Мўғулистон Президенти Астанада ўтган Silk Way Star танлови ғолибини тақдирлади
ASTANA. Kazinform — Мўғулистонда Миллий озодлик ва Мустақиллик тикланганининг 114 йиллиги муносабати билан Президент Ухнаагийн Хурэлсух фуқароларга давлатнинг олий унвонлари, орден ва медалларини топшириш тўғрисида фармон чиқарди, деб хабар беради Kazinform.
Мукофотланганлар орасида Silk Way Star халқаро вокал танловининг Гран-при соҳиби, мўғулистонлик хонанда Мишель Жозеф ҳам бор. У Мўғулистоннинг энг нуфузли давлат мукофотларидан бири — “Қутб юлдузи” («Алтан гадас одон») ордени билан тақдирланди.
Мишель Жозефнинг айтишича, орденни топшириш маросими унда катта таассурот қолдирган.
«Президент орденни топшириш пайтида менга: “Алтан гадас юлдузи каби порла”, деди. Бу беқиёс ҳиссиёт. Халқаро саҳнада менинг исмимдан кўра, юртимнинг номи кўпроқ янграганидан фахрланаман. Бу мукофот мени янада катта ютуқларга интилишга руҳлантирди», — деди у.

Мишель Жозеф — таниқли мўғул қўшиқчиси ва қўшиқ муаллифи. Унинг ижоди анъанавий “уртын дуу” (узун қўшиқлар) услубини поп, R&B ва фанк элементлари билан уйғунлаштиради. Хонанда мўғул ва инглиз тилларида ижод қилади.

Маълумот учун: Silk Way Star — Қозоғистон, Мўғулистон, Озарбайжон, Арманистон, Грузия, Малайзия, Хитой, Қирғизистон, Тожикистон, Туркманистон, Ўзбекистон ва Жанубий Кореядан келган ижодкорлар иштирок этадиган биринчи Осиё вокал танловидир. Лойиҳа ҚР Президенти Телерадиокомплекси ҳамда Хитойнинг CMG медиа корпорацияси ўртасидаги халқаро ҳамкорлик доирасида амалга оширилган. Танловнинг барча 10 та эпизод Jibek Joly ва Silk Way телеканалларида намойиш этилди, гранд-финал эса жонли эфирда кўрсатилди. Лойиҳанинг умумий аудиторияси 1 миллиарддан ошган.
“Алтан гадас одон” (“Қутб юлдузи” ордени) 1936 йилда таъсис этилган бўлиб, Мўғулистоннинг энг олий давлат мукофотларидан бири ҳисобланади. У қаҳрамонлик, маданий, ижтимоий ва бошқа соҳалардаги алоҳида хизматлар учун берилади.