Президент Молиявий мониторинг агентлигида йиғилиш ўтказди
АSTANА. Kazinform – Давлат раҳбари Қасим-Жомарт Тоқаев Молиявий мониторинг агентлигида йиғилиш ўтказди.
Президент соҳадаги мутахассисларни касбий байрами билан табриклаб, беш йил олдин, мамлакатда кенг кўламли ўзгаришлар амалга оширилаётган тарихий даврда ташкил этилган Молиявий мониторинг агентлиги ўз зиммасига юклатилган масъулият ва вазифаларни шараф билан бажараётганига эътибор қаратди.
– Умуман олганда, бундай қисқа муддат ичида кўп ишлар амалга оширилди, анча тажриба тўпланди. Бугунги кунда Молиявий мониторинг агентлиги мамлакатимизнинг иқтисодий ва миллий хавфсизлик тизимида муҳим ўрин тутувчи мустақил тузилмага айланди. Буни қатъий меҳнат ва ҳалол хизмат натижаси дейиш мумкин. Агентлик ходимларига миннатдорчилик билдираман. Бироқ сусткашликка йўл қўймаслик керак. Чунки олдимизда юқори мақсадлар ва кенг кўламли ишлар турибди. Айниқса, ҳозир жуда тез ривожланаётган рақамли технология ва сунъий интеллект даврида ишга тубдан янги қараш билан ёндашиш вазифаси турибди. Бу масала ҳақида «Turkistan» газетасига берган суҳбатимда ва Миллий қурултой йиғилишида аниқ айтдим, — деди Қасим-Жомарт Тоқаев.
Давлат раҳбари ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар, жумладан, Молиявий мониторинг агентлиги технология жиҳатдан орқада қолса, бу ҳолат миллий хавфсизлигимизга таҳдид солиши мумкинлигини таъкидлади.
– Рақамли усулларни ва сунъий интеллект тизимини Агентлик фаолиятига оммавий жорий этиш – кечиктириб бўлмайдиган жуда муҳим вазифа. Усиз иш самарали бўлмаслиги аниқ. Ҳозир куч ишлатар тузилмалар ва жиноят олами ўртасидаги кураш технология жиҳатдан мутлақо бошқача тус олди. Қорақчилар, яъни жиноятчилар сунъий интеллектни фаол қўллай бошлашди. Буни сизлар яхши биласизлар. Ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар, жумладан, Молиявий мониторинг агентлиги технология жиҳатдан орқада қолса, бу ҳолат миллий хавфсизлигимизга таҳдид солиши мумкин. Замон талабига мос равишда илғор бўлиш учун, энг аввало, тўғри қарор қабул қилиб, самарали ҳаракат қилишимиз керак. Ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар пухта, фаол ишлаб, илғор рақамли ечимлар орқали мамлакатдаги ўзгаришларни тез ва сифатли амалга оширишга ёрдам бериши мумкин. Бу кенг кўламли иқтисодий янгиланиш йўлига юзланган Қозоғистон учун жуда муҳим қадам бўлади, — деди Давлат раҳбари.