Меҳнаткаш инсоннинг нуфузини оширишга алоҳида эътибор қаратиш лозим – Олжас Бектенов
ASTANA. Kazinform – Ҳозирда меҳнат бозорини трансформация қилиш жараёни кетмоқда. Бу ҳақда Бугунги Ҳукумат йиғилишида ҚР Бош вазири Олжас Бектенов маълум қилди.

“Давлат раҳбари 2030 йилгача 3,3 миллион одамни, шу жумладан 2,3 миллион ёш фуқарони иш билан таъминлаш бўйича аниқ йўналиш ва мақсадларни белгилаб берди. Аҳолини бандлик билан таъминлаш масаласини комплекс равишда ҳал қилиш учун ҳозирги пайтда меҳнат бозорида трансформация жараёни кетмоқда. Мутахассисликлар мазмуни ўзгармоқда. Иқтисодиётдаги тузилмавий ўзгаришлар натижасида аввал мавжуд бўлган бир қатор касблар йўқолиб, янги касблар пайдо бўлмоқда. Давлат раҳбари эълон қилган «Ишчи касблари йили» доирасида меҳнаткаш инсоннинг нуфузини оширишга алоҳида эътибор қаратиш лозим. Улар замонавий талабларга жавоб бериши керак”, – деди Олжас Бектенов.
Шунингдек, у ҳозирги вақтда мамлакатда йирик логистика ва энергетика лойиҳалари амалга оширилаётганини таъкидлади. Турли соҳаларда рақамли ечимлар фаол жорий этилмоқда.
“Умуман олганда, комплекс чора-тадбирлар янги сифатли иш ўринларини яратиш имконини беради. Меҳнат вазирлиги ушбу ишлар юзасидан соҳавий вазирликлар ва ҳокимликлар билан доимий ҳамкорлик қилиб, зарур тезкор чораларни кўриши керак. Шу билан бирга, меҳнат бозоридаги ўзгаришларни тўлиқ ҳисобга олиб бориш лозим”, – деди Ҳукумат раҳбари.