Мўғулистон Буюк Давлат Хурали раиси Қозоғистонга расмий ташриф билан келди

ASTANА. Kazinform — Мўғулистон Буюк Давлат Хурали Раиси Дашзэгвийн Амарбаясгалан бошчилигидаги делегация Мажилисга келди. Мажилис раиси Ерлан Қошанов билан учрашувда томонлар парламентлараро алоқаларни мустаҳкамлаш масалаларини муҳокама қилди ва ҳамкорлик меморандумини имзолади. Бу ҳақда ҚР Парламенти Мажилиси матбуот хизмати хабар берди.

Амарбаясгалан ва Қошанов
Фото: Мажилиснинг матбуот хизмати

— Мамлакатларимиз ўртасидаги муносабатлар жадал ривожланмоқда. Президент Қасим-Жомарт Тоқаевнинг ўтган йилги Мўғулистонга давлат ташрифи жуда самарали бўлди. Давлат раҳбарларимиз шарофати билан икки томонлама муносабатларимиз стратегик шериклик даражасига кўтарилиб, турли соҳаларни қамраб олган 11 ҳужжат имзоланди. Бугун имзолайдиган парламентларимиз ўртасидаги ҳамкорлик меморандуми шериклигимизни янги босқичга кўтаради, деб ўйлайман, — деди Мажилис спикери.

Ўз навбатида, Буюк Давлат Хурули раиси рақамлаштириш, сунъий интеллектни ривожлантириш, экология, қишлоқ хўжалиги каби соҳаларда қонунчиликни ривожлантириш бўйича тажриба алмашишдан икки томон ҳам катта манфаатдор эканини таъкидлади.

Парламентлараро ҳамкорликни ривожлантириш ҳақида сўз юритар экан, томонлар дўстлик гуруҳлари фаолиятини кучайтириш ва тармоқ қўмиталари доирасида доимий мулоқотни рағбатлантиришга келишиб олдилар. Шунингдек, Парламентлараро иттифоқ ва ЕХҲТ Парламент Ассамблеяси каби кўп томонлама платформаларда ҳамкорликни давом эттириш масаласи ҳам кўтарилди. Парламент аъзолари туризм соҳасида ҳамкорликни мустаҳкамлаш, кадрлар тайёрлаш ва икки мамлакат иқтисодиёти учун технологияларни ишлаб чиқиш имкониятларини ҳам муҳокама қилдилар.

Учрашув якунлари бўйича томонлар Парламент Мажилси ва Буюк Давлат Хурали ўртасида ҳамкорлик меморандумини имзоладилар. Ҳужжатга кўра, томонлар ўз ваколатлари доирасида Қозоғистон Республикаси ва Мўғулистон ўртасидаги сиёсий, савдо-иқтисодий, илмий-техникавий, ижтимоий-маданий, гуманитар ва бошқа соҳаларда, шунингдек, иқтисодиётни рақамлаштириш, инновацияларни ривожлантириш ва жорий этишда ҳамкорликни мустаҳкамлаш ва ривожлантириш мажбуриятини оладилар. Шу билан бирга, Мажилисда Шарқий Қозоғистон вилояти ва Қобда (Ховд) аймоғи ўртасида қардошлик муносабатларини ўрнатиш тўғрисидаги меморандум имзоланди.

Эслатиб ўтамиз, Ерлан Қошанов Ўзбекистон Олий Мажлиси Сенати Раиси билан учрашган эди.

Сўнгги хабарлар