Мetaнинг смарт кўзойнаклардаги юзни таниш функциясига қаршиликлар кучаймоқда
ASTANА. Кazinform – 75 та инсон ҳуқуқлари ташкилотидан иборат коалиция Мetaни Ray-Ban smart glasses ва Oakley smart glasses қурилмаларида юзни танишни жорий этишдан воз кечишга чақирди.
Коалиция таркибига American Civil Liberties Union, Electronic Privacy Information Center, Access Now ва бошқа ташкилотлар киради.
Марк Цукербергга йўлланган мурожаатда улар ундан Name Tag деб номланган функцияни ишлаб чиқишни тўхтатишни талаб қилишди. Ушбу функция фойдаланувчининг кўриш соҳасидаги одамларни автоматик равишда таниб олиш учун сунъий интеллектдан фойдаланади.
Инсон ҳуқуқлари фаолларининг фикрига кўра, бундай технологиядан ҳимояланиш деярли имконсиз, чунки жамоат жойларида ҳар кимни сканерлаш мумкин.
Улар ушбу функциянинг потенциал хавфларига эътибор қаратиб, ундан сиёсий фаоллар, ҳукумат амалдорлари ва оддий фуқароларни жосуслик қилиш учун фойдаланиши мумкинлигини таъкидладилар.
– Ушбу технологиядан фойдаланадиган таъқибчилар ва фирибгарлар нафақат одамнинг исмини, балки унинг манзилини, оилавий ҳолатини, ижтимоий тармоқ саҳифаларини, иш жойини, даромадини, севимли машғулотларини, соғлиғи ҳолатини ва одатларини ҳам осонгина аниқлашлари мумкин. Бу — хавотирли ҳолат, — дейилади баёнотда.
Ташкилотлар Меtaдан юзни таниш функцияларини амалга оширишдан бутунлай воз кечишни, шунингдек, технологиялардан ноқонуний фойдаланиш ҳолатлари ҳақида очиқ маълумот беришни талаб қилишди.
Бундан ташқари, инсон ҳуқуқлари фаоллари биометрик ечимларни жорий этишдан олдин мустақил экспертларни жалб қилишга чақиришди.
Аввалроқ Меtа юқори талаб туфайли бутун дунё бўйлаб Ray-Ban Display смарт кўзойнаклари савдосини вақтинча тўхтатган эди. Ушбу қурилмалар суратга олиш, контентни жонли эфирда узатиш ва сунъий интеллект ёрдамчиси билан ўзаро алоқада бўлиш имконини беради.
Эслатиб ўтамиз, Meta фактларни текшириш тизимини ўзгартиради.