Оролбўйи ҳудудларига олтита замонавий метеорологик станция ўрнатилди

Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилоти (ФАО) Оролбўйи минтақасида муҳим аҳамиятга эга навбатдаги ташаббусни амалга оширди, деб ёзади ЎзА.

Оролбўйи ҳудудларига олтита замонавий метеорологик станция ўрнатилди
Фото: ЎзА

Халқаро тузилма ҳаво сифати, ер ва сув ресурсларини бошқаришни яхшилашга бағишланган қўшма дастур доирасида Қорақалпоғистон Республикасининг учта туманида олтита замонавий метеорологик станция ўрнатди.

Ушбу илғор мониторинг тизимлари ҳарорат, ёғингарчилик миқдори, намлик, шамол тезлиги ва қуёш нурланиши каби муҳим иқлим
кўрсаткичларини узлуксиз кузатиб боради ва реал вақтдаги маълумотларни тақдим этади.

Ташаббус Мўйноқ, Қўнғирот ва Тахтакўпир туманларидаги аҳолига бевосита фойда келтиради.

Дастур экологик ва ижтимоий-иқтисодий жиҳатдан заиф қатлам, айниқса, аёллар, болалар ва ёшларни қўллаб-қувватлашга ихтисослашган, чунки улар минтақадаги экологик таназзулдан кўпроқ азият чекиши мумкин.

"Ушбу метеорологик тармоқ Оролбўйи ҳудудидаги иқлим масалаларини тушуниш йўлидаги муҳим қадам ҳисобланади, – деди ФАОнинг Ўзбекистондаги вакили ўринбосари Шерзод Умаров. – Олтита станциядан олинган маълумотлар бизга минтақамиз учун энг самарали ва илмий асосланган иқлим стратегияларини яратиш имконини беради.

Қайд этиш керак, ФАО ва БМТ Тараққиёт дастури қўшма ташаббуси мазкур йўналишдаги салоҳиятни оширишга хизмат қилади. Дастур экотизим хизматларини бошқариш амалиётини такомиллаштириш, экологик деградацияни бартараф этишда инновацион ечимлар илгари суриш йўлида зарур билим, восита ва ресурслар билан таъминлайди.

Бир сўз билан айтганда, мазкур ҳамкорлик экологик муаммоларга комплекс ёндашувни таъминлаш, дунёдаги экологик муаммоларни бартараф этишга хизмат қилиши билан аҳамиятли.

Сўнгги хабарлар