Страдиварининг Иккинчи жаҳон уруши вақтида ўғирланган скрипкаси Токиодан топилди
ASTANA. Kazinform — Дунёга машҳур италиялик уста Антонио Страдивари томонидан ясалган ва Иккинчи жаҳон уруши охирларида ўғирлаб кетилган Mendelssohn скрипкаси Токиодан топилди, деб хабар беради The New York Times.

Скрипка 1709 йилда ясалган. Иккинчи жаҳон уруши бошланган вақтда у Германиядаги яшаган Менделсон-Бонке оиласида сақланган. Уруш вақтида чолғу асбоби ўғирлаб кетилган. Урушдан кейинги ўнлаб йиллар давомида уни қидириш ишлари муваффақиятсиз кечган.
Маданий мерос бўйича мутахассис Карла Шапро яқинда Токиода 2018 йилда ўтказилган Страдиварининг мусиқий асбоблари кўргазмасида олинган суратларни кўриб қолган. У суратда ўша Mendelssohn’га ўхшаш скрипкани пайқаган, аммо ушбу мусиқий асбоб Stella деб аталган ва у 1707 йилда ясалгани келтирилган.
Суратни ўрганиш ва оригинал тасвирлар билан таққослаш давомида мутахассис скрипкадаги нақшлар бир хил эканини аниқлаган.
1,2—1,5 миллион долларга баҳоланган Stella 2000 йилда Ню-Йоркдаги аукцион орқали сотилган. Tarisio кимошди уйи асосчиси Жейсон Прайс ҳам бу Mendelssohn скрипкаси эканини тасдиқлаган.
2021 йил маълумотларига кўра, дунёда Антонио Страдивари ясаган 650 га яқин чолғу асбоби сақланиб қолган, уларнинг қарийб 450 таси скрипкалардир. Страдивари ўз фамилияси остидаги биринчи скрипкани 1666 йилда, охиргисини 1736 йилда тақдим этган.
У скрипкалардан ташқари, гитаралар, виоленчел ва ҳатто арфа ҳам ясаган — Страдивари ясаган чолғу асбоблари сони 1150 тага етади.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ 1714 йилда ясалган Страдивари скрипкаси аукционда рекорд нархга сотилиши мумкин экани ҳақида хабар берган эдик.