Темир йўл соҳасида қандай йирик лойиҳалар амалга оширилмоқда

ASTANA. Kazinform - Жорий йилда 1,4 минг километр темир йўл таъмирланди. Бу ҳақда Парламент Мажилисида транспорт-логистика салоҳиятини ривожлантириш масалаларига бағишланган Ҳукумат соати давомида транспорт вазири Марат Қарабаев маълум қилди.

вагон
Фото: Александр Павский/Kazinform

“Магистраль темир йўл тармоғини модернизация қилиш энг катта масалалардан биридир. Унинг эскириш даражаси ҳозирда 57 фоиз атрофида. Жорий йилда 1 минг 401 километр йўл таъмирланди. Транспорт узлуксизлиги ва магистраль темир йўлларнинг ўтказувчанлигини ошириш учун Давлатимиз раҳбарининг топшириғи доирасида 2029 йилгача 11 минг километр темир йўл участкаси таъмирланади, шундан 2800 километри (26 фоиз) бажарилди. Бундан ташқари, умумий узунлиги 5 минг километр (шу жумладан, 1,3 минг километр қурилаётган) бўлган янги ва иккинчи даражали йўллар қуриш, 2 минг 600 километрга автоблокировкани жорий этиш ва 184 та станцияни модернизация қилиш режалаштирилган”, – деди М. Қарабаев.

Унинг таъкидлашича, айни пайтда “Дўстлик – Мўйинти” темир йўл участкасида иккинчи даражали йўллар (836 км) ва Алмати ҳалқа йўли (74 км) қурилиши давом этмоқда, шунингдек, “Дарбаза – Мақтаарал” (152 км) ва “Бақти – Аяғоз” (272 км) йўналишларида қурилиши бошланди. 

“Айни пайтда Хитой йўналишидаги темир йўл назорат пунктлари лойиҳа қувватидан тўлиқ фойдаланиб келяпти, яъни қуввати 28 миллион тонна бўлса, бу йилги талаб 30 миллион тоннани ташкил этади. Шу билан бирга, юк ташиш ҳажмининг ортиб боришини таъминлаш мақсадида назорат-ўтказиш пунктларининг ўтказувчанлигини ошириш бўйича қуйидаги чора-тадбирлар амалга ошириляпти: 
биринчидан, йилига қўшимча 20 миллион тонна юк ташиш имконини берадиган “Бақти-Аяғоз” янги темир йўлини амалга ошириш бошланди;
икинчидан, Алтинкўл станциясини модернизация қилиш режалаштирилган, бу эса унинг ўтказиш қобилиятини 12 миллион тоннадан 21 миллион тоннагача ошириш имконини беради;
учинчидан, станциянинг юк ташиш қувватини йилига 16 миллион тоннадан 35 миллион тоннагача ошириш имконини берувчи “Дўстлик-Мўйнти” участкасида қабул-жўнатиш парклари ва терминал инфратузилмасини кенгайтириш ишлари олиб бориляпти. Бунинг натижасида Қозоғистон ва Хитой ўртасидаги темир йўл вокзалларининг ўтказиш қобилияти 2,5 баробарга ошиб, 76 миллион тоннага етади”, - деди вазир.

Унинг сўзларига кўра, темир йўл соҳасидаги янги йўналишлардан бири — мультимодаль йўналишларни шакллантиришдир.

Ушбу лойиҳани амалга ошириш жараёнида Хитой билан чегарада тўртинчи темир йўл назорат-ўтказиш пунктини очиш, Туғилга 120 километрлик темир йўл ўтказиш ва у ерда дарё портини қуриш режалаштирилган.

“Бу эндигина бошланаётган янги лойиҳа. Келаси йил май ойида Хитой, Қозоғистон ва Россия Транспорт вазирлари даражасида уч томонлама учрашув ўтказамиз. Лойиҳа Иртис дарёсидан Объ дарёси орқали Шимолий денгизларгача, Хитой ва Россия ўртасида Қозоғистон ҳудудидан ўтувчи янги мультимодаль транзит йўлагини шакллантиради. Ташишнинг тахминий ҳажми йилига 2 миллион 500 минг тоннани ташкил этади”, - деди Марат Қарабаев.

Сўнгги хабарлар