Президент ACWA Power компанияси директорлар кенгаши раиси Муҳаммад Абунайянни қабул қилди
Давлат раҳбари ACWA Power компанияси директорлар кенгаши раиси Муҳаммад Абунайяннни қабул қилди, дея хабар беради Кazinform агентлиги Ақорда матбуот хизматига таяниб.

Қасим-Жомарт Тоқаев БМТнинг Иқлим ўзгариши бўйича доиравий конвенцияси иштирокчиларининг 28-конференцияси доирасида ACWA Power компанияси директорлар кенгаши раиси Муҳаммад Абунайян билан учрашди.
Учрашувда компаниянинг Қозоғистон билан ўзаро ҳамкорлигини янада мустаҳкамлаш ва қатор инвестиция лойиҳаларини амалга оширишнинг асосий жиҳатлари муҳокама қилинди. Шунингдек, Жетису вилоятида қуввати 1 ГВт бўлган шамол электр станциясини қуриш истиқболлари кўриб чиқилди.

Ушбу объектга 1,8 миллиард доллар миқдорида сармоя киритиш режалаштирилган. Муҳаммад Абунайян компания Қозоғистондаги улушини кенгайтириш ва яшил энергия соҳасида инвестиция лойиҳаларини амалга оширишдан манфаатдор эканини айтди.
Қасим-Жомарт Тоқаевнинг сўзларига кўра, бу ташаббус Қозоғистоннинг қайта тикланадиган энергия манбаларини ривожлантириш бўйича минтақавий хабга айланиш истагига мос келади.
Давлат раҳбари компания фаолияти ва йирик лойиҳалари, хусусан, Дубай шаҳрида қиймати 4,6 миллиард долларлик «Noor Energy 1» қуёш электр станцияси қурилишини юксак баҳолади. Бу дунёдаги энг катта объект ҳисобланади.