Швеция — қуёш энергиясига солиқ солувчи Европа Иттифоқидаги ягона давлат

ASTANA. Kazinform — Швеция Европа Иттифоқида бино ичида ишлаб чиқарилган ва истеъмол қилинадиган қуёш энергиясига солиқ солувчи ягона давлатдир, дея хабар беради Azertag.

қуёш панели
Фото: azertag.az

Бу Швеция Қуёш энергияси ассоциацияси (Svensk Solenergi) ва Кўчмас мулк эгалари уюшмаси (Fastighetsägarna) янги қўшма ҳисоботида айтилган.

Ушбу талаб 500 кВт дан ортиқ қувватга эга қуёш панеллари учун қўлланилади. Агар ушбу чегарадан ошиб кетган бўлса, электр тармоғига уланмаган бўлса ҳам, ишлаб чиқарилган барча электр энергияси солиққа тортилади.

NREP энергетика компанияси мутахассисларининг фикрича, бу ҳолат қуёш энергетикаси бўйича йирик лойиҳаларни иқтисодий жиҳатдан фойдасиз қилади.

— Уйда қуввати 2500 кВтгача бўлган қуёш батареяларини ўрнатиш имконияти мавжуд бўлишига қарамай, онгли равишда қувватни 500 кВтгача чеклашга мажбурмиз. Бу иқлим мақсадларига интилаётган Швеция учун ақл бовар қилмайдиган ҳолат, — дейди экспертлар.

NREP мисол келтиради: 500 кВт қувватга эга қурилма ҳар йили тахминан 190 000 швед крони (тахминан 18 000 доллар) миқдорида солиққа тортилади. Бу миқдор йиллик техник хизмат кўрсатиш харажатларидан саккиз баравар юқори.

— Помидорни ўз боғингда етиштириб, ҳар гал еганингда солиқ тўлаш каби. Бу мантиқсиз ва адолатсиз, — дея солиқ сиёсатини танқид қилди Svensk Solenergi ташкилоти раҳбари Анна Вернер.

Ҳисоботда, Германия, Нидерландия, Дания, Испания ва Австрия каби мамлакатларда бир бино ичида ишлаб чиқарилган ва истеъмол қилинадиган қуёш энергияси солиқдан бутунлай озод қилингани таъкидланади.

Европа Комиссияси, шунингдек, бир неча бор Европа Иттифоқи давлатларини кичик қуёш электр станциялари олдидаги ортиқча солиқлар ва маъмурий тўсиқларни олиб ташлашга чақирган. Янгиланган қайта тикланадиган энергия бўйича Директивада ушбу турдаги электр энергияси солиқ ва маъмурий тўсиқлардан озод қилиниши кераклиги аниқ кўрсатилган.

Бироқ, Швеция тескари йўналишда ҳаракат қилмоқда. 2025 йилнинг 1 январидан бошлаб мамлакатда электр энергиясига солинадиган солиқ 1 кВт/соат учун 49,3 эре (тахминан 0,047 АҚШ доллари)гача оширилади. 2026 йилдан бошлаб эса кичик ишлаб чиқарувчилар учун солиқ имтиёзлари бутунлай бекор қилинади.

Мутахассисларнинг фикрича, бу қуёш панелларини ўрнатишга бўлган рағбатни янада пасайтиради, катта биноларнинг томлари фойдаланилмай, бўш қолишига олиб келади.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Швецияда мактаб ислоҳоти доирасида тайёргарлик синфларини бекор қилиниб, ўн йиллик таълимни жорий этилиши ҳақида хабар берган эдик.

Сўнгги хабарлар