Тожикистон 2026 йилда Марказий Осиё ягона электр тармоғига қўшилади
ASTANA. Kazinform - Тожикистон Марказий Осиё электр тармоғига қўшилиш жараёнини 2026 йилнинг биринчи ярмида якунлайди. Бу ҳақда Тожикистон Республикаси энергетика ва сув ресурслари вазири Далер Жума МДҲ Электр энергетика кенгашининг 67-йиғилишида маълум қилди, деб хабар беради Kazinform ахборот агентлиги мухбири.
Вазир Марказий Осиё давлатлари ўртасидаги ҳамкорлик муҳим роль ўйнашини, шу сабабли минтақавий энергетика тизимининг ишончлилигини ошириш мақсадида ҳозирда Тожикистон энергетика тизимини ягона энергия тизимига улаш лойиҳаси амалга оширилаётганини таъкидлади.
"Лойиҳа доирасида 2024 йил июнь ойи бошида Тожикистон электр тизимининг жануби-ғарбий қисми ягона тармоққа муваффақиятли уланди. Режага кўра, 2026 йил биринчи ярмида мамлакатнинг шимолий электр тармоқлари ҳам уланиши керак", - деди Д.Жума.
Шунингдек, у CASA-1000 халқаро лойиҳасининг бориши ҳақида маълумот берди. Электр узатиш линиясининг Тожикистон ва Қирғизистон участкалари ишга туширилиб, келажакда электр энергияси экспорти учун замин ҳозирланган.
"Тожикистон Республикаси ўзининг улкан гидроэлектрик салоҳиятидан самарали фойдаланиш учун барча саъй-ҳаракатларини амалга оширяпти. Айни пайтда бир қатор ГЭСлар, жумладан, ўрнатилган қуввати 3780 МВт бўлган Роғун ГЭСи қурилиши давом этяпти", — дея қўшимча қилди вазир.
Муаллиф: Мадибек Жанибеков