Тошкентда XXI Маданий анъаналар ва миллий таомлар фестивали ўтказилди

Тошкент шаҳридаги “Марказий боғ”да мамлакатда аккредитациядан ўтган дипломатик ваколатхоналар ва халқаро ташкилотлар иштирокида “XXI Маданий анъаналар ва миллий таомлар фестивали” ташкил этилди, деб ёзади ЎзА.

Тошкентда XXI Маданий анъаналар ва миллий таомлар фестивали ўтказилди
Фото: ЎзА

Анъанавий тарзда ўтказиб келинаётган мазкур анжуман маданий ҳаётни яна бир ўзига хос мазмун билан бойитиш баробарида пойтахт аҳолиси ва хорижлик меҳмонларга турли мамлакатлар маданиятини кенг таништириш имконини беради.

Маданият ва туризмни ривожлантиришга қаратилган бу галги тадбирда йигирмадан зиёд элчихона, шунингдек Бирлашган Миллатлар Ташкилоти, Европа Иттифоқи, Жаҳон банки каби йирик тузилмалар вакиллари ўз маҳоратини намойиш этди. Анжуман турли халқлар урф-одатига хос ва маданий-маърифий алоқаларни кенгайтиришга йўналтирилган ўзига хос ёрқин воқеадир.

Қайд этиш жоиз, фестиваль 2000 йилдан буён Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги ҳузуридаги дипломатик корпусга хизмат кўрсатиш бюроси томонидан кенг миқёсда уюштириб келинмоқда. Элчихона ходимлари ошпазлик истеъдодини намойиш этган ҳолда, қатнашчиларга ўз мамлакати таоми, жумладан миллий ошхонасига мансуб ажабтовур лаззат тақдим этдилар.

Бундан ташқари тадбир дунёнинг турли бурчакларидан анъанавий миллий рақслар, мусиқа ва либослар намойиши асносида унутилмас байрамга айланди.

Сўнгги хабарлар