Президент “Давлат хизмати тўғрисида”ги янги қонун лойиҳасини ишлаб чиқиш бўйича қатор топшириқлар берди
ASTANА. Kazinform - Қасим-Жомарт Тоқаевга Давлат хизматлари агентлигининг ўтган йилги фаолияти якунлари ҳамда келгуси даврдаги режалари ҳақида маълумот берилди.

Дархан Жазиқбай кадрлар жараёнларини автоматлаштириш ва рақамлаштириш ҳамда мутахассислик ва функционал йўналишлар бўйича малака талабларига мувофиқ салоҳиятли номзодлар маълумотлар базасини шакллантириш имконини берувчи eQyzmet интеграциялашган ахборот тизимини оммавий жорий этиш натижалари ҳақида маъруза қилди.
Шунингдек, Давлат раҳбарига раҳбарлик лавозимларига номзодлар рейтингини электрон шахсий файллар асосида шакллантириш имконини берувчи «Персоналды іріктеу» рақамли функциясини жорий этишнинг бориши ҳақида ҳам маълумот берилди. Номзодлар шахсий ва касбий ривожланишни ҳисобга оладиган рақамли рейтинг ёрдамида танланади.
Давлат бюджетидан молиялаштириладиган ташкилотларнинг кадрлар хизматини автоматлаштириш бўйича Президентга аввал эълон қилинган топшириқ ижроси натижалари тақдим этилди. Агентлик раисининг айтишича, Ягона кадрлар хизмати ахборот тизимига 8 та давлат органининг 19 та бўйсунувчи ташкилоти қўшилган. Жорий йилда 500 минг нафарга яқин ходим меҳнат қилаётган 47 та давлат органининг 2 минг 400 га яқин тасарруфидаги ташкилотни ахборот тизимига улаш режалаштирилган.
Бундан ташқари, Қасим-Жомарт Тоқаев давлат хизматига малакали мутахассислар ва иқтидорли ёшларни жалб этиш, давлат аппаратини бюрократиядан халос этиш чора-тадбирлари тўғрисидаги ҳисоботни тинглади.
Учрашувда хизмат олувчиларнинг ҳуқуқларига риоя этилишининг рақамли мониторинги натижалари, инсон ресурсларини бошқариш соҳасида илғор тажриба алмашиш, давлат хизматчиларининг хорижда амалиёт ўташи масалалари муҳокама қилинди.
Президент “Давлат хизмати тўғрисида”ги янги қонун лойиҳасини ишлаб чиқиш ва давлат хизматини 2024-2029 йилларда ривожлантириш концепциясини амалга ошириш билан боғлиқ қатор топшириқлар берди. Қасим-Жомарт Тоқаев давлат аппарати самарадорлигини ошириш учун замонавий HR-воситаларини жорий этиш муҳимлигига ҳам эътибор қаратди.
Аввалроқ Давлат раҳбари Ўмон Ташқи ишлар вазири Бадр ал-Бусайдийни қабул қилган эди.