Нигерияда вабо эпидемияси 8 кишининг ҳаётига зомин бўлди
ASTANA. Kazinform – Нигериянинг шимолий-ғарбидаги Замфара штати Буккуюм туманида вабо эпидемияси тарқалди ва камида саккиз киши вафот этди, деб хабар берди АЗЕРТАДЖ.

Хасталик 11 та қишлоқ аҳоли пунктларида 200 дан ортиқ одамга юққан. Бу ҳақда маҳаллий ҳокимият пайшанба куни маълум қилди.
Тиббий ёрдамнинг чеклангани ва хавфсизлик муаммоси вазиятни янада оғирлаштирмоқда.
Вабо – ифлос сув орқали юқадиган инфекция. Бу касаллик Нигерияда тез-тез учраб туради, чунки қишлоқ ҳудудлари ва шаҳар четидаги камбағал туманларда тоза ичимлик суви катта муаммо.
Эпидемия авж олган қишлоқлар орасида Насарава-Буркуллу, Гурусу ва Адабку бор. Бу ерларда аҳвол жиддий – дастлабки тиббий ёрдам етишмаслиги сабабли кўпгина беморлар уй шароитида даволанишга мажбур.
“Ҳозирги вақтда 21 киши касалхонага ётқизилган. Уч киши эса Насарава касалхонасига ўз вақтида етказилмагани учун вафот этди”, – деди Гурусу қишлоғи оқсоқоли Муҳаммад Джибчи Reuters агентлигига берган интервьюсида.
Маълумот учун, Замфара штатида қуролланган жиноий гуруҳлар тез-тез ҳужум қилади. Маҳаллий аҳоли уларни «қорақчилар» деб атайди. Сўнгги ойларда зўравонлик кўпайиб, деҳқончилик қилиш ва йўлда юриш аҳоли учун хавфли бўлиб қолган. Бу гуруҳлар қишлоқ аҳолиси ва йўлдаги йўловчиларни кўпинча ўғирлаб, улардан пул талаб қилади.
Шу муносабат билан Нигерия Парламенти депутати Сулейман Абубакар Гуми Замфара ҳокимияти ва халқаро нодавлат ташкилотларни тезкор чора кўришга чақирди.