Президент Кўкшетау шаҳрининг 2050 йилгача бўлган Бош режаси билан танишди
ASTANА. Kazinform — Қасим-Жомарт Тоқаевга Бош режа доирасида иссиқлик электр станцияси, вилоят кўп тармоқли касалхонаси, Фуқаро муҳофазаси академияси ва кўп функцияли спорт мажмуаси қурилаётгани маълум қилинди. Бундан ташқари, олтмишга яқин саноат корхонасига мўлжалланган саноат зонаси пойдевори қўйилмоқда. Бу ҳақда Ақорда матбуот хизмати хабар берди.

Вилоят маркази ҳудуди 7 минг гектарга кўпаяди. Бош режанинг ўзига хос объектларидан бири – Қопа кўли бўйида барпо этиладиган замонавий бизнес маркази. Унда турар жой мажмуалари, бизнес ва савдо марказлари, ижтимоий объектлар ва жамоат жойлари жойлашади.
Йил охиригача шаҳар аҳолисини 500 мингга етказиш режалаштирилган. Аҳоли учун қулай шарт-шароитлар яратиш мақсадида янги қурилиш майдончалари ва ободонлаштириш дастури доирасида қарийб 10 миллион квадрат метр уй-жой фойдаланишга топширилади.
Президентга Кўкшетау шаҳрида беш йиллик ободонлаштириш дастури муваффақиятли амалга оширилаётгани ҳақида маълумот берилди.
Лойиҳадан кўзланган мақсад эскирган уйлар аҳолисини замонавий, қулай ва энергия тежамкор хонадонларга кўчириш, шунингдек, муҳандислик тармоқлари, ҳовлилар ва жамоат жойларини комплекс модернизация қилишдан иборат. Ушбу дастурнинг оператори “Кўкше” ижтимоий-тадбиркорлик корпорацияси ҳисобланади.
Айни пайтда 13 та эски уй бузилиб, уларнинг ўрнида 2 та тўққиз қаватли ва 4 та беш қаватли турар жой барпо этилган. 365 оила янги уй-жойга жойлашди.
2029 йилгача 175 та эски уйни бузиш режалаштирилган бўлса, унинг ўрнига 3500 хонадонга мўлжалланган 35 та замонавий турар жой қурилиши режалаштирилган. Натижада 11 мингга яқин киши янги уй-жойга кўчиб ўтади.