Номзодлар турнири: ўзбекистонлик Жавоҳир Синдоровнинг муваффақиятли юриши давом этмоқда
TASHKENT. Kazinform — Кипрда давом этаётган 14 та турдан иборат Номзодлар турнирининг 7 та тури ортда қолди, деб хабар беради UzA.
Номзодлар турнирида дона сураётган дунёнинг энг кучли 8 нафар эркак ва 8 нафар аёл шахматчилари жаҳон шахмат тожига даъвогарлик манзилидаги ярим довонни босиб ўтишди.
Ўзбекистонлик гроссмейстер, 2025 йилги Жаҳон кубоги соҳиби Жавоҳир Синдоров кеча ўтказилган 7-тур мусобақасида азалий рақибларидан бири нидерландиялик Аниш Гири билан куч синашди.
Ўйин деярли тўлиқ ҳолда Синдоровнинг устунлиги ва назоратида ўтган бўлса-да, Гири мустаҳкам ҳимоя қўрғонини ҳосил қила билиши натижасида муқаррар мағлубиятини дурангга айлантира олди.
Турнинг қолган баҳсларига эътибор қаратадиган бўлсак, хитойлик Вэй И қора доналарда россиялик Андрей Есипенкони мағлуб этиб, мусобақадаги илк ғалабасини тантана қилди. Маттиас Блюбаум–Хикару Накамура ва Праггнанандха – Фабиано Каруана қарама-қаршилигидаги ўйинларда муроса йўли танланди.
Номзодлар турнирининг аёллар мусобақаси 7-турида ҳиндистонлик Вайшали Рамешбабу оқ доналарда хитойлик Тан Чжунъини мағлуб этган бўлса, Анна Музичук (Украина) – Бибисара Асаубаева (Ҳиндистон), Дивья Дешмух (Ҳиндистон) – Катерина Лагно (Россия), Александра Горячкина (Россия) – Чжу Цзинер (Хитой) учрашувларида дуранг қайд этилди.
Бугун, 6 апрель куни мусобақа иштирокчилари учун дастурга биноан дам олиш куни сифатида белгиланган. Эртага 8-тур мусобақалари бўлиб ўтади.
Унда Жавоҳир Синдоров қора доналарда Андрей Есипенко қаршилигини енгишга ҳаракат қилади. Шунингдек, Вэй И — Маттиас Блюбаум, Аниш Гири — Праггнанандха, Ҳикару Накамура — Фабиано Каруана рўбарў келади.
Эртага бўладиган 8-тур ўйинлари остонасида Синдоров 7 имкониятдан 6 очко жамғарган ҳолда турнир жадвалида якка пешқадамлигини давом эттирмоқда. Ўзбекстонлик шахматчидан 1,5 очко ортда қолаётган АҚШ вакили Фабиано Каруана ҳисобида 4,5 очко мавжуд.
Мукофот жамғармаси умумий ҳисобда 1 миллион евродан иборат бўлиб, мусобақа ғолиби 70 минг евро, 2-ўрин соҳиби 45 минг, 3-ўриндан жой олган шахматчи 25 минг еврога эга чиқади.
Эслатиб ўтамиз, Каруанани мағлуб этган ўзбекистонлик Синдоров 5-турда Накамура билан куч синашиши ҳақида хабар берган эдик.