Номзодлар турнири: ўзбекистонлик Синдоров Гирига қарши дона суради

TASHKENT. Kazinform — Турнинг марказий баҳси турнир жадвалида 9 очко билан пешқадамилик қилаётган ўзбекистонлик гроссмейстер Жавоҳир Синдоров ва 7 очко билан уни таъқиб этаётган нидерландиялик Аниш Гири ўртасида кечади, деб хабар беради UzA.

Синдоров
Фото: UzA

Бугунги баҳсда Жавоҳирнинг Гирига қарши қора доналарда ҳаракатланиши Синдоровга бир оз ноқулайлик туғдираётганини ҳисобга олсак, ўйин қайсидир маънода “дуранглар қироли” номи билан танилган Анишнинг ҳужумкорлигида ўтишини англатаётгандек.

Бироқ ўтган турларда Каруана, Прагнанандхаа, Накамуралардан мураккаб вазиятда устунликка эришган Жавоҳир бу гал ҳам Нидерландия вакилининг ожиз нуқтасини топиши мумкин.

Ушбу турда ўтадиган Вэй И — Андрей Есипенко, Хикару Накамура — Маттиас Блюбаум ва Фабиано Каруана — Прагнанандха “жанг”лари Номзодлар турнири ғолибини аниқлаш масаласига у қадар таъсир кўрсатмаса-да, мухлислар учун чинакам шахмат жозибасини тортиқ этиши тайин.

Номзодлар турнири аёллар мусобақасининг 12-тури якунларига кўра, россиялик Катерина Лагно, Александра Горячкина, ҳиндистонлик Дивья Дешмух ва хитойлик Тан Чжунъи совринли ўринларга даъвогарлик пойгасидан чиқиб кетган бўлса, бугун ўтадиган 13-турда турнир жадвалида 1-2 ҳамда 3-4-ўринларда ҳаракатланаётган ҳиндистонлик Вайшали Рамешбабу, хитойлик Чжу Цзинер, украиналик Анна Музичук, қозоғистонлик Бибисара Асаубаева иштирок этадиган мусобақалар эътибор марказидаги баҳслар бўлиши билан аҳамиятлидир.

Шу жиҳатдан, 13-турдаги Бибисара Асаубаева — Анна Музичук, Тан Чжунъи — Вайшали Рамешбабу, Чжу Цинер — Александра Горячкина қарама-қаршилигидаги ўйинлар етакчиликка интилаётганлар ўртасидаги кучли рақобатни вужудга келтириши шубҳасиз.

Мукофот жамғармаси 1 миллион евродан иборат Номзодлар турнирининг сўнгги 14 турида Жавоҳир Синдоров оқ доналарда хитойлик Вэй Ига қарши дона суради.

Эслатиб ўтамиз, ўзбекистонлик Жавоҳир Синдоров чемпион бўлиши мумкинлиги ҳақида хабар берган эдик.