ҚР Президенти ташрифи: Қозоғистон-Туркия муносабатлари қандай ўзгаради

ASTANA. Kazinform – Қозоғистон Президентининг Туркияга расмий ташрифи якунларини юқори даражадаги ишонч ва стратегик ҳамкорлик деб тавсифлаш мумкин. Икки туркий давлат раҳбарлари нималарга келишиб олди – Kazinform агентлигининг таҳлилий шарҳловчиси материалида.

Тоқаев, Ердоған
Фото: Ақорда

Юқори даражадаги ишонч

Туркия Республикаси – Қозоғистоннинг савдо-иқтисодий, тарихий ва геосиёсий соҳалардаги узоқ йиллик ишончли ҳамкори ҳисобланади. Буни икки туркий халқ етакчиларининг алоқалари ҳам тасдиқлаб турибди. 2019 йилдан бери Қасим-Жомарт Тоқаев Туркия Президенти Режеп Таййип Эрдоған билан 14 марта икки томонлама учрашув ўтказди. Улардан сўнггиси жорий йилда Будапештдаги Туркий давлатлар ташкилотининг норасмий саммити доирасида бўлиб ўтди.

Тоқаев пен Ердоған
Фото: Ақорда

Қасим-Жомарт Тоқаевнинг Анқарадаги халқаро аэропортга етиб келиши муносабати билан трап олдида фахрий қоровул саф тортди. Энг диққатга сазовор жиҳати – Туркия раҳбари уни шахсан кутиб олди. Бу эса икки давлат ўртасидаги ишонч даражасининг юқорилигини кўрсатади. Шунингдек, Анқара кўчаларида Қозоғистон раҳбари шарафига баннерлар илинди.

Тоқаев пен Ердоған
Фото: Ақорда

Президент Тоқаевнинг расмий ташрифи Мустафо Камол Отатурк мақбарасига ташриф билан бошланди. Расмий учрашувлар Президент саройида катта эҳтиром билан ўтказилди – қўшинлар ва отлиқ гвардия ҳам жалб этилди. Стратегик ҳамкорлик бўйича Қозоғистон-Туркия олий даражадаги 5-йиғилишида Президент Эрдоған меҳмонини шундай сўзлар билан кутиб олди: «Иккинчи Ватанингизга хуш келибсиз!». Шунингдек, у қозоқ халқига Абай Қўнанбайўғлининг 180 йиллиги муносабати билан табрик йўллади.

Ататүрік
Фото: Ақорда

Юқори даражадаги музокаралар ва инвестициявий келишувлар

Қозоғистон ва Туркия ўртасидаги стратегик шерикликни мустаҳкамлашга қаратилган музокаралар мазмун жиҳатдан бой бўлди. Уларда асосан савдо-иқтисодий, инвестициявий ва маданий-гуманитар соҳалардаги ҳамкорликни ривожлантириш масалалари муҳокама қилинди.

Туркия – Қозоғистон иқтисодиётидаги йирик инвесторлардан бири

Маълумки, Туркия Қозоғистон иқтисодиётидаги энг йирик инвесторлар қаторида. Ҳозирда икки мамлакат олдидаги асосий мақсад – ўзаро савдо айланмасини 15 миллиард долларга етказиш. Сўнгги йиллардаги савдо ҳажмлари барқарор ўсишни намоён қилмоқда: ўтган йили бу кўрсаткич 5 миллиард долларга яқинлашди.

переговоры с лидерами турецкого бизнеса
Фото: Ақорда

Қозоғистон Президенти йиғилишда шундай деди: мамлакатимиз турк бозорига 1 миллиард долларлик 34 турдаги маҳсулот етказиб беришга тайёр. Кейинги босқич – Туркиядан импорт қилинадиган маҳсулотлар турини кенгайтириш бўлади.

торговля между Казахстаном и Турцией
Инфографика: Kazinform

Бугунги кунда Қозоғистонда 4 мингга яқин турк компаниялари фаолият юритмоқда. Улар иштирокида энергетика, қурилиш, саноат, қишлоқ хўжалиги, инфратузилма, тиббиёт ва туризм соҳаларида 6 миллиард долларлик лойиҳалар амалга оширилган. Қозоғистоннинг Туркияга киритган сармояси 2,5 миллиард доллардан ошган.

“Биз сизнинг мамлакатингиз билан ҳамкорликка алоҳида аҳамият берамиз. Бугун икки томонлама муносабатларимиз стратегик шериклик даражасига кўтарилди. Биз бу ижобий суръатни савдо, мудофаа саноати, қишлоқ хўжалиги, туризм ва маданият соҳаларида ҳам давом эттиришни мақсад қилганмиз. Қозоғистон – бизнинг энг йирик савдо шерикларимиздан бири. Савдо айланмасини 15 миллиард долларга етказиш учун ишни давом эттирамиз”, – деди Президент Эрдоған.

Шуни қайд этиш керакки, Қозоғистон ва Туркия ўртасида 60 дан ортиқ икки томонлама шартнома ва келишувлар мавжуд.

“Биз ҳамкорликни янада юқори даражага олиб чиқишни истаймиз. Муҳтарам Президент жаноблари, биз тор доирадаги музокараларда ҳам ҳамкорликни кенгайтириш бўйича умумий мақсадимизни тасдиқладик. Бундай имконият ва интилиш ҳар икки томонда ҳам етарли”, – деди Қасим-Жомарт Тоқаев.

Транскаспий йўналиши ва логистика – асосий устувор йўналиш

Астана ва Анқара товар айланмасини оширишда транспорт ва логистика соҳасини устувор деб ҳисоблайди. Жумладан, Транскаспий халқаро транспорт йўлагини ривожлантириш муҳим вазифалардан бири сифатида қайд этилди. Бугунги кунда Европа ва Хитой ўртасида қуруқлик орқали ташилаётган юкларнинг 85 фоизи Қозоғистон орқали ўтади.

Музокаралар чоғида ҚР Президенти замонавий темир йўллар қурилиши, кемасозлик, қуруқлик портлари ва юк терминалларини қуришда турк сармояларини жалб этишга қизиқиш билдирди.

Қозоғистон 160 млрд тенгелик туркия инвестициясини қабул қилади

Қозоғистон Президентининг турк бизнеси етакчилари билан ўтказган музокаралари алоҳида аҳамиятга эга. Хусусан, YDA Holding компанияси раҳбари Ҳусейн Арслан билан учрашув чоғида, компания Туркистон, Астана ва Петропавл шаҳарларида кўп тармоқли шифохоналар қурилиши ва уларни бошқариш лойиҳалари устида иш олиб бораётгани маълум қилинди. Яқин вақт ичида YDA Holding Астанада сэндвич-панеллар ишлаб чиқариш заводи қурилишига киришади. Шунингдек, Ақтау шаҳрида мультимодаль транзит хаби яратиш режалаштирилган.

Қозоғистон ва Туркия логистика инфратузилмасини кенг кўламли ривожлантириш масаласига алоҳида аҳамият қаратади. Бу орқали транзит муддатлари қисқариб, экспорт салоҳияти ошиши кутилмоқда. Туркиянинг етакчи логистика инновация компанияси S Sistem Lojistik Ақтўбе халқаро аэропорти ҳудудида логистика хаби қуришни режалаштирган. Лойиҳа “Қазпочта” акциядорлик жамияти билан ҳамкорликда амалга оширилади. Хаб 2026 йилнинг иккинчи ярмида фаолият бошлаши режалаштирилган.

Қозоғистон ва Туркия агросаноат соҳасини ҳамкорликда ривожлантиришга катта эътибор қаратмоқда. Жумладан, Tiryaki Holding компанияси билан 160 млрд тенге миқдорида инвестициявий келишув имзоланди. Лойиҳанинг биринчи босқичи – 110 млрд тенге – буғдойни чуқур қайта ишлашга, иккинчи босқичи – 50 млрд тенге – дуккакли экинларни қайта ишлашга қаратилган.

Бундан ташқари, Қозоғистон Президенти фармацевтика соҳасини турк инвестициялари орқали диверсификация қилишни қўллаб-қувватлади. Биологик фаол қўшимчалар ишлаб чиқариш бўйича дунёда етакчи ҳисобланган Orzax Group компанияси Туркистон вилоятида завод қуришини маълум қилди. Бу экспорт салоҳиятини оширишга хизмат қилади.

Айни пайтда Қозоғистон ва Туркия агросаноат соҳасида 1,3 миллиард долларлик 23 та қўшма лойиҳани амалга оширмоқда, шундан 18 таси муваффақиятли ишга тушган. Қозоғистон Туркияга ўзининг асосий агросаноат маҳсулотларини катта ҳажмда экспорт қилмоқда: мамлакат буғдойининг тўртинчи қисми, пахтанинг учдан бир қисми ва 26 фоизли ғалла ёпишқоқ моддаси Туркияга етказиб берилмоқда.

Қозоғистон турк инвесторларини қўллаб-қувватлашга тайёр

Йиғилиш чоғида Президент Қозоғистон инвестиция масалаларида ўзаро ҳамкорликка тайёр эканини билдирди.

«Мамлакатимизда инвестицион жозибадорликни ошириш мақсадида амалга оширилаётган ислоҳотлар хорижий тадбиркорлар учун кенг имкониятлар яратади. Қозоғистон очиқ ва ишончли ҳамкор сифатида турк инвесторларини доимо қўллаб-қувватлашга тайёр», – деди ҚР Президенти.

Президент икки томонлама муносабатлар кенгайтирилган стратегик ҳамкорлик даражасига кўтарилганини таъкидлаб, ўтказилган самарали музокаралар икки давлат алоқаларини янги босқичга олиб чиқишига ишонч билдирди.

Нефть экспорти ва хом ашёни қайта ишлашни ривожлантириш

Қардош мамлакатлар раҳбарлари энергетика соҳасидаги ҳамкорлик масалаларини ҳам муҳокама қилдилар. Хусусан, Қозоғистон нефтини Боку-Тбилиси-Жейҳун нефть қувури орқали экспорт қилиш ҳажмини ошириш имкониятлари кўриб чиқилди. Ҳозирги кунда ушбу қувур орқали Туркияга йилига тахминан 1,4 миллион тонна қозоқ нефти етказиб берилади.

Музокаралар пайтида Қасим-Жомарт Тоқаев турк компанияларини электр энергияси танқислигини камайтириш лойиҳаларида иштирок этишга таклиф этди. Қозоғистон йирик лойиҳаларни биргаликда амалга оширишга тайёр эканини билдирди. Президент “ҚазМунайГаз” ва Turkiye Petroleum компаниялари ўртасидаги ҳамкорлик самарали ва келажакда яхши натижалар беради, деб ҳисоблайди.

Маълумки, янгиланган Солиқ кодекси роялти режимини назарда тутади, бу эса хом ашёни чуқур қайта ишлаш учун катта имкониятлар яратади. Қозоғистон Президенти турк инвесторларини биргаликдаги фонд тузиш ва қазиб олиш саноати, шунингдек табиий ресурсларни ўзлаштириш лойиҳаларида иштирок этишга чақирди.

IT-технологияларни ривожлантириш ва таълим соҳасида ҳамкорлик

Музокаралардаги мавзулардан бири IT-технологияларни биргаликда ривожлантириш бўлди. Қозоғистон Президенти мамлакатнинг ушбу йўналишдаги ютуқлари билан ўртоқлашди. Шунингдек, мамлакатлар етакчилари Қозоғистон ва Туркия ўртасида IT соҳасидаги стратегик ҳамкорликни мустаҳкамлашнинг янги имкониятларини муҳокама қилдилар.

Қозоғистон ва Туркия таълим соҳасида ҳам яқин алоқаларни сақлаб келмоқда. Бугунги кунда 12 мингдан зиёд қозоғистонлик талаба Туркияда таҳсил олмоқда, Қозоғистонда эса 300 нафар турк талабаси таҳсил олаяпти. Яқин вақт ичида Астана ва Алмати шаҳарларида “Маариф” жамғармасининг икки мактаби, шунингдек, Туркиянинг етакчи олий таълим муассасалари филиаллари очилади. 2026 йилда Қасим-Жомарт Тоқаев ташаббуси билан зилзиладан жабр кўрган Газиантеп провинциясида янги мактаб қурилади.

Бундан ташқари, Қозоғистон ва Туркия ўртасидаги ўзаро сайёҳликни ривожлантириш мақсадида Қозоғистон Туркия фуқаролари учун 90 кунлик визасиз режим жорий этади.

Давлат раҳбарлари жаҳондаги долзарб муаммолар юзасидан ҳам фикр алмашдилар. Қозоғистон ва Туркия Президентлари барча можаро ва келишмовчиликларни тинч, дипломатик йўл билан ҳал этиш кераклиги борасида бир фикрда эканини билдирди. Шунингдек, Қозоғистон раҳбари Президент Режеп Таййип Эрдоғанга самарали музокаралар учун миннатдорлик билдирди ва уни ўзини қулай вақтида Қозоғистонга ташриф буюришга таклиф қилди.

Шу тариқа, Қозоғистон Президентининг расмий ташрифи доирасида икки давлат ўртасида 18 та ҳукуматлараро ва идоралараро ҳужжат, шунингдек, Қозоғистон ва Туркия ўртасида юқори даражадаги стратегик ҳамкорлик кенгашининг бешинчи йиғилиши якунлари бўйича қўшма декларация имзоланди. Қозоғистон ва Туркия етакчилари стратегик шерикликни сифат жиҳатидан янги босқичга олиб чиқишга тайёр эканликларини яна бир бор тасдиқладилар.

«Devlet Nişanı»:Қозоғистон-Туркия ҳамкорлигидаги янги босқич

Туркиядаги масъулиятли учрашув ёрқин лаҳзалар билан якунланди: Қасим-Жомарт Тоқаев Туркия Республикасининг олий давлат мукофоти – «Devlet Nişanı» ордени билан тақдирланди. Режеп Таййип Эрдоған бундай меҳр-мурувват ишораси ўринли эканини таъкидлаб, Президент Қасим-Жомарт Тоқаевнинг давлатлараро ҳамкорликка қўшган ҳиссасини юқори баҳолади.

“Қасим-Жомарт Тоқаевнинг конструктив раҳбарлигида Қозоғистон ўз минтақасида тинчлик ва барқарорлик масканига айланди. Биз Қозоғистоннинг ютуқлари билан доимо фахрланамиз. Шунингдек, Қозоғистоннинг Туркий давлатлар ташкилотини институционаллаштиришга қўшган ҳиссасини юқори баҳолайман. Сиз Туркия ва турк халқининг дўсти эканингизни қайта-қайта кўрсатдингиз. Шу муносабат билан сизга Туркия Республикасининг олий мукофотини топширишни катта шараф деб биламан. Давлатимиз орденимизни мамлакатларимиз ўртасидаги бузилмас дўстлик рамзи сифатида қабул қилишингизга ишонаман”, – деди Туркия Президенти.

Президент одатда мукофотдан бош тортади. Аммо бу мукофотни дўстлик, биродарлик белгиси сифатида қабул қилишини айтди.

Ердоған
Фото: Ақорда

“Ушбу юксак мукофотни Туркия давлатининг бутун қозоқ халқига кўрсатган алоҳида ҳурмати, деб биламан. Бу эзгу ташаббус илдизи, дини ва қалби бир бўлган халқларимиз ўртасидаги бузилмас дўстликнинг ёрқин ифодаси, эзгу қадриятларимизни улуғлайдиган муҳим қадамдир. Бу, шунингдек, қозоқ-турк стратегик ҳамкорлигини янада мустаҳкамлашга икки томон интилишимиздан далолатдир”, – деди Қасим-Жомарт Тоқаев.

Түркия
Фото: Ақорда

Туркияга расмий ташрифнинг асосий мақсади, шубҳасиз, иқтисодий ўсиш ва сиёсий муносабатларни ривожлантиришга қаратилган. Энг муҳими, айтилган сўзлар ва қабул қилинган қарорлар Қозоғистон-Туркия муносабатларида янги даврни очишига умид катта.

Сўнгги хабарлар