Трамп: Исроил ва Эрон ўртасидаги тўқнашув тўлиқ тўхтатилди
ASTANA. Kazinform – АҚШ ва Қатарнинг биргаликдаги воситачилиги туфайли Исроил ва Эрон ўртасидаги қуролли можаро тўхтатилди.

АҚШ президенти Дональд Трамп Исроил ва Эрон ўртасида 12 кун давом этган қуролли тўқнашувни тўлиқ ва ниҳоявий тугатиш бўйича келишувга эришилганини эълон қилди. Бу ҳақда у душанба куни кечқурун Truth Social платформасида чоп этилган расмий баёнотида маълум қилди.
“Агар ҳаммаси режа бўйича кечса – айнан шундай бўлади. Мен Исроил ва Эрон давлатларини ҳозирда “Ўн икки кунлик уруш” деб аталса арзийдиган можарони тўхтатишга имкон берган сабр-тоқат, жасорат ва ақл-заковатлари билан табриклайман” – деб ёзди Америка президенти.
Трампнинг сўзларига кўра, ўт очишни тўхтатиш жараёни босқичма-босқич амалга оширилади: томонлар амалдаги ҳарбий операцияларни олти соат ичида якунлайди, тўлиқ ўт очишни тўхтатиш эса 24 соат ичида кучга киради. Шунингдек, у Эрон ушбу режимга дарҳол риоя қилишини, Исроил эса 12 соатдан сўнг амалга оширишини маълум қилди.
Reuters агентлигининг Оқ уйдаги манбасига таяниб хабар беришича, келишув Трамп билан Исроил Бош вазири Биньямин Нетаньяху ўртасида бўлиб ўтган телефон суҳбатидан сўнг амалга ошган.
Эрон билан музокараларда АҚШ вице-президенти Жей Ди Вэнс, Давлат котиби Марко Рубио ҳамда АҚШнинг Яқин Шарқ бўйича махсус вакили Стив Уиткофф иштирок этгани алоҳида қайд этилган.
Reuters маълумотига кўра, Эроннинг келишувга қўшилиши Қатар Бош вазири шайх Муҳаммад бин Абдураҳмон Ол Соний ҳамда Эрон раҳбарияти вакиллари ўртасидаги телефон мулоқотидан сўнг амалга ошган.
Хабарларга кўра, бу суҳбат АҚШ якшанба куни Эрондаги ядровий объектларга зарба берганидан сўнг, Эрон томони АҚШнинг Қатардаги ҳарбий базасига ракетали ҳужум қилганидан кейин бўлиб ўтган.
Трамп NBC News телеканалига берган интервьюсида бу келишув узоқ муддатли бўлишига ишонч билдирди.
“Мен бу тинчлик битими абадий бўлади, деб ўйлайман”, – деди у.
Эрон Қатар-АҚШ таклифини қабул қилганини расман тасдиқлади. Исроил эса ҳозирча расмий изоҳ бергани йўқ.
Шу билан бирга, Исроил ҳукуматидаги манбалар бу операцияни якунлаш истагини билдириб, буни Вашингтонга етказганини аввалроқ маълум қилган.
Эслатиб ўтамиз, 13 июнга ўтар кечаси Исроил ҳарбий-ҳаво кучлари Эрон ҳудудига зарба берганди. Теҳронда кучли портлашлар эшитилган. Исроил фавқулодда ҳолат эълон қилиб, ўз ҳаво фазосини ёпган. Эрон эса бу зарбалар оқибатида юқори ҳарбий қўмондонлари ва етакчи олимлари ҳалок бўлганини тасдиқлаган.
Жавоб тариқасида Эрон Исроил томонга 100 дан ортиқ учувчисиз учар аппарат (дрон) юборган.
АҚШ президенти Дональд Трамп Эроннинг ядровий инфратузилмасига қарши ўтказилган «жуда муваффақиятли» ҳарбий операция ҳақида баёнот берган.