Токио Сурдлимпиада ўйинларида Қозоғистонни 79 нафар спортчи ҳимоя қилади

ASTANA. Kazinform — 2025 йил 15-26 ноябрда Токиода бўлиб ўтадиган XXV ёзги Сурдлимпиада ўйинларида Қозоғистонни 79 нафар сурдоспортчи ҳимоя қилади.

параспорт
Фото: ҚР парадзюдо федерациясы

«Спортчилар халқаро майдонларда юртимиз шарафини муносиб ҳимоя қилиб келмоқда. Мустақиллик йилларида қозоғистонлик спортчилар саккизта Сурдлимпиадада 42 та медаль, жумладан, 8 та олтин, 8 та кумуш ва 26 та бронза медалини қўлга киритди. 2022 йил Бразилияда бўлиб ўтган ўйинларда терма жамоамиз 29 та медаль қўлга киритиб, умумжамоа ҳисобида 13-ўринни эгаллади. Бу йил Қозоғистон Сурдлимпиада ўйинларида еттинчи бор иштирок этади», - деди Миллий сурдлимпия қўмитаси президенти Серик Сапиев.

Спорт ва жисмоний тарбия қўмитасининг Жисмоний имконияти чекланган шахслар билан ишлаш бўлими бошлиғи Марат Қасқирбаевнинг айтишича, Токиодаги мусобақаларда мамлакатимиз шарафини 79 нафар спортчи енгил атлетика, дзюдо, таэквондо, стол тенниси, бадминтон, сузиш, эркин ва юнон-рум кураши бўйича ҳимоя қилади. 

Айтиш жоизки, бугунги кунда республикада жисмоний имконияти чекланган шахслар учун 16 та спорт клуби, 1 та спортни ривожлантириш дирекцияси (Алмати вилоятида) ва 2 та ихтисослаштирилган спорт мактаби (Чимкент шаҳри ва Қарағанди вилоятида) фаолият кўрсатиб келяпти. Бу ташкилотлар Алмати, Абай, Туркистон, Жамбил, Ғарбий Қозоғистон, Манғистау, Шимолий Қозоғистон, Павлодар, Шарқий Қозоғистон, Ақмола, Қостанай, Ақтўбе, Атирау, Жетису, Қизилўрда вилоятлари ва Астана шаҳрида жойлашган. У ерда жами 7 532 нафар спортчи мунтазам шуғулланади.

Аввал паралимпия ва сурдлимпиа ўйинлари совриндорларини тайёрлайдиган мураббийлар махсус тўловлар олиши ҳақида хабар берган эдик.

Сўнгги хабарлар