Швеция 13 ёшдан бошлаб жиноий жавобгарликни жорий этишни режалаштирмоқда
ASTANA. Kazinform – Швецияда ўсмирлар орасида зўравонлик ҳолатларининг кўпайиши сабабли расмийлар жиноий жавобгарлик ёшини 15 ёшдан 13 ёшгача туширмоқчи. Бу ҳақда DW хабар берди.
Швеция Бош вазири Ульф Кристерссон оғир жиноятлар учун жиноий жавобгарлик ёшини 15 ёшдан 13 ёшгача туширишни режалаштирмоқда.
Ҳукумат октябрь ойида тегишли қонун лойиҳасини тақдим этди.
“Стокгольм расмийлари жиноий гуруҳлар билан боғлиқ ҳалокатли жиноятларнинг кўпайишига муносабат билдиряпти. 15 ёшгача бўлган одамлар жиноий жавобгарликка тортилиши мумкин эмаслиги сабабли, терговчилар жиноий тармоқлар болаларни отишма ва қурол савдосида иштирок этиш учун тобора кўпроқ жалб қилаётганини аниқладилар”, - деб ёзади нашр.
Аввалроқ, Швеция жиноятчиликнинг кўпайиши сабабли вояга етмаганлар учун қаттиқроқ жазоларни жорий қилиши ҳақида хабар берилган эди. Янги қонун лойиҳасида 13 ва 14 ёшли болаларни ҳибсхоналарда сақлаш кўзда тутилган.
Швеция Адлия вазирлигининг маълумотларига кўра, бундай муассасалар келаси ёзда вояга етмаган жиноятчиларни қабул қила бошлайди. Расмийлар ушбу чоралар жиноий гуруҳларнинг яширин фаолиятининг олдини олишга ёрдам беришига умид қилмоқда.