Президент Stadler Kazakhstan заводи билан танишди
ASTANA. Kazinform – Давлат раҳбарига Stadler Kazakhstan заводида ишлаб чиқарилган биринчи йўловчи вагони тақдим этилди. Бу ҳақда Ақорда матбуот хизмати хабар берди.

Янги вагонларнинг асосий афзаллиги - йўловчилар қулайлги ва хавфсизлигини таъминлашга қаратилган замонавий муҳандислик ечимларидир. Қаттиқ иқлим шароитларига бардош беришга мўлжалланган вагонларнинг хизмат қилиш муддати 40 йилни ташкил этади.



Корхона купе, плацкарт ва ихтисослаштирилган (ҳаракати чекланган йўловчилар учун мўлжалланган) вагонлар ишлаб чиқаришга йўналтирилган. Жорий йилда 51 та, 2030 йилгача эса 557 та янги вагон фойдаланишга топширилиши режалаштирилган. Бу миллий ташувчига вагон паркни тўлиқ янгилаш имконини беради. Ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштиришда қозоғистонлик корхоналари иштирок этмоқда.
Президент темирйўлчилар билан суҳбатлашди.

Қасим-Жомарт Тоқаевга темир йўл тизимини модернизация қилишнинг бориши ҳақида маъруза қилинди. Мамлакат бўйлаб 125 та темир йўл вокзалида таъмирлаш ишлари олиб борилмоқда. Халқаро ҳамкорлар билан биргаликда йўловчи ташиш тизимида хизмат кўрсатиш сифатини ошириш ва ҳудудларда транспорт алоқаларини яхшилаш бўйича ечимлар амалга оширилмоқда.

Хусусан, маҳаллий IT-компаниялар йўловчилар учун ягона рақамли платформани ишлаб чиқди. Бу чипталарни сотиб олишдан тортиб туристик хизматларни кўрсатишгача бўлган кўплаб функцияларни бирлаштиради. Поездлар ҳам суний йўлдош интернет тармоғига уланади. Хавфсизликни кучайтириш мақсадида видеоёзувлар, мобиль терминаллар ва сунъий интеллект технологиялари асосида маълумотларни таҳлил қила оладиган 4 мингта камерадан фойдаланилади.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Қасим-Жомарт Тоқаев Бекзат Саттарханов номидаги спорт мажмуасига ташрифи ҳақида хабар берган эдик.