Табиатни муҳофаза қилиш халқаро иттифоқи Марказий Осиёда сув дипломатиясини ривожлантириш ниятида
TASHKENT. Kazinform - Тошкентда Green Universityда Халқаро табиатни муҳофаза қилиш иттифоқининг Марказий Осиё учун минтақавий ваколатхонаси очилди, деб хабар беради Kazinform агентлиги мухбири.

Иттифоқнинг Тошкентдаги ваколатхонаси минтақанинг бешта давлатига хос экологик муаммоларни ҳар томонлама ўрганиш билан шуғулланади. Ваколатхона ўз фаолияти доирасида ушбу давлатлар ҳукуматлари учун экологик оқибатларнинг олдини олиш ва бартараф этиш бўйича тавсиялар ишлаб чиқади, шунингдек, тегишли ташаббусларни қўллаб-қувватлайди.

“Халқаро табиатни муҳофаза қилиш иттифоқининг минтақавий ваколатхонаси нафақат Ўзбекистонда, балки Марказий Осиёнинг барча бешта давлатида экологик лойиҳаларни амалга оширишга кўмаклашади. Бундан ташқари, у олимлар ва тадқиқотчилар ўртасида тажриба алмашиш учун майдонга айланади”, — деди Ўзбекистон Экология вазири Азиз Абдуҳакимов.

Халқаро табиатни муҳофаза қилиш иттифоқи минтақада бир қатор лойиҳаларни амалга оширишни режалаштирмоқда. Хусусан, «Blue Peace Central Asia 2.0» дастури доирасида ташкилот сув дипломатиясини ривожлантиришга кўмаклашиш ва трансчегаравий сув ҳавзаларининг экологик ҳолатини яхшилаш ниятида.
Эслатиб ўтамиз, бир неча йил аввал Халқаро табиатни муҳофаза қилиш иттифоқи Қозоғистонда дашт ва чала чўл ҳудудларида яшовчи антилопаларнинг ноёб ва ҳимоясиз тури бўлган жайронларни сақлашга қаратилган ноёб лойиҳа ташаббуси билан чиққан эди.