Россияда ота-она қарамоғисиз қолган икки бола Ўзбекистонга олиб келинди

TASHKENT. Kazinform - Россияда ота-она қарамоғисиз қолган 2 нафар бола Москва шаҳридаги Вояга етмаган ҳуқуқбузарларни вақтинча сақлаш маркази ходимлари кўмагида Ўзбекистонга олиб келинди, дея хабар беради Kazinform ЎР Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги матбуот хизматига таяниб.

Россияда ота-она қарамоғисиз қолган икки бола Ўзбекистонга олиб келинди
Фото: ЎР Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги

Маълум бўлишича, улардан бири 2023 йилдан буён меҳнат миграциясида, 9-синф ўқувчиси бўлганидаёқ опасининг турмуш ўртоғи билан Москвага бориб, дастлаб фаррош, кейинчалик эса қаҳвахонада идиш-товоқ ювувчи сифатида ишлаб юрган.

Иккинчиси эса ота-онасининг ишончномаси асосида Россияга борган. Иккала фуқаро ҳам полиция томонидан ўтказилган рейд давомида Вояга етмаган ҳуқуқбузарларни вақтинча сақлаш марказига юборилган.

Агентлик Ўзбекистон ҳудудидан болаларни кузатиб бориш учун берилган ишончнома бошқа давлат ҳудудида боланинг қонуний вакили бўлиш ҳуқуқини бермаслигини эслатиб ўтди.

- Март ойида ҳам Ички ишлар ва Ташқи ишлар вазирликлари ҳамда Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги ҳамкорликда хорижда ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болаларни Ўзбекистонга олиб келишни режалаштирмоқда ва келгусида оилавий муҳитга қайтариш бўйича амалий чора-тадбирлар кўрилмоқда, - дейилади хабарда.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Ўзбекистон халқаро автобус қатновларида йўловчиларнинг маълумотларини божхона постларига олдиндан етказиши мумкинлиги ҳақида хабар берган эдик.

Сўнгги хабарлар