Астанада 300 миллиард тенгелик сармоявий лойиҳаларни амалга ошириш режалаштирилмоқда

ASTANА. Кazinform – Давлат раҳбари Астана ҳокими Женис Қасимбекни қабул қилди. Бу ҳақда Ақорда хабар берди.

Тоқаев
Фото: Ақорда

Қасим-Жомарт Тоқаевга пойтахтни ижтимоий-иқтисодий ва инфратузилмавий ривожлантириш бўйича ахборот берилди.

- Президентга барча асосий иқтисодий кўрсаткичлар бўйича ижобий динамика давом этаётгани маълум қилинди. 7 ойда асосий капиталга киритилган инвестициялар ҳажми 1,2 триллион тенгени ташкил этди. Бу ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 42,1 фоизга кўпдир. Жорий йилда умумий қиймати 300 миллиард тенгега тенг 55 та инвестиция лойиҳасини амалга ошириш режалаштирилган. Ушбу ташаббуслар натижасида 3,6 мингта янги иш ўрни яратилади, - дейилади хабарда.

Астана ҳокими ижтимоий объектлар қурилиши, авария ҳолатидаги эски уйларни бузиш, аҳоли турар жойларини ривожлантириш, шаҳарни ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш масалалари ҳақида гапирди. Давлат раҳбари топшириғига асосан “Келажак мактаблари” миллий лойиҳаси доирасида жорий йилнинг 1 сентябрь куни пойтахтда 28 минг ўқувчига мўлжалланган 7 та янги мактаб фойдаланишга топширилган бўлса, жорий ўқув йилида шаҳарда 15 та янги мактаб фойдаланишга топширилади. Ўтган йили 66 минг ўқувчига мўлжалланган 24 мактаб, жумладан, 16 та “Келажак мактаби” фойдаланишга топширилди. Йил охиригача 4716 ўринга мўлжалланган 8 та ётоқхона қурилади. Жорий йилда Астанада 170 та ҳовли ва жамоат жойларини ободонлаштириш, 1 миллион тупдан ортиқ кўчат экиш режалаштирилган.

Қасим-Жомарт Тоқаевга иситиш мавсумига тайёргарлик кўрилаётгани ҳақида маълумот берилди. Учинчи иссиқлик электр стансиясининг биринчи навбати, шунингдек, «Турон» ва «Жануби-Шарқ» газ станциялари ишга туширилиши билан шаҳарнинг иссиқлик қуввати 30 фоизга ошди. Яъни, қўшимча 1100 Гкал/соат қувват ишлаб чиқарилди. Жорий йилда «Турон» станциясининг иккинчи навбатини якунлаш режалаштирилган. «Тельман» станцияси қурилиши давом этмоқда. Иккинчи иссиқлик электр станциясини кенгайтириш ва “Жануби-Ғарб” газ иссиқлик станциясини лойиҳалаштириш режалаштирилган.

Учрашув якунида Давлат раҳбари уй-жой-коммунал хизмат кўрсатиш ва ижтимоий соҳа объектларини бўлажак иситиш мавсумига тайёрлаш, ёмғир сувлари учун канализация тизимини тартибга солиш, йўл-транспорт инфратузилмаси ҳамда ободонлаштириш билан боғлиқ масалаларни ҳал этиш бўйича қатор топшириқлар берди.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Давлат раҳбари Мўғулистон Буюк Давлат Хурали раиси билан учрашган эди.

Сўнгги хабарлар