Суррогат она хизматининг нархи қанча

АSTANА. Kazinform – Қозоғистонда ҳар бешинчи оила ажрашига фарзанднинг йўқлиги сабаб бўлади. Расмий маълумотларга кўра, эр-хотиннинг 15 фоиздан ортиғи бепуштликка дуч келган. Шу муносабат билан сўнгги йилларда қазоғистонликлар суррогат оналарнинг ёрдамига кўпроқ мурожаат қилишмоқда. Kazinform мухбири ушбу ҳолатни ўрганди.

Суррогат она хизматининг нархи қанча
Коллаж: Kazinform/ Canva/ DALL-E

Ҳар йили 130 бола шу усул билан дунёга келади

Ушбу жараён жамиятда турли қарашларни юзага келтирган бўлса-да, кўплаб оилалар учун ота-она бўлишнинг ягона имкониятидир. Қозоғистонда суррогат оналар ёрдамига мурожаат қилган оилаларнинг аниқ сони маълум эмас, чунки бу махфий маълумот ҳисобланади. Аммо талаб юқори эканлигини соҳавий уюшманинг статистикаси кўрсатмоқда.

Қозоғистондаги репродуктив тиббиёт уюшмаси маълумотларига кўра, бугунги кунда мамлакатда суррогат она хизматини таклиф этувчи тахминан 30 клиника мавжуд. Улар йилига ўртача 330 дастурни амалга оширади. Унинг ўртача самарадорлиги тахминан 40 фоизни ташкил этади. Натижада ҳар йили 130 бола суррогат она ёрдамида дунёга келади.

Бироқ хизматнинг катта ҳақи бор. Чунки Қозоғистонда суррогат онага давлат квотаси ажратилмаган. Фақат экстракорпорал уруғлантириш дастури давлат томонидан молиялаштирилади. Шунинг учун суррогат она ёрдамига мурожаат қилишга қарор қилган жуфтликлар харажатларга тайёр бўлиши керак.

Бундай қадамга кимлар боради?

Маълумотларга кўра, суррогат она бўлишга кўпроқ молиявий қийинчиликка дуч келган аёллар мурожаат қилади. Улар орасида олий маълумотли хотин-қизлар ҳам учрайди.

– Кўпчилиги уй-жой муаммоси билан юзма-юз келган. Улар қарзини, кредитини ёпиш ёки уй-жойга дастлабки тўлов йиғиш мақсадида шу йўлни танлайди. Шунинг учун бу – мажбурий қарор, – дейди «Болашақ» суррогат она маркази раҳбари Дамира Бекбергенова.

Дамира Бекбергенова
Фото: Дамира Бекбергенованинг шахсий архивидан

Суррогат онага қўйиладиган талаблар қандай?

Суррогат она бўлиш тартиби «Никоҳ ва оила тўғрисида»ги Кодекснинг тўққизинчи бобида кўрсатилган. Экомед клиникасининг шифокор-репродуктологи Ислом Ерғалиевнинг айтишича, шу қонунга мувофиқ, суррогат она 20 дан 35 ёшгача бўлган аёл бўлиши керак ва камида бир фарзанди бўлиши шарт.

– Суррогат оналар аввал агентлик даражасида сараланади. Улар IQ-тест топширади, барча инфекциялар бўйича текширилади. Кейин клиникада ультратовуш текшируви ўтказилади. Барча кўрсаткичлари нормал бўлган тақдирдагина суррогат она сифатида қабул қилинади, – дейди шифокор.

Репродуктолог таъкидлаганидек, суррогат она ёрдамига фақат аниқ тиббий кўрсаткичга эга жуфтликлар мурожаат қилиши мумкин.

– Аёлларда бачадоннинг йўқлиги, оғир туғма ёки кейин пайдо бўлган патологиялар, бачадонни олиб ташлаш ҳолатлари учраб туради. Айрим ҳолатларда, хусусан ЭКОнинг бир неча бор муваффақиятсиз якунланиши ёки одатий ҳомила тушишидан кейин суррогат онага мурожаат қилиш – генетик жиҳатдан фарзандга эришишнинг ягона йўли, – дейди репродуктолог.

Ислам Ерғалиев
Фото: Ерғалиевнинг шахсий архивидан

Алоҳида таъкидлаш жоизки, боланинг суррогат она билан ҳеч қандай генетик боғлиқлиги йўқ.

– Бу – биологик ота-онанинг фарзанди. Жараён давомида эркак ва аёлнинг жинсий ҳужайралари олинади. Баъзи ҳолларда ҳужайралардан бири донорлик бўлиши мумкин, аммо иккинчиси албатта ота-онанинг бирига тегишли бўлиши лозим ёки аёлнинг, ёки эркакнинг ҳужайраси олинади. Шундан сўнг қутида уруғлантириш дастури амалга оширилади, шу тариқа эмбрион тайёр бўлади.

Суррогат онанинг бачадони болани қабул қилишга олдиндан тайёрланишини айтиш керак. Кейин эмбрион суррогат онанинг бачадонига кўчирилади ва ҳомиладорлик аниқланади, – деб тушунтирди Ислам Ерғалиев.

Шахсий тажрибадан агентликкача

Манара Байғожина уч йил аввал тиббий кўрсаткичлар туфайли суррогат она хизматидан фойдаланган. Биринчи фарзандидан кейин узоқ вақт давомида ҳомиладор бўла олмаган. Бир неча бор ЭКО қилган бўлса-да, натижа бўлмаганини таъкидлайди. 3 йил аввал суррогат она хизмати орқали унинг оиласида Арлан ва Тайир исмли эгизак ўғиллар дунёга келган.

аёл
Фото: freepik.com

Ўз тажрибасидан кейин Манара Байғожина суррогат она агентлигини очган. Унинг айтишича, ойига тахминан 10 жуфтлик муассасага мурожаат қилади.

– 2021 йилда суррогат онани ўзимиз топиб, нотариус орқали шартнома қилдик. ЭКО дастуридан ўтдик. Бу – тўлиқ биологик болалар. Эмбрион аёл ва эркакнинг биоматериали асосида шаклланади. Фарзандларимга қарасам, ўз ота-онамнинг суратини кўраман. Бу – тиббиёт ёрдамида ота-она бўлиш имконияти, – дейди Манара Байғожина.

Манара Байғожинанинг айтишича, агентликка хорижий фуқаролар мурожаат қилади.

– Қозоғистонликларнинг омади келган. Чунки бизда бу хизматга қонунан рухсат берилган. Баъзи мамлакатларда бу умуман тақиқланган. Шунинг учун Қозоғистон – хорижликлар учун ҳам имконият мамлакати, – дейди у.

Ҳомиладорлик давридаги ғамхўрлик ва мажбуриятлар

«Болашақ» суррогат она маркази раҳбари Дамира Бекбергенова суррогат оналарга ҳомиладорлик даврида қандай шароит яратилишини тушунтирди.

– Ҳар бир оила ва аёлнинг талаблари ҳар хил. Суррогат онага қандай шароит яратилиши дастур бошланишидан олдин, буюртмачилар – яъни боланинг биологик ота-онаси ва аёл ўртасидаги шартномада ёзилади ва нотариус орқали тасдиқланади, – дейди у.

Мутасадди шунингдек, ўз тажрибасида бирорта ҳам суррогат онада бола билан эмоционал боғлиқлик ҳисси пайдо бўлмаганини айтди.

– Бундай ҳолат бирор марта ҳам бўлмаган. Улар туғишдан кейин болани ота-онасига топширади. Баъзилари ҳатто бола туғилгандан кейин уни овқатлантириб ҳам қўя олади. Аммо уларнинг болага ҳеч қандай ҳаққи йўқ. Шунинг учун улар бу жараёнга иш сифатида қарайди, – деб тушунтирди мутахассис.

суррогат она
Фото: freepik.com

Шартномада барча ҳолатлар, жумладан форс-мажор ҳолатлар ҳам аниқ кўрсатилади. Масалан, агар ҳомила тушиши содир бўлса, суррогат она шартномада ёзилган оз миқдордаги товонни олади.

Шунга қарамай, бу катта суммалар ортида катта жисмоний юклама, ижтимоий босим ва эмоционал зўриқиш бор.

– Қозоғистонда суррогат оналарнинг хизматларига энг паст нарх белгиланган. Бундан арзони фақат Малайзия, Филиппин ва Африка мамлакатларида мавжуд. Менимча, суррогат она бўлиш – жуда оғир иш ва ҳақ шунга яраша тўланиши керак, – дейди Дамира Бекбергенова.

Нарх, тақиқ ва танлов

Суррогат она хизматининг қиймати ҳар йили ўзгариб туради ва унинг бир неча омилга боғлиқ равишда шаклланишини билдик. «Болашақ» суррогат она маркази раҳбари Дамира Бекбергенованинг айтишича, агар буюртмачилар Қозоғистон фуқаролари бўлса, тажрибаси йўқ суррогат онанинг хизмати камида 5 миллион тенгеден бошланади. Илгари суррогат она бўлган аёлнинг хизмати 7 миллион тенгегача етиши мумкин.

– Биологик ота-оналар ҳомиладорлик даврида суррогат онани уй-жой билан таъминламаса, унга ойига тахминан 300 минг тенге тўланади. Аммо кўп ҳолларда суррогат онага уй-жой берилгани учун бу сумма камайиши мумкин. Шунингдек, туғишдан кейин соғлигини тиклаш учун онага 400-500 минг тенге миқдорида товон тўланади. Кесарча кесиш ёрдамида туғилган ҳолда бу сумма 1 миллион тенгеден бошланади. Эгизаклар дунёга келганда тўланадиган товон 1,5 миллион тенгеден ошади, – дейди у.

Ranking.kz таҳлилчиларининг маълумотларига кўра, Қозоғистонда суррогат она хизматининг тўлиқ қиймати 9,8 миллиондан 15,5 миллион тенгегача етади. Бу тахминан 21,8-34,4 минг АҚШ долларига тенг. Европанинг айрим мамлакатларида бу хизмат анча қиммат. Чехияда – 65-85 минг доллар, Бельгияда – 54-65 минг доллар, Данияда – 50-60 минг доллар. Россияда суррогат она хизматининг қиймати 60 минг АҚШ долларигача етади.

Шунингдек, бу тажрибага дунё мамлакатларининг қарашлари ҳар хил. Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти суррогат она хизматини қўшимча репродуктив усул сифатида тан олган бўлса-да, кўплаб ривожланган мамлакатларда унга қонунан тақиқланган. Жумладан, Франция, Германия, Австрия, Норвегия, Хитой ва Швецияда суррогат она хизматини амалга оширишга рухсат берилмаган.

Ҳиндистонга бу хизмат энди кириб бормоқда. Аммо мамлакатдаги суррогат оналар қонунан тақиқланган давлатлар фуқароларига хизмат кўрсатмайди. Қозоғистонда ҳам суррогат она хизмати диний жиҳатдан маъқулланмайди.

– Биринчидан, эр киши ва суррогат она ўртасида никоҳ йўқ. Иккинчидан, аёл бачадони савдо-сотиққа кирувчи мубоҳ нарса эмас. Бу усулда ҳужайралар бир хил турмуш ўртоққа тегишли бўлмаслиги мумкин, ҳатто тегишли бўлган тақдирда ҳам бачадон бошқа одамники. Шунинг учун ислом бунга изн бермайди, – дейди Нурлан ҳожи Асанов.

Нурлан Асанов
Фото: Солтан Жексенбеков/ Kazinform

 

Шунингдек, Қозоғистон дунёвий давлат бўлгани учун бу жараён шариат қоидалари билан эмас, Конституция ва қонун талабларига мувофиқ тартибга солинган. Қандай бўлмасин, одамлар суррогат она ёрдамига ёки бу хизматни бажаришга осонликча рози бўлмайди. Танлов ортида кўпинча ижтимоий ёки тиббий мураккаб сабаблар ётгани аён...

Сўнгги хабарлар