Starship кемасининг тўққизинчи синов парвози муваффақиятсиз якунланди
ASTANA. Kazinform – SpaceX компанияси Starship космик кемасининг тўққизинчи синов парвози вақтида прототип билан алоқани йўқотди, деб хабар беради ВВС.
«Биз бир неча дақиқа олдин кема билан алоқани йўқотдик. Демак, тўққизинчи парвоз синови шу билан тугади», – деди SpaceX вакили тўғридан-тўғри эфир пайтида.
Кема маҳаллий вақт билан 18:36 да Техас штатидаги Starbase старт майдонидан учирилди. Super Heavy ракета-ташиувчиси кемадан ажралгандан сўнг алоқа узилди – режа бўйича у Мексика кўрфазига қўниш керак эди.
Ярим соатлик парвоздан сўнг кема аввалги икки парвозга нисбатан анча узоқ масофага учган бўлса-да, номунтазам айланишни бошлади ва кейин у билан ҳам алоқа узилди. Эҳтимол, у Ер орбитасини бир марта айланиб, сўнгра Ҳинд океани ҳудудида атмосферага кириб, вайрон бўлган.
Парвоз давомида кеманинг юк бўлими люклари очилмаган – улар орбитага Starlink сунъий йўлдошларининг макетларини чиқариши керак эди. Шунингдек, ёнилғи сизиши юз бергани ҳам маълум қилинди.
Бу парвозда Super Heavy ракета-ташиувчиси илк бор қайта ишлатилди. Илгарги парвозда у омон-эсон Техасдаги старт майдонига қайтган эди, аммо бу сафар унга шундай вазифа қўйилмаган.
SpaceX вакиллари ҳодиса сабабларини чуқур таҳлил қилишларини ва ундан зарур хулосалар чиқаришларини маълум қилди. Компания синовлар Starshipнинг ишончлилигини оширишга хизмат қилишини таъкидлади.
SpaceX асосчиси Илон Маскнинг сўзларига кўра, эндиликда бундай синов парвозлари янги суръатда ва тез-тез ўтказилиши режалаштирилган.