ТДТга аъзо давлатлар Бош прокурорлари кенгашининг 5-йиғилиши Қозоғистонда бўлиб ўтади
TASHKENT. Kazinform — Тошкентда Туркий давлатлар ташкилоти (ТДТ)га аъзо давлатлар Бош прокурорлари кенгашининг 4-йиғилиши бўлиб ўтди, деб хабар беради ЎзА.

Унда Озарбайжон, Қозоғистон, Қирғизистон ва Туркия Бош прокурорлари ҳамда ТДТ Бош котиби иштирок этди.
Йиғилишда Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг йиғилиш қатнашчиларига йўллаган самимий мурожаати ўқиб эшиттирилди.
Тадбирда бундай форматдаги учрашув давлатлараро ҳамкорликни мустаҳкамлаш, тажриба алмашиш ва ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари ўртасидаги ҳамкорликни такомиллаштиришда муҳим майдон экани таъкидланди.
Йиғилишда асосий эътибор прокуратура органлари фаолиятида замонавий ахборот-коммуникация технологияларини жорий этиш, рақамли криминалистика соҳасини ривожлантириш, тажриба алмашиш ва киберхавфсизлик соҳасида халқаро ҳамкорликни мустаҳкамлаш масалаларига қаратилди.
Йиғилиш якунларига кўра, иштирокчилар декларация қабул қилди. Унда ҳамкорликнинг устувор йўналишлари ва ҳуқуқий ҳамкорликни ривожлантириш бўйича келишувлар белгиланди.
ТДТга аъзо давлатлар Бош прокурорлари кенгашининг 5-йиғилиши Қозоғистонда ўтказилиши белгиланди.
Эслатиб ўтамиз, Бишкекда Туркий давлатлар ташкилотига аъзо давлатлар диний етакчиларининг йиғилиши бўлиб ўтди.