Президент: Ғалла ўрим-йиғим кампаниясини муваффақиятли амалга оширсак, экспорт салоҳиятимиз ҳам кучли бўлади
ASTANА. Кazinform - Давлат раҳбари Ақмола вилоятининг Зеренди туманида йиғим-терим кампаниясига бағишланган ҳудуд деҳқонлари билан учрашув ўтказди, дея хабар беради Ақорда матбуот хизмати.

Видеоконференцалоқа орқали Қостанай, Павлодар ва Шимолий Қозоғистон вилоятлари деҳқонлари иштирок этди.
Президент Ақмола вилоятига йиғим-терим кампаниясининг бориши билан танишиш учун махсус келганини айтди.
– Далалардаги ишларни ўз вақтида якунлаб, ғалла ҳосилини ўз вақтида йиғиб олиш зарур. Мамлакатимизда озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш, ички бозор барқарорлиги бу борадаги ишлар билан бевосита боғлиқ. Ўрим-йиғим кампаниясини муваффақиятли ўтказсак, экспорт салоҳиятимиз ҳам кучли бўлади, яъни хорижда ҳам мўл ҳосил экспорт қила оламиз. Ўтган йил мамлакатимиз қишлоқ хўжалиги соҳаси учун муваффақиятли йил бўлди. Фермерлар астойдил меҳнат қилиб, рекорд даражадаги ҳосилни қўлга киритди. Буларнинг барчасини агротехникадан тўғри фойдаланиш самараси дейиш мумкин. Бунинг натижасида қишлоқ хўжалиги маҳсулотларининг ўсиши бошқа тармоқларга нисбатан анча юқори бўлди. Жорий йилнинг 8 ойида амалга оширилган ишлар натижалари ёмон эмас. Ишлаб чиқаришнинг технологик салоҳиятини ошириш бўйича кўрилаётган чора-тадбирлар ўз самарасини кўрсатмоқда, – деди Қасим-Жомарт Тоқаев.
Давлат раҳбарининг фармойиши билан жорий йилда қишлоқ хўжалигига 1 триллион тенге имтиёзли кредитлар ажратилди.
Президент мамлакат деҳқонларига машаққатли меҳнати учун миннатдорчилик билдирди.
– Ҳар йили ўрим-йиғим мавсумида касб маҳоратингиз, матонатингиз, ватанпарварлик фазилатларингиз синовдан ўтказилмоқда. Қишлоқ хўжалиги ходимлари бу синовдан бехато ўтадилар. Сизлар олдиндан айтиб бўлмайдиган табиатга қарамай, қаттиқ меҳнат қиласиз ва юқори натижаларга эришасизлар. Тўккан терингиз билан озиқ-овқат хавфсизлигини мустаҳкамлаш, иқтисодиётни ривожлантириш, қишлоқлар ҳаётини яхшилашга улкан ҳисса қўшасизлар. Давлат фермерларни қўллаб-қувватлаш борасида мисли кўрилмаган чора-тадбирларни амалга оширмоқда. Хусусан, жорий йилда менинг топшириғим билан қишлоқ хўжалигини имтиёзли кредитлаш учун 1 триллион тенге маблағ ажратилди. Бу — рекорд кўрсаткич. Ҳозирданоқ тизимли давлат томонидан қўллаб-қувватланаётган чора-тадбирлар ўз самарасини бера бошлади. Агротехнологиядан фойдаланиш юқори даражага кўтарилиб, ҳосилдорлик ошди. Аввалроқ мен қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари умумий ҳажмини икки баробар ошириш бўйича топшириқ берган эдим. Бу борада кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда. Унинг суръатини пасайтириб бўлмайди, – деди Президент.
Президент: “Биз экинларни диверсификация қилишни давом эттиришимиз керак”
Қасим-Жомарт Тоқаев давлат томонидан қўллаб-қувватлаш механизмларидан самарали фойдаланиш зарурлигини таъкидлади. Давлат раҳбари келгуси йилги экиш ишларини имтиёзли молиялаштириш дастурини бошиданоқ бошлаш муҳим, деб ҳисоблайди.
– Биз серҳосил ва юқори маҳсулдор экинлар етиштиришга устувор аҳамият бериб, экинларни диверсификация қилишни давом эттиришимиз керак. Бу қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштириш ҳажмини ошириб, катта даромад олиш имконини беради. Ҳукумат ва ҳокимлар ўрим-йиғим даврида деҳқонларни ёқилғи-мойлаш материаллари билан узлуксиз таъминлаши, маблағ ва зарур техникани ўз вақтида олиши учун шароит яратиши лозим. Об-ҳаво қандай бўлишидан қатъи назар, ҳосилни имкон қадар тежамкорлик билан йиғиб олиш зарур, – деди Давлат раҳбари.
Қасим-Жомарт Тоқаев қишлоқ хўжалигини ривожлантириш борасидаги устувор вазифаларни айтиб ўтди
Президентимиз йиғиб олинган маҳсулотларни тўғри сақлашни энг муҳим вазифалардан бири, деб ҳисоблайди. Турли экинларни етиштиришнинг режалаштирилган ҳажми ва ҳар бир экин учун алоҳида сақлаш зарурлигини ҳисобга олсак, бундай жойлар етишмайди.
– Замонавий элеваторларини қуриш ва техник хизмат кўрсатиш учун катта сармоялар талаб этилиши аниқ. Шунинг учун элеваторларни модернизация қилиш учун махсус имтиёзли молиялаштириш дастурини ишга тушириш зарур. Бу ерда сифатли уруғ етиштиришга алоҳида эътибор қаратиш лозим. Қолаверса, ички бозорни ўзимизда ишлаб чиқарилган уруғлик билан таъминлаш борасида ҳам аниқ чора-тадбирлар кўриш зарур. Минерал ўғитларни субсидиялашнинг такомиллаштирилган механизми ўтган йилдан буён ўз самарасини кўрсатди. Қишлоқ хўжалиги вазирлигига уруғчиликни давлат томонидан қўллаб-қувватлашнинг муқобил чора-тадбирларини жорий этиш вазифаси юклатилди. Умуман олганда, қишлоқ хўжалигида яхши натижаларга эришганимизни алоҳида таъкидлаш жоиз. Бу қишлоқ хўжалигининг аралаш тармоқларига ижобий таъсир кўрсатмоқда, – деди Қасим-Жомарт Тоқаев.
Давлат раҳбари қишлоқ хўжалигига рақамли технологияларни жорий этишни жадаллаштириш бўйича топшириқ берди
Президент чорвачилик имкониятларини тўлиқ ишга солишга ҳам чақирди.
– Йил охиригача чорвачиликни ривожлантириш дастури ишлаб чиқилади. Ушбу ҳужжат имтиёзли фондлардан узоқ муддатли фойдаланиш имконини беради. Фақат оммавий рақамлаштириш орқали биз иқтисодиётнинг барча тармоқларида шаффофлик ва самарадорликни таъминлашимиз мумкин. Бу масалага Мурожаатимда батафсил тўхталиб ўтдим. Қишлоқ хўжалигига рақамли технологияларни жорий этишни жадаллаштириш зарур. Экинчилик ва чорвачиликдаги жараёнларни тўлиқ назорат қилиш учун рақамли усуллардан фойдаланиш зарур. Бу иш IТ-бизнес билан ҳамкорликда амалга оширилиши керак, – деди Президент.
Қасим-Жомарт Тоқаев қишлоқ хўжалигини ривожлантириш учун бюджетдан катта маблағ ажратилаётганини таъкидлади.
– Шундай экан, амалга оширилаётган ҳар бир иш, ҳар бир тадбир аниқ натижа бериши керак. Бир сўз билан айтганда, қишлоқ хўжалигига ижобий таъсир кўрсатиши керак. Давлат ҳалол фермерларни доимо қўллаб-қувватлайди. Қишлоқ хўжалигининг аҳволи алоҳида назоратимда, бу соҳага алоҳида эътибор қаратаман. “Интилганга толе ёр”, дейди халқимиз. Шу боис, биз биргаликда ушбу муҳим кампанияни ўз вақтида ва муваффақиятли якунлашимизга ишонаман, – деди Давлат раҳбари.