилишни бошлайди
Фото: Anadolu

Вазирнинг сўзларига кўра, Сурияга газнинг биринчи партияси 2 август куни жўнатилади.Етказиб бериш Килис ва Алеппони боғловчи газ қувури орқали амалга оширилади, қурилиши май ойида якунланган.

— Шанба куни Озарбайжон газини Килис орқали Алеппога экспорт қилишни бошлаймиз, — деди Байрактар Анқарада ўтказилган Аnadolu агентлигининг таҳририяти билан учрашувда сўзлаган нутқида.

Лойиҳа доирасида 6 миллион куб метр газдан фойдаланиш режалаштирилган. Бу ҳажм 1200 мегаваттгача электр энергияси ишлаб чиқариш имконини беради. Газ Туркия ва Озарбайжон ўртасидаги алмашиш механизми орқали Қатарнинг молиявий иштирокида етказиб берилади.

Дастлаб, бу етказиб беришлар Сурия шимолидаги электр таъминотини кунига ҳозирги 3-4 соатдан 10 соатгача оширади.

Вазирнинг сўзларига кўра, Туркия аллақачон Сурия шимолига электр энергияси экспорт қилмоқда ва мавжуд электр тармоқлари орқали етказиб бериладиган қувватни 280 мегаваттгача оширишни режалаштирмоқда.

— 500 мегаватт қувватга эга Бижерик-Алеппо линиясини тиклаш ишлари ҳам олиб борилмоқда. Бу линиянинг Туркия томонидаги қисми сақланиб қолган, Сурия томонидаги қисми эса таъмирга муҳтож. Қайта тиклангач, 900 мегаваттгача энергия экспорт қилиш имкониятига эга бўламиз. Бу тахминан 1,6 миллион хонадоннинг эҳтиёжларини қоплайди, — деди Байрактар.

Шунингдек, у бир қатор халқаро санкцияларнинг юмшатилиши бу каби лойиҳаларни амалга оширишга замин яратишини ва Суриядаги вазиятни барқарорлаштиришга, жумладан, қочқинларнинг қайтишига ёрдам беришини қайд этди.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Туркия инфляция секинлашгани боис асосий ставкани пасайтиргани ҳақида хабар берган эдик.

Сўнгги хабарлар