Рақамлаштириш ва СИ йили: Қозоғистон технологик юксалишга тайёрми
АSTANА. Kazinform – Қозоғистон рақамли ўзгаришларда янги босқичга қадам қўйди. Ўтган йили сунъий интеллект ва рақамлаштириш фақат синовдан ўтиб, давлат бошқаруви ва иқтисодиётнинг аниқ таркибий қисмига айланди. Махсус вазирлик ташкил этилди ва ҳуқуқий база тасдиқланди. 2026 йил "Рақамлаштириш ва СИ йили" деб эълон қилинди. Kazinform агентлигининг таҳлилчиси мамлакатнинг рақамли трансформациядаги имкониятлари ва аниқ қадамларини таҳлил қилди.
Қозоғистоннинг рақамли бурилиши
Қозоғистон сўнгги йилларда рақамлаштириш ва сунъий интеллектни мамлакат ривожланишининг стратегик йўналиши сифатида белгилади. Бу жараён фақат технологик янгиланиш билан чекланмай, давлат бошқаруви тизимига, иқтисодиётнинг тузилишига ва фуқароларга кўрсатиладиган хизматларнинг сифатига тизимли ўзгариш олиб келди. Рақамли ечимлар бугунги кунда барча соҳаларга кириб, мамлакатнинг узоқ муддатли ривожланишига тўғридан-тўғри таъсир кўрсата бошлади.
Мазкур йўналишдаги аниқ бурилиш 2025 йилда амалга ошди. Сунъий интеллект ва рақамли ривожланишни бир марказдан мувофиқлаштириш учун махсус вазирлик ташкил этилди ва бу соҳа мустақил давлат сиёсати даражасига кўтарилди. Шунинг натижасида сунъий интеллектни иқтисодиёт ва бошқарув тизимига режали тарзда жорий этишнинг институционал асоси шаклланди.
Ушбу босқичда Қозоғистон Марказий Осиёда биринчи бўлиб "Сунъий интеллект тўғрисида"ги қонунни қабул қилди. Ҳужжатда сунъий интеллект инсоннинг ўрнини босмаслиги, балки унинг имкониятларини кенгайтирувчи ёрдамчи восита экани аниқ ёзилди. Шунингдек, технологияни қўллашдаги масъулият ва ҳуқуқий тартибга солиш механизмлари белгиланди.
Бу қадамларнинг ҳуқуқий давоми сифатида 2026 йил "Рақамлаштириш ва сунъий интеллект йили" деб эълон қилинди. Президентнинг Мурожаатномасида рақамли трансформация мамлакат ривожланишининг асосий устунларидан бири сифатида таъкидланиб, СИ миллий рақобатбардошликни оширадиган стратегик восита сифатида белгиланди. Шу тариқа Қозоғистон рақамли технологияларни вақтинчалик жараён эмас, мамлакат келажагини белгилайдиган узоқ муддатли танлов деб қарамоқда.

Қозоғистон – Марказий Осиёдаги рақамли етакчи
Oxford Insights халқаро таҳлил марказининг Government AI Readiness Index 2025 рейтингида Қозоғистон 195 давлат орасида 60-ўринга кўтарилиб, бир йил ичида 16 поғона олға чиқди. Бундан олдин мамлакат 76-ўринда турган эди.
Марказий Осиё давлатлари орасида Қозоғистон сунъий интеллектни жорий этиш ва бошқариш даражаси бўйича етакчилик қилиб, "минтақадаги энг ривожланган рақамли давлатлардан бири" мақомини мустаҳкамлади. Мамлакатда сунъий интеллект давлат бошқарувида, иқтисодиёт ва жамоат хизматларида фаол қўлланилади. Шунингдек, электрон ҳукумат орқали хизмат кўрсатиш сифати сезиларли даражада ошди. Public Sector Adoption кўрсаткичи бўйича Қозоғистон 73,59 балл тўплаб, давлат хизматларининг рақамли ечимларга ўтиш даражасини кўрсатди. Бу фуқаролар ва бизнесга хизмат кўрсатишни енгиллаштириб, вақт ва харажатларни тежаш имконини беради.
Умуман олганда, Қозоғистондаги сунъий интеллект фақат синов лойиҳалари даражасида қолмай, давлат бошқаруви ва фуқароларга хизмат кўрсатиш тизимига тўлиқ жорий этилмоқда. Мамлакат рақамли трансформацияни тизимли равишда амалга ошириб, Марказий Осиёда етакчи ўринни эгаллади.
Сонлар сифатга айланмоқда
Қозоғистонда сунъий интеллект фақат эксперимент даражасида қолмай, аниқ ҳаётда самарали қўлланила бошлади. Сунъий интеллект ва рақамли ривожланиш вазирлигининг расмий маълумотига кўра, давлат хизматларининг 90%дан ортиғи онлайн форматга ўтди. eGov AI виртуал ёрдамчиси ва интеллектуал қидирув тизими фуқароларга хизмат олишни енгиллаштириб, операторларнинг ишини камайтирди. 2025 йилда 51,5 миллион онлайн-хизмат кўрсатилгани – халқ ва давлат учун вақт ва ресурсни тежашнинг аниқ далили.

Ижтимоий соҳада "Ижтимоий ҳамён" лойиҳаси 6,7 минг мактабда 49 миллион овқатни ташкил этиб, ҳудудларнинг харажатларини 15–30%га қисқартди. Дорихоналардаги электрон рецептлар тизими 13 миллион рецептни қайта ишлаб, очиқликни оширди ва қонунбузарликка йўл қўймади. Ер ва мулк муносабатлари соҳасида Ягона давлат кадастри хизмат кўрсатиш вақтини қисқартириб, низоли вазиятларни камайтирди. Киберхавфсизлик ва фирибгарликка қарши тизимлар ҳужумлар ва зарарларни камайтириш имконини берди.
Иқтисодий секторда, айниқса молия хизматлари, логистика, саноат ва хизмат кўрсатиш соҳаларида СИ жараёнларни автоматлаштиришга, маҳсулдорликни оширишга ва мижоз маълумотларини самарали таҳлил қилишга ёрдам беради. 2025 йилда Қозоғистоннинг IT-хизматларининг экспорти 1 миллиард доллардан ошди, бу сунъий интеллектнинг иқтисодий таъсирини аниқ кўрсатади.
Вазирликнинг расмий маълумотига кўра, сунъий интеллект фақат янги технология эмас, давлат хизматлари сифатини оширадиган, иқтисодий самарадорликни кучайтирувчи ва фуқароларга аниқ фойда келтирадиган тизимли воситага айланди.
Қозоғистон сунъий интеллект йилига тайёрми?
2026 йил Қозоғистон учун "Рақамлаштириш ва сунъий интеллект йили" деб эълон қилинганини юқорида таъкидладик. Бу – СИни фақат синов эмас, давлат бошқаруви, иқтисодиёт ва хизмат кўрсатиш тизимида тўлиқ жорий этиш йўлидаги аниқ қадам. Мамлакат рақамли трансформацияни вақтинчалик тренд эмас, стратегик танлов деб қарамоқда.
Мамлакат олдида бир неча вазифа турибди. Биринчидан, сунъий интеллект барча давлат органлари ва иқтисодий соҳаларда тўлиқ жорий этилиши керак. Иккинчидан, технология хавфсиз ва ишончли бўлиши лозим – шунинг учун "Сунъий интеллект тўғрисида"ги қонун қабул қилиниб, маълумотларни ҳимоя қилиш, алгоритмларнинг очиқлиги ва инсоннинг қарор қабул қилишдаги роли аниқ белгиланди. Учинчидан, рақамли тенглик сақланиши муҳим, шунинг учун СИ шаҳарларда ҳам, олис ҳудудларда ҳам бир хил хизмат кўрсатиши керак. Тўртинчидан, кадрларни тайёрлаш – асосий устуворлик, шу сабабли давлат хизматчилари, бизнес ва фуқаролар СИ имкониятларини тушуниб, уни самарали фойдалана билиши лозим. Сўнггиси – технологик мустақиллик, яъни ўз платформалар ва ҳисоблаш қувватини ривожлантириш орқали ташқи боғлиқликни камайтириш зарур.

Натижада СИ инсонларнинг ўрнини босмайди, аксинча кундалик ишларни автоматлаштириб, юқори малакали мутахассисларга талабни оширади. Рақамлаштириш ва СИ давлат бошқарувини самарали қилиб, иқтисодиётни ривожлантириб, фуқароларга хизмат кўрсатиш сифатини сезиларли даражада яхшилайди.
Қозоғистон рақамли трансформацияни стратегик ривожланиш драйвери сифатида қабул қилиб, 2026 йилни самарали бошқарув, хавфсиз маълумотлар ва тенг хизмат кўрсатишга қаратилган босқич сифатида белгиламоқда.
Сунъий интеллект тўғрисидаги қонун кучга кирди: нималар ўзгаради?
Қозоғистонда 18 январда "Сунъий интеллект тўғрисида"ги қонун расман кучга кирди. Бу қонун давлатнинг технологик сиёсатига янги босқичнинг бошланиши бўлиб турибди. Шу орқали Қозоғистон сунъий интеллект соҳасини қонун билан тартибга солган илк мамлакатлар қаторида бўлди.
Қонуннинг асосий тамойили аниқ: сунъий интеллект инсонни алмаштирмайди, унга хизмат қилади. Шунинг учун ҳужжатда инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, шахсий маълумотларнинг хавфсизлиги ва алгоритмларнинг очиқлиги асосий қоидалар сифатида белгиланган. Фуқаролар ўз маълумотларининг СИ орқали қайта ишланишини билишга ва зарурат туғилганда унга қарши чиқишга ҳақли.
Шунингдек, қонун инсон онгига таъсир қилишга, камситишга ва заиф гуруҳларни фойдаланишга қатъий тақиқ қўяди. СИ ёрдамида яратилган контент мажбурий равишда белгилаб қўйилиши керак, маҳсулот фақат инсоннинг ижодий ҳиссаси бўлса, муаллифлик ҳуқуқи билан ҳимояланади. Қонун СИ ишининг натижаси учун масъулиятни аниқлаб, унинг эгалари ва фойдаланувчиларини тўғридан-тўғри жавобгар қилади.
Digital Rights Center Qazaqstan директори, Мақсут Нарикбаев номидаги Университет профессори Дана Ўтеген қонуннинг янгилигини шундай тушунтиради:
— Қонун хавфга асосланган ёндашувга таянади. Давлат СИни чекламайди, лекин инсон ҳуқуқларига таъсир қилувчи ҳаракатларни аниқ ажратиб кўрсатади. Бу СИни фақат хавф манбаи эмас, стратегик ресурс сифатида қараш имконини беради, — дейди эксперт.

Унинг фикрича, қонун фақат чеклаб қўймай, миллий СИ платформасини яратиш орқали инфратузилмавий асосини шакллантиради, сунъий интеллект орқали яратилган контентни мажбурий белгилашни таъминлайди ва фуқароларнинг ҳуқуқлари ва маълумотлар хавфсизлигини ҳимоя қилади.
— Фуқаролар ўз ҳуқуқларига таъсир қилувчи қарорларда СИ қўлланилганини билиши керак. Бу, айниқса, давлат бошқаруви, тиббиёт, молия ва таълим соҳасида муҳим, чунки автоматлаштирилган қарорлар инсон ҳаётига тўғридан-тўғри таъсир кўрсатиши мумкин, — дейди Дана Ўтеген.
Қозоғистоннинг янги "Сунъий интеллект тўғрисида"ги қонуни фуқаролар ва давлат учун аниқ хавфсизлик кафолатини беради. Қонун фақат декларация эмас, хавфга йўналтирилган ёндашув орқали СИни аниқ ҳаѐтда самарали қўллаш имконини беради.
Ҳуқуқшунос Алишер Қадирбековнинг айтишича, 2026 йил қонуннинг амалиётда қанчалик ишлашини текширадиган босқич бўлади.
— Қозоғистоннинг тажрибаси фақат МДҲ ва постсовет мамлакатларга эмас, бошқа халқаро ҳамкорларга ҳам фойдали бўлади. Ҳозирги замонавий давлатлар сунъий интеллектни тартибга солишда мувозанатли ёндашув излайди. Инсон ҳуқуқларини чекламай, давлат ва иқтисодиёт манфаатларини ҳисобга олган ҳолда, технологик ривожланишдан орқада қолмаслик керак, — дейди эксперт.
СИ - минтақа давлатларини бирлаштирувчи восита
Астанадаги Alem.ai халқаро СИ маркази ва суперкомпьютерлар (Alem.Cloud, Al-Farabium) миллий инфратузилмани қўллаб, маълумотларни хорижга бермай, иқтисодий қарорлар ва давлат хизматларини тез ва самарали амалга ошириш имконини беради.
Минтақавий ролга келсак, Қозоғистон ЕОИИ раислиги даврида сунъий интеллектни минтақа давлатларини бирлаштирадиган восита сифатида таклиф қилди. QazTech альянсининг ахборот хавфсизлик қўмитасининг ҳамраиси Евгений Питолиннинг айтишича, Қозоғистон марказлашган стратегик режалаштиришни намуна қилиб кўрсатмоқда.
— СИ инфратузилма, қонунлар ва кенг кўламли хизматлар билан таъминланган. Бу рақамли ечимлар ва стандартларни МДҲ ва Марказий Осиѐ давлатларига экспорт қилиш имконини беради, — дейди эксперт.

Қўшни давлатларнинг тажрибаси
Қозоғистон: СИ вазирлиги ташкил этилди, 2029 йилгача $5 млрд экспорт мақсади қўйилган. Астанада суперкомпьютер ишга туширилиб, Alem.ai халқаро СИ маркази ривожланмоқда. Асосий вазифа – тармоқни янгилаб, катта маълумотларни қайта ишлашни енгиллаштириш.
Россия: Мамлакатда технологик мустақилликка устуворлик берилмоқда. 2030 йилгача Россиядаги СИ улуши 11 трлн рублга етиши керак. Мамлакат ўз тил моделларини стратегик актив сифатида ривожлантиришни режалаштирмоқда.
Беларусь: "Рақамли Беларусь" дастури (2026–2030) орқали рақамли давлат ва хавфсизликни кучайтириш мақсади қўйилмоқда. Мамлакатда 60 минг камера билан жамоат хавфсизлигини назорат қилиш тизими СИ алгоритмлари орқали бошқарилади.
Ўзбекистон: 2030 йилгача стратегиясида мамлакат СИга тайёргарлик бўйича топ-50 давлат ичига кириши керак, дастурий таъминотга $1,5 млрд сарфланади. Ўзбекистонда 20 дан ортиқ СИ лойиҳаси амалга ошган: PalmPay, MyID, FaceID, LexAI (ҳуқуқий платформа).
Қирғизистон: Миллий СИ кенгаши ташкил этилди, ЕОИИ ҳудудида минтақавий хаб сифатида ривожланмоқда.
Тожикистон: 10 та мактабда пилот СИ дарслари ўтказилмоқда.

Экспертлар таъкидлаганидек, сунъий интеллект инсонларни алмаштирмайди, аксинча уларнинг ролини ўзгартиради. Кундалик ишлар автоматлаштирилиб, юқори малакали мутахассисларга талаб ошади. Қозоғистонда СИ соҳасидаги ўқитиш 900 мингдан ортиқ инсонни қамраб, таълим ва давлат хизмати янги бозор талабларига мослашмоқда.
Хулоса қилиб айтганда, Қозоғистон сунъий интеллектни тизимли ва стратегик тарзда қўллашга тўлиқ тайёр, дея оламиз. Бу фақат инновация эмас, давлат бошқарувини самарали қилиб, иқтисодиётни ривожлантириб, фуқароларга хизмат кўрсатиш сифатини оширишга мўлжалланган аниқ восита. Мамлакат рақамли трансформацияни вақтинчалик жараён эмас, узоқ муддатли ривожланишнинг асосий драйвери сифатида қабул қилмоқда.