Орол денгизининг аҳволи, ўрмон ёнғинлари, тутунлар ва чиқиндилар

ASTANA. Кazinform - Мамлакатнинг экологик ҳолатидан хавотирда бўлаётганлар кўп. Экологлар у ёқда турсин, ҳатто оддий аҳоли ҳам завод турбиналаридан чиқаётган қуюқ тутун туфайли юзага келган муаммолар мавжудлигини билади. Шу билан бирга, уч йил муқаддам мамлакатда Экологик кодекс қабул қилиниб, муаммоларни ҳал этиш бўйича қатъий қадамлар қўйилди. Ҳозиргача қандай ишлар амалга оширилди? Ижобий натижалар борми? Қандай муаммолар ҳал этилмади? Шу ва бошқа саволларга Қозоғистон Республикаси Экология ва табиий ресурслар вазири Ерлан Нисанбаев жавоб берди.

Ерлан Нисанбаев
Коллаж Kazinform

- Ерлан Нуралиули, Орол денгизининг бугунги аҳволи қандай? Маълумки, олимлар чекинаётган денгиз табиатини ўрганиб, “Бу бутун дунёда ҳеч қачон кузатилмаган экологик офат”, деб баҳо берган. Денгиз ҳолатини яхшилаш учун қандай ишлар амалга оширилмоқда?

– Вазирлик ўз ваколатлари доирасида Қизилўрда вилоятининг ер усти сувлари сифати мониторингини олиб боради. Хусусан, вилоят ҳудудида жойлашган 2 та сув ҳавзасида (Сирдарё ва Орол денгизи) 7 та нуқтадан тегишли намуналар олинади. Ер усти сувларини тадқиқ қилиш жараёнида намуналардан сув сифатининг 35 та физик-кимёвий кўрсаткичлари аниқланади. Шу билан бирга, 2022 йилга нисбатан Сирдарёдаги сувнинг сифати сезиларли даражада ўзгармаганини алоҳида таъкидлаш лозим.

Ҳозирги вақтда Орол денгизининг қуриган тубининг умумий майдони қарийб 6 миллион гектарни ташкил этади. Унинг 2,8 миллион гектари Қозоғистон ҳудудига тўғри келади. Оролбўйининг экологик ҳолатини яхшилаш мақсадида Орол денгизининг қуриган тубига агротехник талаблар бажарилган ҳолда суғорилмасдан шўрланишга мойил бўлган галофит ўсимликларни (саксовул, сарсазан, қорабарокқ, юлғун) экиш ишлари олиб борилмоқда.

Давлат раҳбари 2021 йилда экологик вазиятни яхшилаш мақсадида 2025 йилгача Орол денгизининг қуриган тубига саксовул кўчатларини экиш орқали 1,1 миллион гектар ўрмонларни мелиоратив ҳолатини яхшилаш вазифасини қўйди. Шу билан бирга олимлар шўрлиги кам тупроқларга саксовул экиш, шўрланган тупроқларга эса галофит ўсимликлар (қорабароқ, сарсазан) уруғларини экишни таклиф қилишди.

2021-2023-йилларда 544,5 минг гектар майдонда ўрмон мелиорацияси ишлари олиб борилди. Бу йил 275 минг гектар, 2025 йилда эса 280 минг гектар майдонда амалга оширилади. Ўрмонларни барпо этиш чанг-туз бўронлари, ҳудудда экологияга зарар етказилишининг олдини олади. Бундан ташқари, тупроқ эрозиясининг олдини олиш, унумдорлигини ошириш, Орол денгизининг қуриган тубидаги ўсимликларнинг биохилма-хиллигини кўпайтириш ва кенгайтиришга хизмат қилади.

Қўлда экилган галофит ўсимликларнинг уруғлари ўз-ўзидан ва табиий равишда тарқалишда давом этади, деган фикр бор. Буларнинг барчаси Оролбўйида микроиқлим, санитария-гигиена ҳолатини яхшилашга таъсир кўрсатиши керак.

– Мамлакатимизда вақти-вақти билан маиший чиқиндилар билан боғлиқ муаммолар юзага келади. Чиқиндиларни қайта ишлаш дунёда фойдали бизнес эканлиги маълум. Бизда эса тадбиркорлик у ёқда турсин, ахлат ташлаш маданияти ҳали шаклланмаганлигини яшира олмаймиз. Бу ҳақда нима дейсиз?

- Чиқинди билан ишлаш маржинал бизнес ва ижтимоий хусусиятга эга. Корхоналарнинг асосий даромади эса тарифга боғлиқ. Шу муносабат билан корхоналарнинг ушбу соҳада ишлашга қизиқишини ошириш учун қўшимча қўллаб-қувватлаш чораларини кўриш талаб этилади.

Жорий йилнинг 5 февралидан чиқиндиларни қайта ишлаш соҳасидаги ихтисослаштирилган корхоналар учун тўлов механизми қайтадан ишга туширилди. Шунингдек, ҳудудларнинг моддий-техникавий шароитларини яхшилаш мақсадида инфратузилма лойиҳаларини (қаттиқ маиший чиқиндиларни саралаш, қайта ишлаш) чегирмали молиялаштириш механизми тўғрисидаги Қозоғистон Республикаси Ҳукумати қарори лойиҳаси қабул қилинди. Унинг фоиз ставкаси 3 фоизга тенг. “Саноатни ривожлантириш жамғармаси” АЖ ҳисобидан ажратиладиган кредитлар муддати 3 йилдан 15 йилгача, лойиҳаларга ажратилган маблағларнинг умумий ҳажми 3 йилга қарийб 200 миллиард тенгени ташкил этди.

Умуман олганда, Қозоғистон Республикаси Экологик кодексининг 365-моддасига мувофиқ маҳаллий ижроия ҳокимияти органларига чиқиндилар билан боғлиқ масалалар бўйича тушунтириш ишларини олиб бориш вазифаси юклатилган.

Бундан ташқари, бугун Таълим-маориф вазирлигининг буйруғи билан таълимнинг барча босқичларида ўқувчиларга экологик таълим бериш бўйича комплекс тадбирларни ўз ичига олган 2023-2029 йилларга мўлжалланган экологик таълим ва тарбиявий тадбирлар режаси тасдиқланди. Режага кўра, болалар боғчасидан то университетгача бўлган таълим дастурларида чиқиндиларни бошқариш маданияти масалаларини ишлаб чиқиш ва амалга ошириш билан боғлиқ ишлар олиб борилади.

– Мамлакатимизда ноқонуний чиқиндихоналар сони йил сайин кўпаймоқда. Жарималар муаммони ҳал қилмаслиги маълум бўлди. Нима қилиш керак?

– 2018 йилдан буён Экология ва табиий ресурслар вазирлиги «Ғарыш Сапары» миллий компанияси билан ҳамкорликда мамлакатимиз ҳудудида рухсат этилмаган чиқиндиларни аниқлаш ва йўқ қилиш ишларини олиб бормоқда.

Ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ва ҳокимликлар билан ҳамкорликда олиб борилган ишлар натижасида охирги 3 йилда рухсат этилмаган чиқиндихоналар сони камайди. Масалан, 2020 йилда – 8884, 2021 йилда – 7328, 2022 йилда – 5683 та чиқинди уюмлари маълум бўлди. Коинот мониторинги маълумотларига кўра, жорий йилнинг 29 февралига қадар 5533 та рухсатсиз чиқиндихона аниқланган. Уларнинг 86 фоизи ёки 4733 таси йўқ қилинган.

Идоралараро ҳамкорлик доирасида вазирлик томонидан ҳудудий бошқармалар билан чиқиндиларни ўзбошимчалик билан жойлаштиришнинг олдини олиш бўйича чора-тадбирлар режаси ишлаб чиқилган. Мазкур режа ижроси доирасида ҳар ҳафтада рейд тадбирлари ўтказилмоқда.

Ҳозирда маъмурий жавобгарликни кучайтириш мақсадида вазирлик томонидан Қозоғистон Республикасининг “Маъмурий ҳуқуқбузарликлар тўғрисида”ги кодексига ўзгартиришлар киритиш масаласи устида иш олиб борилмоқда. Белгиланган жойлардан ташқарига чиқинди ташлаганлик учун маъмурий жавобгарликни 50 БҲМдан (172,5 минг тенге) 200 БҲМга (690 минг тенге) ошириш кўзда тутилган. Агар такрорий қоидабузарлик қайд этилса, жарима икки баробарга оширилади.

Ўтган йилги маълумотларга кўра, республика бўйича 3016 та чиқиндихона мавжуд. Уларнинг атиги 624 таси (20,7 фоизи) экологик ва санитария талабларига жавоб беради.

– Сўнгги йилларда мамлакатимизда ўрмон ёнғинлари кўпайиб бормоқда. Ноқонуний дарахт кесиш ҳам мавжуд. Айни пайтда ўрмонларни қайта тиклаш ишлари қандай кетмоқда?

– 2023 йилда давлат ўрмон фонди ҳудудида 810 та ўрмон ёнғинлари қайд этилди. Умумий майдони 116 801 гектар бўлган ёнғин натижасида етказилган зарар миқдори 163,2 миллиард тенгега тенг.

Ўтган йили давлат ўрмон хўжалиги ва табиатни муҳофаза қилиш муассасаларида ўтказилган текширувлар давомида аниқланган ноқонуний дарахт кесиш ҳажми 3 минг 205 м3 ни ташкил этди.

Ўтган йилги ўрмон аудити таҳлили шуни кўрсатдики, Шарқий Қозоғистон (1268 м3) ва Қостанай (546 м3) вилоятлари давлат ўрмон хўжалиги муассасаларида ўрмонларни катта ҳажмда ноқонуний кесишга йўл қўйилган.

Айни пайтда вазирлик тузилмаларининг техник жиҳозланиши қарийб 70 фоизни ташкил этади.

Ўрмон ҳудудларида ёнғин келиб чиқиш хавфининг олдини олиш мақсадида рақамли технологияларни жорий этиш, учувчисиз учиш аппаратлари билан таъминлаш ва бошқа чора-тадбирлар комплекси амалга оширилади. Масалан, 2023 йилда “Кўкшетау” давлат миллий табиат боғи (182,1 минг га) ва “Иртиш ўрмони” давлат ўрмон-табиий қўриқхонаси (278 минг га) ҳудудида ўрмон ёнғинларини барвақт аниқлаш тизимлари ўрнатилди.

Шимолий Қозоғистон вилоятида 12 та ўрмон хўжалиги муассасасидан 11 тасида 16 та интерфаол видеокузатув камераси мажмуаси билан мунтазам мониторинг олиб борилмоқда.

Жорий йилда “Семей ўрмони” РДКда ёнғинни эрта аниқлаш тизимини ташкил этиш мақсадида Молия вазирлигига молиялаштириш учун республика бюджети спецификацияси доирасида ариза тайёрланди.

Фавқулодда вазиятлар вазирлигининг ҳудудий бўлинмаларини жиҳозлаш мақсадида республика бюджети маблағлари ҳисобидан 12 та учувчисиз учиш аппаратларини етказиб бериш бўйича икки йиллик шартнома имзоланди.

Шунингдек, Президенти топшириғи доирасида 71 та учувчисиз учиш аппарати харид қилинди. Фуқаро муҳофазаси органларининг 80 нафар ходими “Учувчичиз учиш аппарати оператори” сертификатига эга бўлиб, УУАни бошқариш ва фойдаланиш бўйича ўқув курсларидан ўтди.

Умуман олганда, фуқаро муҳофазаси соҳасида 2023-2027 йилларга мўлжалланган бирламчи чора-тадбирлар комплекс режаси доирасида табиатни муҳофаза қилиш муассасаларини моддий-техник таъминлашга 68,6 миллиард тенге маблағ йўналтирилиши режалаштирилган.

Шунингдек, 2023 йил 22 сентябрда Президент ҳузуридаги рақамлаштириш комиссиясининг йиғилишида “Ўрмон ёнғинларини барвақт аниқлаш тизими” лойиҳасини амалга ошириш маъқулланган эди.

– Йирик заводларнинг турбиналаридан чиқаётган қуюқ тутунни кўрган аҳоли соғлиғидан хавотирда. Шу муносабат билан корхоналар фильтр ўрнатиш каби экологик талабларга қай даражада амал қилмоқда? Завод ҳудудида кўкаламзорлаштириш ишлари қай даражада? Ўтган йили экология қоидаларини бузгани учун қанча завод жаримага тортилди?

– 2023 йилда ишлаб чиқариш корхоналарига атроф-муҳитга чиқиндиларнинг технологик меъёрларини ошириб юборганликлари, атмосфера ҳавосини муҳофаза қилиш ҳамда сув ҳавзаларини ифлосланиш ва тиқилиб қолишдан ҳимоя қилиш талабларини бузганликлари учун 239 миллион 770 минг 888 тенге миқдорида 40 та маъмурий жарима қўлланилди.

Умуман олганда, ҳар бир корхона томонидан экологик талабларнинг тизимли бажарилиши асосий эътиборда. Бепарволик қилса, жаримага тортилишини тушунган корхона раҳбарлари қўйилган талабларни қатъий бажаришга ҳаракат қилишлари аниқ.

– Сайғоқлар масаласи жамиятда ўз долзарблигини йўқотгани йўқ. “Гўшт, шох, ҳайвон терисидан фойдаланишни йўлга қўядиган цех очиш керак. Унга махсус музлатгич, гўштни бўлакларга бўлиш учун махсус сўйиш жойи керак” деган фикрлар мавжуд. Сизнинг фикрингиз қандай?

– 2023-2024 йиллар куз-қиш мавсумида сайғоқлар сонини тартибга солиш чора-тадбирлари “Охотзоопром” махсус ихтисослаштирилган ташкилоти томонидан амалга оширилади.

Овланган сайғоқларнинг гўшти ва терилари шартнома имзолаган гўшт заводларига топширилади. Кийик шохи эса “Охотзоопром” муассасаси тасарруфида сақланади.

Бозор иқтисодиёти замонида сағоқ гўшти, шох ва терисидан фойдаланиш бўйича янги цехлар очиш бизнеснинг бир йўналишидир. Янги цехларни очиш жисмоний ёки юридик шахснинг ҳуқуқидир. Сайғоқларнинг сонини тартибга солувчи орган ҳайвонларнинг гўштини етказиб бериш бўйича шартномаларни тартибга солади.

- 2019 йилда Numbeo статистик ресурси атроф-муҳитнинг ифлосланиш даражаси бўйича дунё мамлакатлари рейтингини эълон қилди. У ерда Қозоғистон дунёнинг 109 давлати орасида 25-ўринни эгаллади. Бу мамлакатда паст экологик вазият шаклланаётганини яққол кўрсатади. Шу билан бирга, мамлакатимизда янги Экологик кодекс жорий этилганидан кейин нималар ўзгарди?

– Янги қабул қилинган Экология кодексига мувофиқ атроф-муҳит сифатининг мақсадли кўрсаткичлари ишлаб чиқилди ва тасдиқланди.

Атроф-муҳит сифатининг мақсадли кўрсаткичлари - атроф-муҳитнинг алоҳида таркибий қисмлари ҳолатининг миқдорий ва сифат кўрсаткичлари ва бошқа кўрсаткичлар бўлиб, улар атроф-муҳитни муҳофаза қилиш билан таъминланиш даражасини ва маълум бир вақт ичида эришилиши керак бўлган чиқиндиларни бошқариш бўйича самарали чора-тадбирларни тавсифлайди.

Вилоятлар, республика аҳамиятига молик шаҳарлар ва пойтахтнинг маҳаллий ижроия ҳокимияти органлари ҳар беш йиллик давр учун мақсадли сифат кўрсаткичларини ишлаб чиқишлари шарт.

Янги Экологик кодекс кучга киргунга қадар, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш фаолияти учун атроф-муҳитга таъсир қилиш юзасидан тўлов миқдорини мақсадли белгилаш мажбурияти йўқ эди. Маҳаллий ижроия ҳокимияти органлари ушбу маблағларнинг ўртача атиги 45 фоизини атроф-муҳитни муҳофаза қилишга йўналтирган.

Ҳозирги вақтда атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бўйича тадбирлар бюджет маблағлари ҳисобидан маҳаллий бюджетга келиб тушган атроф-муҳитга салбий таъсир учун тўлов миқдоридан кам бўлмаган миқдорда амалга оширилмоқда. Бу норма Бюджет кодексида ҳам ўз аксини топган.

Янги экология кодексида “ифлословчи тўлайди ва тузатади” тамойили мавжуд. Табиатдан фойдаланувчига экологик жарима тўлатгунча давлат атроф-муҳитга зарар етказилишининг олдини олиш чораларини кўриши шарт. Бундан ташқари, атроф-муҳитга зарар етказган ифлослантирувчи атроф-муҳитни дастлабки ҳолатига қайтаришга мажбурдир.

Кейинги масала эмиссия тўлови билан боғлиқ. Мавжуд энг яхши технологияларни жорий этган компаниялар чиқиндилардан озод қилинади. Умумий эмиссиядан тушган маблағнинг 100 фоизи эса экологик тадбирларга сарфланади. Илгари эмиссиядан тушган маблағ шаҳарлар бюджетига тушар ва йўл қурилиши каби экологик бўлмаган соҳаларга сарфланар эди. Янги кодекснинг яна бир хусусияти чиқиндиларни ишлаб чиқариш ва бошқариш билан боғлиқ. Энди жарима миқдори 10 баробар оширилади. Чиқиндиларни қайта ишлаш ва утилизация қилиш билан шуғулланувчи корхоналар лицензияланмоқда.

– Мамлакатимизда экотуризмни ривожлантириш борасида қандай ишлар амалга оширилмоқда? Наҳотки биз бор нарсанинг қадрига етолмаяпмиз?

– Миллий табиат боғлари ҳудудига ташриф буюрувчилар сони йилдан-йилга ортиб бормоқда. 2022 йилда 2 миллион киши рўйхатга олинган бўлса, 2023 йилда 2,4 миллионга яқин киши ташриф буюрган.

Шу муносабат билан боғлар ҳудудларида экотуризмни ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Улар орасида алоҳида муҳофаза этиладиган табиий ҳудудлар соҳасидаги қонунчиликни янгилаш, янги йўналишлар яратиш ва уларни ободонлаштириш, ташриф буюрувчилар учун марказлар қуриш, экологик таълим, рақамлаштириш ва муҳандислик инфратузилмасини (йўллар, электр тармоқлари, қувурлар) ташкил этишга асосий эътибор қаратилмоқда.

Шу билан бирга, аҳоли ва ёш авлоднинг экологик саводхонлигини ошириш мақсадида давлат миллий табиий боғлари ҳудудида табиатни муҳофаза қилиш тадбирлари ўтказилаётганини алоҳида таъкидлаш лозим.

– Вазирлик аҳоли билан тиөиз алоқага эгами? Қозоғистонликлар қандай муаммолар бўйича тез-тез мурожаат қилишади?

– Тўғри, экология масаласи ҳамиша халқ эътиборида. Ҳудудларда аҳоли билан шахсий қабуллар, учрашувлар ўтказиб турамиз. Биз учун аҳолининг фикри муҳим. Ҳудудларда кўтарилаётган муаммолар турлича. Хусусан, ноқонуний чиқиндихоналар, ҳар бир ҳудуднинг экологик ҳолати, амалдаги қонунчиликка ўзгартиришлар киритиш, экологик лойиҳалар, ҳудудларни ободонлаштириш каби масалалар тез-тез кўтарилади.

Айтиш жоизки, фуқароларнинг экологик вазиятни ўзгартиришга қаратилган кўплаб лойиҳалари борлиги қувонарлидир. Орамизда кўплаб экокўнгиллилар бор. Вазирликка “ноу-хау” таклифлари билан мурожаат қилаётганлар кам эмас. Хусусан, ёшларнинг таклифлари устунлик қилмоқда. Экологик онгни ўзгартиришда уларнинг ҳиссаси катта, шунинг учун биз уларни имкон қадар қўллаб-қувватлашга ҳаракат қиламиз.

Сўнгги хабарлар